ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ: СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБЛАРИ (4)

Кодексда солиқ органи қарорининг кўчирма нусхалари тегишли қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кун ичида солиқ органи томонидан ўзига нисбатан тегишли қарор чиқарилган шахсга ёки унинг вакилига топширилиши ҳамда солиқ органи қарорларини ижро этишнинг мазкур қоидалари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари бўлган жисмоний шахсга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.

Ўз навбатида, кодекснинг 163-моддасида шикоят қилинганда солиқ органлари қарорларини ижро этиш тартиблари белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра:

  • – агар солиқ текшируви натижаси бўйича қабул қилинган солиқ органи қарори устидан шикоят қилинганда, бундай қарор юқори турувчи солиқ органи томонидан бекор қилинмаган ва устидан шикоят қилинмаган қисми бўйича шикоят юзасидан юқори турувчи солиқ органи томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга кириши;
  • – агар шикоятни кўриб чиқадиган юқори турувчи солиқ органи қуйи солиқ органининг қарорини бекор қилса ва янги қарор қабул қилса, юқори турувчи солиқ органининг бундай қарори у қабул қилинган кундан эътиборан кучга кириши;
  • – агар юқори турувчи солиқ органи шикоятни кўриб чиқмасдан қолдирса, қуйи солиқ органининг қарори юқори турувчи солиқ органи томонидан ушбу шикоятни кўриб чиқмасдан қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан, лекин мазкур шикоятни бериш муддати тугамасдан кучга кириши белгиланган.

Хўш, Солиқ органларининг қарорларини ижро этиш тартиби қандай?

Қарор бўйича солиққа оид ҳуқуқбузарлик бўйича жавобгарликка тортилган шахсда эътирозлар бўлмаса, солиқ текшируви натижалари бўйича қарор у кучга кирган кундан эътиборан ижро этилиши лозим (164-модда).

Агар, қарор юзасидан шикоят бўлганда, шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилган тақдирда, ушбу юқори турувчи солиқ органининг кучга кирган қарори юқори турувчи солиқ органининг қарори кучга кирган кундан эътиборан уч кун ичида дастлабки қарор қабул қилган солиқ органига юборилади ва солиқ органи томонидан юқорида белгиланган тартибда ижро этилади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам солиққа оид ҳуқуқбузарлик бўйича солиқ органининг қарорини ижрога қаратиш ушбу қарорни қабул қилган солиқ органининг зиммасида бўлади.

Амалдаги Солиқ кодексида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш тартиб қоидалари ҳам белгиланган бўлиб, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг солиқ текшируви ёки солиқ назоратининг бошқа тадбирлари натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлардан далолат берувчи фактлар аниқланган тақдирда, солиқ органининг ҳуқуқбузарлик фактини аниқлаган мансабдор шахси ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан имзоланиши лозим бўлган далолатнома белгиланган шаклда солиққа оид ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан ўн кун давомида тузилади (165-модда).

Ушбу далолатномада солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг ҳужжатлар билан тасдиқланган фактлари, шунингдек ушбу фактларни аниқлаган мансабдор шахснинг аниқланган қоидабузарликни бартараф этишга доир хулоса ва таклифлари кўрсатилади.

Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 18 июнда 3247-сони билан рўйхатга олинган “Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда 2020 йил 30 июнда 3251-сони билан рўйхатдан ўтказилган “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг қарорларида далолатноманинг шакли ва уни тузишга доир талаблар белгиланган.

Далолатнома солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга имзо қўйдириб берилади ёки у олинган сана тўғрисида далолат берувчи бошқа усулда топширилади. Агар мазкур шахс далолатномани олишдан бош тортса, солиқ органининг мансабдор шахси далолатномага тегишли белги қўйиб, далолатномани ушбу шахсга почта орқали буюртма хат билан юборади. Мазкур далолатнома буюртма хат билан юборилган санадан бошлаб ҳисоблаганда бешинчи кун у топширилган сана деб ҳисобланади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахс далолатномада баён этилган ҳолатларга ёки солиққа оид ҳуқуқбузарликни аниқлаган мансабдор шахснинг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, далолатнома олинган кундан эътиборан ўн кун ичида далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим қоидалари юзасидан ёзма эътирозларини тегишли солиқ органига тақдим этиши мумкин.

Бунда мазкур шахс эътирозларининг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ёки уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини ёзма эътирозларига илова қилиши ёки келишилган муддатда солиқ органига топшириши мумкин.

Солиқ органининг раҳбари юқорида кўрсатилган муддат ўтганидан кейин солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари фактлари қайд этилган далолатномани, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни жавобгарликка тортилаётган шахс ёки унинг вакили иштирокида кўриб чиқади.

Бунда солиқ органи текширув далолатномаси кўриб чиқиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида солиқ тўловчини кўриб чиқиш бошланадиган кунга қадар камида икки иш куни олдин хабардор қилиши лозим.

Ўз навбатида, агар солиқ тўловчи солиқ органини узрли сабабларга кўра далолатноманинг кўриб чиқилишига келолмаслиги тўғрисида хабардор қилган бўлса, солиқ органининг раҳбари далолатномани кўриб чиқишни кўпи билан уч кун муддатга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилиб, солиқ тўловчини бу ҳақда хабардор қилиши шарт.

Лекин солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилаётган, тегишли тарзда хабардор қилинган шахснинг ёки унинг вакилининг келмаганлиги солиқ органи раҳбарини далолатномани ушбу шахснинг йўқлигида кўриб чиқишдан маҳрум этмайди, яъни кўриб чиқилиши мумкин.

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.