– АШЁВИЙ ҲУҚУҚ ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ПАЙДО БЎЛАДИ? УНИНГ ВАЗИФАСИ НИМА?

– Мулкий ҳуқуқлар тизимида мулк ҳуқуқи билан бир қаторда ашёвий ҳуқуқлар муҳим ўрин эгаллайди. Маълумки, мулкдор ҳар доим ўз мулкига нисбатан шахсан ўзи барча ваколатларни амалга ошириш имконига эга бўлавермайди.

Баъзи ҳолларда объектив сабабларга кўра масалан, давлат мулкини бошқаришда ёки мулкдорнинг вояга етмаганлиги, мулкни шахсан ўзи бошқариш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга эмаслиги ва бошқа сабаблар билан ўзга шахслар ихтиёрига вақтинчалик топширилиши мумкин. Ана шундай ҳолларда мулкдор бўлмаган шахс ўзгаларнинг мол-мулкига эгалик қилиши, фойдаланиши ва мулк эгаси рухсат берган доирада тасарруф қилиши ашёвий ҳуқуқлар орқали амалга оширилади. Шу сабабли, ашёвий ҳуқуқ мулкдорнинг розилиги билан унинг мол-мулкини бошқа шахслар томонидан эгаллаш, фойдаланиш тартибини белгиловчи ҳуқуқий воситалар сифатида тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра ашёвий ҳуқуқларнинг қуйидаги турлари мавжуд:

► хўжалик юритиш ҳуқуқи;

► оператив бошқариш ҳуқуқи;

► ижара ва мулкий ижара.

Хўжалик юритиш ҳуқуқи давлатга қарашли ташкилотларга нисбатан кенг қўлланилади. Фуқаролик кодексининг 176-моддасига кўра, хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ихтиёрида мол-мулк бўлган унитар корхона бу мол-мулкка Фуқаролик кодексида белгиланадиган доирада эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Буни унитар корхона мисолида кўриб ўтадиган бўлсак, аввало, унитар корхона дейилганда ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижорат ташкилоти тушунилади. Фуқаролик кодексининг 70-моддасига асосан, Унитар корхона мол-мулки бўлинмайди ва у қўшилган ҳиссалар (акциялар, улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан, корхона ходимлари ўртасида ҳам тақсимланиши мумкин эмас.

Хўжалик юритиш ҳуқуқида мулкий ҳуқуқлар ўзининг мазмунига кўра 2 қисмдан иборат бўлади:

I. Хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида корхонага бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдорнинг ҳуқуқлари. Фуқаролик ҳуқуқининг 177-моддаси 1 ва 2 қисмига асосан бу ҳуқуқлар қуйидагилардан иборат:

Қонунга мувофиқ корхона ташкил этиш;

    • корхона фаолият соҳасини ва мақсадларини аниқлаш;
    • корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш масаласини ҳал қилиш;
    • корхона директори ёки раҳбарини тайинлаш;
    • корхонага қарашли мол-мулкдан белгиланган мақсадларда фойдаланиши ва унинг сақлашини назорат қилиш;
    • хўжалик юритишда мол-мулкни ишлатишдан келган фойданинг бир қисмини ўзига олиш.

Мулк эгасининг мазкур ҳуқуқлари бир пайтнинг ўзида хўжалик юритиш корхонасининг мажбуриятлари бўлиб ҳисобланади. Унга асосан корхона хўжалик юритиш асосида ўзига бириктирилган кўчмас мулкни мулк эгасининг розилигисиз сотиши, ижарага бериши, гаровга қўйиши, хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг низом жамғармасига ҳисса, улуш сифатида топшириши ёки уни бошқача усулда тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

II. Хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида мол-мулк бириктирилган корхона бу мол-мулкка нисбатан юқорида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқарида бўлган ҳуқуқ ва ваколатларни амалга оширишга ҳақли. У корхонага қарашли мол-мулкни қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари мустақил тарзда тасарруф этади.

Хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида иш олиб борувчи корхона раҳбарияти мулкдор ёки у вакил қилган орган томонидан тайинланади ва уларнинг олдида ҳисоб беради.

Оператив бошқариш ҳуқуқи мазмуни Фуқаролик кодексининг 176-моддасида белгиланган бўлиб унга асосан давлат корхонаси, шунингдек, муассасаси ўзларига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан қонунда белгилаб қўйилган доирада, ўз фаолиятининг мақсадларига, мулкдорнинг топшириқларига ҳамда мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларини амалга оширадилар.

Давлат корхонаси ёки муассасасига бириктириб қўйилган мол-мулкнинг эгаси ортиқча фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган мол-мулкни олиб қўйиш ҳамда уни ўзи хоҳлаган тарзда тасарруф этишга ҳақли.

Оператив бошқарув ҳуқуқидан фойдаланувчи муассаса ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкни ва тақсимот бўйича унга ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни ўзга шахсга беришга ёки бошқача усул билан тасарруф этишга ҳақли эмас. Агар таъсис ҳужжатларига мувофиқ муассасага фойда келтирадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилган бўлса, бундай фаолиятдан олинган киримлар унинг ҳисобидан сотиб олинган мол-мулк муассасанинг мустақил тасарруфига ўтади ва алоҳида балансда ҳисобда олиб борилади. Масалан, давлатга қарашли олийгоҳ кафедрасида шартнома асосида тадқиқотлар ўтказилиб, ишлаб топилган маблағлар айнан шундай тасарруф қилинади.

Давлат корхонаси ўзига бириктириб қўйилган мол-мулк эгасининг (давлатнинг ва унинг вакиллари бўлган маҳаллий ижро идораларининг) розилиги билангина ўзга шахсга беришга ёки уни бошқача усулда тасарруф қилишга ҳақли. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлса, давлат корхонаси ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни мустақил тарзда реализация қилади. Давлат корхонасининг киримларини тақсимлаш тартиби унинг мол-мулки мулкдори томонидан белгиланади.

Хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки бўлмаса оператив бошқариш ҳуқуқининг юзага келиши ва бекор бўлиши масаласига тўхталишдан аввал шуни айтиш керакки, унитар корхонага ёки муассасага ўз мол-мулкини хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйиш ҳақидаги қарор бириктириб қўйиладиган мулк эгаси томонидан қабул қилинади. Бироқ ашёвий ҳуқуқнинг юзага келиши учун шундай қарорни қабул қилиш етарли эмас. Тўлиқ хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи бириктириб қўйиладиган мол-мулк агар қонунчиликда ёки бўлмаса мулкдорнинг қарорида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, мулк эгаси томонидан унитар корхона ёки муассасага топширилган пайтдан бошлаб ҳуқуқ юзага келган ҳисобланади.

Хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки бўлмаса оператив бошқаришда бўлган мол-мулкдан фойдаланишдан олинган фойда, ҳосил ва маҳсулотлар, шунингдек, унитар корхона ёки муассаса шартномага кўра ёхуд бошқа асосларда олган мол-мулк қонунда белгиланган тартибда корхона муассасасининг хўжалик юритишига ёки оператив бошқарувига ўтади.

Хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида корхона ёки бўлмаса муассасага бириктириб қўйилган мол-мулк миқдорининг қарори билан корхона ёки муассасанинг мол-мулки қонуний равишда олиб қўйилган ҳолатларда бекор бўлади. Айни пайтда хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи мулк ҳуқуқининг бекор бўлиши қонуний асослари юзага келган ҳолларда бекор бўлиши мумкин.

Мулкий мажмуа сифатида давлат ташкилотида бўлган мулк ҳуқуқи давлат мол-мулкини ўзга мулкдорга ўтган вақтда бундай ташкилот ўзига қарашли мулкка хўжалик юритиш ҳуқуқини ҳам ўзида сақлаб қолади. Оператив бошқарув ҳуқуқига эга бўлган муассаса ёки корхонага мулк ҳуқуқи ўзга шахсга ўтган пайтида ушбу муассаса ва корхона ўзига бириктириб қўйилган молмулкнинг оператив бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Саволга юридик фанлари номзоди, доцент Жаҳонгир ИБОДУЛЛАЕВ жавоб берди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.