КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРГАН ИҚТИСОДИЙ ИНҚИРОЗ 10 ЙИЛЛАБ ДАВОМ ЭТИШИ МУМКИН

Коронавирус эпидемияси дунё иқтисодиётига Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбасидек таъсир қилди. Мана шу синовли даврда ингичка узилди, йўғон чўзилди. Атом бомбасининг зарари, қусури йиллаб давом этгани каби, ушбу пандемиянинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги асорати ҳам ҳали йиллаб сақланиб қолиши шубҳасиз.

Хўш, мазкур коронаинқироз Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади, ушбу вазиятдан юмшоқ ўтишнинг имкони борми? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида АҚШнинг Висконсин университети докторанти, Вейнарт ишбилармонлик маркази тадқиқотчиси, иқтисодчи Беҳзод ҲОШИМОВ билан суҳбатда бўлдик.

– Коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга иқтисодий таъсири ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Ўзбекистонда, биринчи етти ойда, ўтган йилга қараганда 2742 та кўп одам ҳаётдан кўз юмибди. Кўп ривожланаётган мамлакатларда COVID-19‘ни таъсирини ўлчашда айнан “ортиқча ўлимлар” сонига қаралмоқда. 2020 йилда бошқа йиллардагидан кўра анча кўп одам ҳаётдан бевақт кўз юмган. Яна бир нарса, охирги беш йилда ўлимлар сони камайиб бораётган эди, шунинг учун “ортиқча ўлим бўйича” ҳисобласак шуни эсдан чиқармаслигимиз керак.

Июль ойининг бошларида БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида ҳисоботи чиқди ва унга кўра мана шу ҳисоботда коронавирус пандемияси дунёда очарчилик пандемиясига олиб келиш хавфи айтилмоқда.

Ўзбекистонда иқтисодий инқироз бўлиши муқаррар. Яъни коронавирус пандемиясидан олдин Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш кўрсатгичи, 2020 йилда 5-6 фоиз бўлиши керак, деб илмий тахмин қилинган бўлса, жорий йилнинг май ойидаги халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботида Ўзбекистоннинг ўсиш суръати 1,5 фоизни ташкил қилган. Яъни кутилган натижадан 4,5 фоиз кам, 1,5 фоиз ўсиш – бу киши бошига ўсиш борасида ҳисобланса жуда кам. Бу ҳолат жорий йилда киши бошига иқтисодий ўсиш кузатилмаслигини англатади. Октябрь ойида Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки(EBRD)нинг ҳисоб-китобларига кўра, бу йил Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 2 фоизни, кейинги йили эса 5 фоизни ташкил қилиши тахмин қилинмоқда.

Яна бир муаммо шундаки дунё иқтисодиёти ўзининг коронаинқироздан олдинги даражасига келиб олиш учун, агар вакцина яқин орада топилади, дея тахмин қилсак, тахминан 2-3 йил талаб этилади. Яъни бизда нафақат ўзимизнинг муаммолар, балки дунё иқтисодиёти секинлашуви натижаси ҳам иқтисодиётимизга салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда уникал муаммолар ҳам бор. Ўзбекистоннинг аксарият меҳнат кучи расмий жойларда ишламайди. Яъни 18 ёшдан юқори ва 60 ёшгача бўлган 19 миллион меҳнатга лаёқатли инсонларнинг ичида атиги 5,5 миллиони қачондир статистикага киритилган. Биз 13,5 миллион ишчиларни қандай фаолият билан шуғулланишини, қандай оила тебратишини билмаймиз. Катта эҳтимол билан коронаинқироз пайтида ҳамма уйида ўтиргани боис ўша 13,5 миллион меҳнатга лаёқатли одамлар ўз даромадидан ажраб қолди. Бу уларнинг ҳаёти учун ҳам, келажак учун ҳам хавфли. Одамлар рўзғор тебратиш учун барибир кўчага чиқишга мажбур. Шу боис уларни карантин қоидаларига риоя қилиши анча қийин ўтмоқда. Бу эса ўз-ўзидан ўлимлар сони ва йўқотишлар сонини ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Инсон ўта “камбағаллик қопқони”га тушиб қолса, кейинчалик бу жараёндан пул билан ҳам чиқиши даргумон.

Яъни бу камбағаллик одамнинг маънавияти, маданияти ва бошқа жабҳаларига ҳам таъсир қилади. Ҳиндистон, Камбоджа каби давлатларни олайлик. Уларнинг болалари мактабга бориши 100 фоиз эмас, шу билан бирга бошқа жамиятнинг ижтимоий жараёнларида фаол қатнаша олишмайди. Ўзбекистонда ҳам мана шу хатар бор. Фуқароларни ўта камбағаллик кўрсаткичига тушиб қолишига йўл қўйилса, бу жараёндан бир-икки авлод таъсирисиз чиқиб кета олмайди. Ҳатто пул билан ҳам чиқиб кета олмайди.

Юксалиш умуммиллий ҳаракатининг 2020 йил 10 июлдаги ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш ишлари учун 6,13 миллиард доллар ажратилган. Бу тахминан 62 триллион сўм бўлади. Лекин аксарият пул юридик шахсларга берилди. Оддий аҳолига берилмади, бунинг сабаблари кўп. Лекин мен ўйлайманки, Ўзбекистон ҳали ҳам бўлса фуқароларига пул тарқатиши лозим. Яъни уларнинг ичида кунлик пул топиб сарфлайдиганлари мажбур бўлади жамоат жойларида юришга, ўрнатилган карантин чораларини бузишга. Уларни бу борада бирдек айбдор санаш ҳам нотўғри. Чунки уларнинг олдида икки танлов қолади. Яъни таваккал қилиб ишга чиқиб эҳтимолий касалликни юқтириб олиш ёки бугун ишга чиқмай уйида оч қолиш.

– Демак, Ўзбекистонда камбағаллар сони яна ҳам ортадими?

– Ҳа, шундай бўлиш эҳтимоли юқори. Ўзбекистонда Собиқ иттифоқ даврида, яъни 1989 йилдаги маълумотларга кўра, аҳолининг 43,6 фоизи камбағал бўлган. Ўша статистикада камбағаллик чизиғи уй хўжалиги даромади 75 рублдан пастроқ даражада белгиланган.

Даромадлар тенгсизлиги ва глобаллашувга ихтисослашган сербиялик – Америка иқтисодчиси, Нью-Йорк шаҳар университети профессори Бранко Милановичнинг тадқиқотларига қарасангиз, бу рақамлар сал бошқачароқ. У ўз ҳисобларида камбағаллик даражасини киши бошига ойига 120 халқаро доллар даражасида белгилаган. Агар шу рақамлар тўғри бўлса, унда Ўзбекистондаги 1988 йилдаги камбағаллик даражаси 24 фоиз ва 1993-1995 йилларда эса бу кўрсаткич 63 фоизни ташкил қилган.

Шундан сўнг, камбағаллик даражаси яна уч марта ўлчанган. Ушбу статистикаларга кўра, Ўзбекистонда 2000 йилда камбағаллик даражаси 62 фоизни, 2002 йил 58 фоизни, 2003 йил 62,1 фоизни ташкил қилган. Қизиғи, 1993 йилдан 2003 йилгача Ўзбекистонда камбағаллик деярли камаймаган, яъни 63 фоиздан 62.1 фоизга тушган, холос. Ўзбекистонда микро даражада камбағаллик 2003 йилдан ўлчанмаган, Жаҳон банкининг яқиндаги сўровномасига кўра, бизда камбағаллар сони 27,1 фоизни ташкил этади. Лекин методологик нуқтаи назарда, 2019 йилдаги сўровнома бир хил бўлмагани учун солиштирув қила олмаймиз.

Камбағалликка қарши курашиш нуқтаи назаридан олиб қаралганида, тўғри, тан олиш лозим Ўзбекистон АҚШ эмас, Швейцария эмас ресурсларимиз чекланган. Айнан шу сабабга кўра чекланган миқдорда пул бериши мумкин. Дейлик, Ўзбекистон ҳукумати 100 доллардан 10 миллион кишига пул берса, бу – 1 миллиард доллар пул бўлади. Бу яъни Ўзбекистон коронавирус оқибатини бартараф этиш учун сарфлаган маблағининг олтидан бири дегани. Шу нуқтаи назардан ҳали ҳам пул тарқатилиши лозим. Пул тарқатилмаса, албатта, вазият чигаллашади.

Дейлик, бир маҳсулотнинг нархи 100 минг сўм эди. У ўтган ой 10 фоизга пастлаб, 90 минг сўм бўлди. Бироқ бу ой яна нархи 10 фоизга кўтарилди. Аммо бу 100 минг сўм бўлди дегани эмас. Аслида қиймат 99 минг сўмга тенг бўлади. Худди шунақа, иқтисодий инқироз пайтида мамлакат иқтисоди пастга тушса, кейин яна худди шунақа фоизда ўсадиган бўлса, рақамлар эски кўрсаткичга қайтгани билан қиймат чизиғи салбий ҳолатда қолаверади. Мана шу мантиқ инқирозларда ишлайди. Агар дунё иқтисодиётини 100 йиллигини қарасангиз ривожланган ва ривожланмаган давлатлар орасида фарқ нимадаки, қайси давлатлар иқтисодий инқироздан осонроқ ўта олган. 2008 йилни қарасак АҚШ тез чиқиб кетди. Россия ҳам тез чиқиб кетди, лекин Жанубий Европадаги баъзи мамлакатлар 2008 йилдаги инқироздан 2018 йилда чиқиб кетишди. Яъни улар 10 йил курашиб зўрға 2007 йилдаги иқтисодий ҳолатини тиклай олишди, холос. Биз ҳам 2019 йилдаги киши бошига ЯИМ 1500 доллар ҳолатимизга қайта тикланиб олишимиз учун кескин, тўғри ва тез чораларни кўришимиз зарур бўлди. Яъни баъзи нарсалар вақтида қилинмаса, кейин катта маблағ сарфлаб ҳам ўзига келтириб бўлмайди. Жумладан, камбағаллик қопқонига илиниб, 1 авлод қийналадиган вазиятга тушиб қолмаслигимиз керак. Тасаввур қилинг, биз бу инқироздан 10 йилдан кейин чиқиб кетадиган бўлсак, 6 ёшли бола 16 ёшга тўлади. Яъни ёш умрини инқирозда яшаб ўтказган бўлади. Коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга иқтисодий таъсирини айни дамда буткул йўқотиб бўлмайди, фақатгина унинг салбий таъсирини юмшатиш мумкин, холос.

– Мазкур иқтисодий инқироз ҳолатидан силлиқ, имкон қадар кам талафотлар билан чиқишнинг имкони борми?

– Коронавирус пандемияси иқтисодий асоратлари бир йиллик ёки қисқа муддатли эмас. Коронавирус дунё иқтисодиётига таъсири ҳақида кўп ёзилди. Вирус натижасида дунё иқтисодиёти рецессияга дуч келиши эҳтимоли катталиги ҳақида ҳам айтилди.

Энди Ўзбекистонга келсак, табиийки, карантин ва вирусни олдини олиш учун қилинган саъй-ҳаракатлар иқтисодий фаолиятга катта салбий таъсирини ўтказди ва ўтказмоқда. Бунинг устига Россиядан (ва бошқа мамлакатлардан) келадиган пул ўтказмалари ҳам қисқариши кузатилди. Бунинг ҳаммаси иқтисодиётимизга таъсир қилмоқда.

Инқироз билан курашиш учун ҳеч қандай монетар чоралар ёрдам бермаслиги тўғрисида кўп гапирганман. Яъни фақат фискал чоралар кўрилиши лозим.

Хусусан, фискал ёрдамни юридик шахсларга ёки давлат корхоналарига эмас, балки кам таъминланган оилаларга тарқатиш кераклиги борасида бот-бот таъкидлагандим. Аммо афсуски мен қўрққан ҳолат содир бўлди. Ҳукумат давлат ташкилотларини бўлажак инқироз ҳолатидан чиқариш мақсадида пул ва имтиёзлар ажратди. Уларга молиявий ёрдам кўрсатди. Бунинг натижасида энди иқтисодимиз инқироздан тез чиқиб кета олмайди. Бу ҳолат аста-секинлик билан амалга ошади.

Масалан, агарда камида бир ойлик ўртача пулни нақд қилиб иложи борича кўп инсонларга берилганда эди. Пул дарров реал иқтисодиётга кирарди ва тезроқ инқироздан чиқиш ҳолати содир бўларди.

Бу жараёнда кам таъминланган инсонлар инқирознинг энг заиф гуруҳи ҳисобланишади. Кам таъминланган инсонлар вақтинчалик инқирозни чидаб ўтишга деярли маблағи ва жамғармалари бўлмайди, бу дегани бизнес цикл секинлашса улар биринчи бўлиб ишсиз қолади ва турмуш тарзлари оғирлашади.

Хуллас, инқироздан чиқиш учун ҳам макроиқтисодий, ҳам умуминсоний нуқтаи назардан фискал чоралар билан аҳолига ёрдам кўрсатилиши керак эди.

– Сизнингча Ўзбекистоннинг бозорлари қай даражада эркин?

– Иқтисодчилар, албатта, бозорлар эркинлашувининг тарафдори. Бозорлар эркинлиги ёки эркин бозор албатта бойлик ва фаровонликка олиб келади. Эркин бўлмаган бозор эса қашшоқлик ва камбағалликка олиб келади.

Лекин бозорлар эркинлигида бир нюанс бор, мамлакатда бозорлар эркинлиги, бевосита ўша ердаги одамлар эркинлигига боғлиқ.

Эркин бозорлари бўлмаган мамлакатларнинг барчасида аслида инсонлар эркин эмас. Бозор эса шу эрксизликни акс эттирувчи ойна.

Иқтисодиёт фан сифатида пул ёки бозорларни ўрганадиган фан эмас, иқтисодиёт инсонлар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганадиган фан.

Шунинг учун ҳам иқтисодий ислоҳотлар инсоннинг эркинлигини таъминлашга қаратилмаса, ҳеч қачон бойлик ва фаровонликка олиб келмайди.

Ўзбекистонда қандай иқтисодий тизим ҳукм топганлиги ҳақида фикр юритиш қийин, чунки биз бозор иқтисодиётига ўтмаганлигимиз аён: деярли барча муҳим иқтисодиёт тармоқлари, молиядан тортиб қурилишгача, транспортдан тортиб туризмгача, таълимдан тортиб соғлиқни сақлашгача, телекоммуникациялардан тортиб энергетикагача, қишлоқ хўжалигидан саноатгача давлат ёки давлат назоратидаги секторга тегишли.

Бу дегани, иқтисодиётнинг катта қисми бозор қонунлари билан эмас, марказлашган режа асосида фаолият олиб боради. Қарорлар, хатти-ҳаракатлар ва нарх бозор томонидан белгиланмайди. Муҳими, ресурсларнинг тақсимланиши бозор орқали содир этилмайди. Қисқаси, биз бозор иқтисодиётига ҳали ўтмаганмиз.

Бошқа тарафдан, бир хил тармоқларда режа эмас, реал нарх кўп нарсани белгилайди. Масалан, савдо-сотиқ, овқатланиш, такси хизматлари, реклама, маиший хизматлар соҳаларида, нархни давлат белгиламайди, ҳажмларни ҳам давлат белгиламайди. Қаерда давлат йўқлигини билмоқчи бўлсангиз, ўша соҳадаги давлат вазирлиги ёки агентлиги ёки бошқа бир идораси йўқлигини билишингиз кифоя. Масалан, Собиқ Иттифоқда бўлгани каби “Ресторанлар вазирлиги” йўқ, лекин Олий таълим вазирлиги, Алоқа вазирлиги ёки Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳалиям бор.

Хуллас, бир томондан деярли режалаштирилган иқтисод ва асосий иқтисодиётнинг қисми ҳали бозорда эмас. Иккинчи томондан, тадбиркорлик қонунан тақиқланмаган ва айтилган бир икки соҳаларда тадбиркорлик қилиш ҳали ноқонуний эмас, лекин айтилган соҳалардан бошқа соҳаларда тадбиркорлик қилишга ҳам формал, ҳам ноформал барьерлар бор.

Бу тизимни “давлат капитализми” ёки “тижорийлашган социализм” дейишади. Бундай тизимларнинг асосий ишлаш тартиби шундаки, иқтисодиётда асосий тақсимлаш функцияси бозорга берилмайди, лекин баъзи ресурсларни тақсимланишга бозорга рухсат берилади. Собиқ Иттифоқнинг охирги йилларида ва Шарқий Европада 85-йиллардан кейин шундай тизимлар кузатилган.

Бозор бирор нарсани тақсимласа, уни етишмовчилиги кузатилмайди, лекин марказлашган идора тақсимласа, албатта, етишмовчилик юзага келади.

Оддий мисол, бизда овқатхоналарга киришда ёки пайпоқ сотиб олишда навбат йўқ, танқислик сезилмайди, чунки бозор тақсимлайди. Лекин ОТМларда ёки шифохоналарда танқислик ва коррупция бор, чунки ўша хизматларни давлат тақсимлайди. Худди шундай нима учун бизда электр энергияси ўчади ёки бир хил жойларда электр энергияси ва газ йўқ десангиз, жавоби оддий: электр энергияни давлат тақсимлайди.

Ёши катталардан сўраб кўринг. Бундан 30 йил олдин, ресторанларга ҳатто пайпоқ харид қилиш учун ҳам навбатда туришар эди. Чунки 30 йил олдин, ресторанлар ва пайпоқ сотиш ҳам давлатнинг қўлида эди. Ёшлар ҳам яхши эслашади, бундан 3 йил олдин, мамлакатимизда АҚШ долларини давлат тақсимлар эди, шунинг учун ҳам долларни қонуний сотиб олиш учун навбатлар ва коррупция бор эди.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.