ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ: СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБЛАРИ (3)

Ўзига нисбатан таъминлаш чораларини кўриш тўғрисида қарор чиқарилган шахснинг илтимосида назарда тутилган таъминлаш чораларига қуйидагилар киради:

► банкнинг жавобгарликка тортиш ва (ёки) солиқларни қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган солиқ қарзи суммасини ўзига нисбатан шундай қарор чиқарилган шахс ушбу суммаларни тўламаган тақдирда солиқ органи томонидан белгиланган муддатда тўлашга розилигини тасдиқловчи банк кафолати;

► қимматли қоғозларнинг уюшган бозорида муомалада бўлган қимматли қоғозларнинг гаров, шунингдек расмийлаштирилган бошқа мол-мулкнинг гарови;

► расмийлаштирилган учинчи шахснинг кафиллиги.

Таъкидлаш жоизки, кодексда, солиқ тўловчи солиқ текшируви натижалари бўйича қарор асосида бюджетга тўланиши лозим бўлган суммага доир амалдаги банк кафолати тақдим этган тақдирда, солиқ органи бу солиқ тўловчига таъминлаш чорасини алмаштириши шарт бўлади.

Лекин солиқ органининг розилигисиз мол-мулкни бошқа шахснинг ихтиёрига ўтказишга (гаровга қўйишга) доир тақиқ ва банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш таъминлаш чоралари бўлади.

Ўз навбатида, қуйидагиларга нисбатан бошқа шахснинг ихтиёрига ўтказишга (гаровга қўйишга) доир тақиқ зудлик билан амалга оширилиши лозим:

► кўчмас мол-мулкка, шу жумладан маҳсулотларни ишлаб чиқаришда (хизматларни кўрсатишда) иштирок этмайдиган мол-мулкка;

► транспорт воситаларига, қимматли қоғозларга, хизмат хоналарининг дизайн буюмларига;

► тайёр маҳсулот, хом-ашё ва материаллардан ташқари бошқа мол-мулкка;

► тайёр маҳсулотга, хом-ашё ва материалларга.

Қайд этиш лозимки, солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича қарор асосида тўланиши лозим бўлган солиқ қарзининг умумий суммасидан олдинги гуруҳлардаги мол-мулкнинг қиймати кам бўлган тақдирда, ҳар бир навбатдаги гуруҳнинг мол-мулкини бошқа шахс ихтиёрига ўтказишга (гаровга қўйишга) доир тақиқ қўлланилади ва бунда мол-мулкнинг қиймати бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича белгиланади.

Шу билан бирга, банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш бўйича таъминлаш чоралари тартибида фақат мол-мулкни бошқа шахс ихтиёрига ўтказишга (гаровга қўйишга) доир тақиқ қўйилганидан кейин ва фақат агар бундай мол-мулкнинг жами қиймати солиқ қарзининг умумий суммасидан кам бўлган тақдирда қўлланилади.

Шунингдек, кодексда таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги қарорни ва уни бекор қилиш ҳақидаги қарорнинг кўчирма нусхалари улар чиқарилган кундан эътиборан беш кун ичида ўзига нисбатан мазкур қарорлар чиқарилган шахсга ёки вакилига имзо билан берилиши ёки олинган сана тўғрисида бошқача усулда топширилиши, агар қарорнинг кўчирма нусхаси почта орқали буюртма хат билан юборилганда буюртма хат юборилган санадан эътиборан беш кун ўтгач олинган деб ҳисобланиши қайд этилган.

Солиқ кодексининг 162-моддасида, солиқ органлари қарорларини ижро этишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланиб, қайси ҳуқуқбузарликлар учун жисмоний шахс ёки юридик шахснинг мансабдор шахси маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим бўлса, солиқ органи томонидан аниқланган шундай қоидабузарликлар юзасидан солиқ органининг сайёр солиқ текширувини ёки солиқ аудитини ўтказган мансабдор шахси ўз ваколати доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиши, ушбу ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш ҳамда айбдор бўлган жисмоний шахсларга ва юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунга мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.

Агар солиқ органи жисмоний шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан кейин материалларни прокуратура органига юборган бўлса, ушбу солиқ органи шу жисмоний шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор ижросини тўхтатиб туриши шарт.

Ўз навбатида, ҳужжатларни прокуратура органларига юбориш билан бир вақтнинг ўзида ушбу жисмоний шахсдан солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги қарорнинг ижроси тўхтатилиб, тўхтатиб туриш солиқ органи раҳбарининг қарори билан материаллар прокуратура органларига юборилган кундан кейинги кундан кечиктирмай амалга оширилади. Бунда Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ қарзини ундириш муддатларининг ўтиши ушбу солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги қарорнинг ижросини тўхтатиб туриш даврига тўхтатиб турилиши мумкин.

Агар прокуратура органларига юборилган материаллар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарор чиқариладиган бўлса, солиқ органининг тўхтатиб турилган қарорларининг амал қилиши қайта тикланади ва қарорнинг амал қилишини қайта тиклаш солиқ органи раҳбарининг қарори билан прокуратура органларидан ушбу фактлар тўғрисида билдиришнома олинган кундан кейинги кундан кечиктирмай амалга оширилади. Агар тегишли жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқариладиган бўлса, худди шундай қоида қўлланилади.

Агар жисмоний шахснинг уни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳаракатлари ушбу жисмоний шахсга нисбатан айблов ҳукмини чиқариш учун асос бўлган бўлса, солиқ органи қабул қилинган қарорни ушбу жисмоний шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш қисми бўйича бекор қилади.

Ўз навбатида, кодексда солиқ органидан материаллар олган прокуратура органлари солиқ органларига тегишли қарор қабул қилинган кундан кейинги кундан кечиктирмай уларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги билдиришномани юбориши шартлиги белгилаб қўйилган.

(Давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.