РОССИЯДА БЕФАРЗАНДЛИК УЧУН СОЛИҚ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ(МИ?)

“Ягона Россия” фракцияси аъзоси, Москва шаҳри давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи органидан Федерация Кенгашининг аъзоси, Федерация Кенгашининг ижтимоий сиёсат қўмитаси раиси Инна Святенко ва россиялик сиёсатчи, “Ягона Россия” партияси Олий Кенгаши аъзоси Валерий Рязанский Россия бизнес канали – “РБК” телеканалига берган интервьюсида Россияда бефарзандлик учун солиқ жорий этишни таклиф қилди.

НЕГА БУ ТАКЛИФ ЎРТАГА ТАШЛАНДИ?

Мазкур таклифнинг ўртага ташланишига асосий сабаблардан бири, Россия туғилиш ва аҳоли сонини барқарорлаштира олмаётганлигида. Туғиш ёшидаги аёллар етарли эмас, дея шикоят қилмоқда расмийлар. Демография бир неча ўн йиллар давомида пасайиб борувчи эгри чизиқ бўйлаб ривожланиб келмоқда. Агар тенденция бузилмаса, аср охирига қадар мамлакатда аҳолининг фақат ярми қолади, дея огоҳлантирмоқда мутахассислар. Туғилиш даражаси анча сезиларли даражада камайди – йиллик ҳисобда 6,1 фоизга (449,2 минг киши туғилган) ва шу билан табиий пасайиш 160,3 минг кишини ташкил қилган. Бир йил олдин, ушбу даврда пасайиш кузатилган, аммо бу кўрсаткич ҳозир юқори нуқтага етган. Федерал давлат статистика хизматининг хабарига кўра, 2020 йилнинг 13 октябрь ҳолатига COVID-19 дан Россияда 22,966 киши вафот этган. Бу ҳам бевосита демографик ўсиш суръатига салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Россия Федерациясида аҳоли сонининг табиий пасайиши 2016 йилдан бери кузатилмоқда (бундан олдин уч йил давомида ўсиш кузатилган). 2019 йилда аҳоли сонининг табиий пасайиши 316,2 минг кишини ташкил қилган. Бу 2018 йилги кўрсаткичдан 93 минг кишига кўп бўлса ҳам умумий аҳоли сони билан солиштирилганда жуда кам деб баҳоланмоқда. Яъни Федерал давлат статистика хизмати маълумотларига кўра, Россия аҳолиси 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра 146,7 миллион кишини ташкил этган бўлиб, 2019 йилда 30,4 минг кишига ёки 0,02 фоизга камайган.

Расмийлар демография билан боғлиқ муаммоларни Президент Владимир Путиннинг 2018 йил майдаги фармонида бошқалар қаторида тасдиқланган “Демография” миллий режаси ёрдамида ҳал қилишни режалаштирмоқда. Бироқ экспертлар унда кўрсатилган кўрсатмалар амалиётга тўғри келмаслигини таъкидлашмоқда.

Хусусан, Демография, миграция ва минтақавий ривожланиш институти Кузатув кенгаши раиси Юрий Крупнов “Демография” миллий лойиҳасида кўрсатилган мақсадлар Федерал давлат статистика хизмати маълумотларига бевосита зид эканлигини келтириб ўтган. Россия миллий демографик лойиҳасига кўра, 2024 йилгача туғилиш даражасини минусдан плюсга олиб чиқиш кўзда тутилган бўлиб, 2020-2021 йилларда ижобий ўсишни қайд этиш, 2022 ва 2023 йилларда ижобий ўсиш суратини янада ошириш кўзда тутилган.

Аммо Федерал давлат статистика хизмати маълумотига кўра, аҳолининг камайиш тенденцияси камида 2020 йилнинг охиригача давом этади ва 2023 йилда пессимистик сценарий бўйича 724,6 минг кишига етади. Жумладан, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги раҳбари Максим Топилин Россияда туғилиш коэффициенти 2032 йилга ёки 2035 йилга келиб 28 фоизга камайиб кетишини маълум қилмоқда.

СЕНАТОРЛАР БУ ТАКЛИФНИ КЕСКИН ТАНҚИД ҚИЛИШДИ

Мазкур эски солиқчилик тизимининг янгича талқинини биринчи бўлиб, “Оналар кенгаши” жамоат ташкилотининг раиси Татьяна Буцкая эълон қилган. Сўнгра бу таклиф россиялик сиёсатчилар Инна Святенко ва Валерий Рязанскийлар томонидан ёқлаб чиқилган.

Улар ушбу тадбир “улкан демографик тешик” ва миграция ўсиши сабабли зарурлигини таъкидлаб, бефарзандлик учун 500 рубль миқдорида солиқ жорий этишни таклиф қилган.

Бироқ сенаторлар бу таклифни кескин танқид қилишди. Святенко Буцкаянинг таклифи демографик вазиятнинг яхшиланишига олиб келмаслигини тахмин қилиб: “Фарзанди бор ва ҳали бўлмаган оила учун нима муҳим? Барқарорлик ва келажакка бўлган ишонч”, дейди Святенко. Парламент аъзоси аллақачон самарадорлигини кўрсатган воситаларни ишлаб чиқишни таклиф қилди. “Менимча, бу ғайритабиий ташаббус, қолаверса, Конституцияга ҳам зиддир. Бу инсонни танлаш ҳуқуқидир”, дея қўшимча қилган Рязанский “РИА Новости”га берган изоҳида. Бундан ташқари, у таъкидлаганидек, “солиқ хизматидаги одам нега фарзандсизлигини исботлаши шарт эмас”. Рязанский қонун чиқарувчилар фарзандсизлик учун солиқ тўлаш таклифини қўллаб-қувватламаслигини таклиф қилди. Ўз навбатида, Молия вазирлиги ҳозир бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаётганини билдирган.

БУ ЯНГИЛИК ЭМАС, АММО…

Дарҳақиқат, Россияда фарзандсизликка солиқ солиш биринчи марта эмас. Ва бу амалиёт Совет иттифоқи даврида ҳам мавжуд эди. Хусусан, бу фармон Собиқ иттифоқ Олий Кенгаши Президиумининг 1941 йил ноябрдаги “Собиқ иттифоқ бакалаврлари, ёлғиз ва боласиз фуқароларидан олинадиган солиқ тўғрисида”ги фармони билан амалга киритилган. 1944 йилда яна бир фармон чиққан, у амалдаги фармонни тўлдирди. Кейинчалик фарзанд кўрмаганлик учун солиқ тўғрисидаги қоида бир неча бор тузатилган ва у фармон 50 йилдан ортиқ, яъни то 1992 йилгача амал қилган.

Солиқ регламентига мувофиқ, 20 ёшдан 50 ёшгача бўлган фарзандсиз эркаклар ва 20 ёшдан 45 ёшгача бўлган фарзандсиз турмуш қурган аёллар тўлашлари керак эди. Ойлик иш ҳақидан олти фоиз ушлаб қолинарди.

Негадир дастлаб қишлоқ аҳолисига алоҳида эътибор берилган. 1949 йилда улар учун солиқ 150 рублгача оширилган. Бу фарзандсизлар учун. Аммо фарзандли бўлганлар ҳам пул тўлашган.

Агар битта бўлса, унда йилига 50 рубл, иккита бўлса – йилига 25 рубл миқдорида солиқ тўлашган. Лекин 1952 йилда ушбу ҳужжат бекор қилинган.

Соғлиғи сабабли фарзанд кўришга қодир бўлмаганлар ва Иккинчи жаҳон уруши пайтида фарзандларини йўқотган ота-оналар ҳам солиқ тўлашдан озод этилган. Кейинчалик ўрта мактаб ўқувчилари ва 25 ёшгача бўлган университет талабалари, Совет иттифоқи қаҳрамонлари, “Шуҳрат” орденининг уч даражасигача бўлганлар ва бошқалар учун имтиёзлар жорий этилган. Бироқ таъкидлаш жоизки, мазкур солиқ Собиқ иттифоқ империяси қулашига қадар мавжуд бўлган.

Давлат буни даромад манбаи сифатида ҳам, фуқароларнинг тезда турмуш қуриш ва турмуш қуриш учун рағбатлантириш сифатида ҳам самарали деб ҳисоблаган.

Солиқни қайта тиклаш бўйича таклифлар бугунги кунгача пайдо бўлганига қараб, уни ҳақиқатан ҳам зарур эди, деб ҳисоблайдиганлар жуда кўпчиликни ташкил этади.

ДЕМОГРАФИК ЎСИШ УЧУН РОССИЯДА “GREEN CARD” ЛОТЕРЕЯ ТИЗИМИ ЖОРИЙ ҚИЛИНИШИ МУМКИН

Туғилиш муаммосига жавобан, Президент мамлакат демографик сиёсатининг “қайта тикланиши”ни эълон қилди. 2021 йил 1 январдан бошлаб, Россияда иккита янги ойлик имтиёзлар пайдо бўлади. Биринчи фарзанд туғилганда ва улар бир ярим ёшга тўлгунга қадар оилаларга ҳар бир болага минтақавий яшаш минимумига тенг ойлик тўлов тақдим этилади. Оналик сармояси маблағларидан (дастур 2021 йил охиригача узайтирилди), иккинчи фарзанд туғилганда оилалар ҳар ойда тўловларни олишлари мумкин. Иккала тўлов ҳам жон бошига ўртача даромад минтақадаги яшаш даражасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган оилаларга берилади.

– Россияда бефарзанд оилалар учун солиқни жорий этиш орқали уларни фарзанд кўришга мажбурлаб бўлмайди. Аксинча, ёш оилалар учун имтиёзлар доирасини янада кенгайтириш керак, — дейди Давлат Думаси депутати Елена Строкова. – Акс ҳолда, ёш ота-оналар орасида исталмаган болалар сони кўпайишига аминман. Менимча, биринчи навбатда бу имтиёзлар доирасини кенгайтириш керак. Бироқ бундай муҳим чоралар учун, коронавирус инфекцияси пайтида юзага келиши мумкин бўлган барча иқтисодий инқирозлар ва молиявий қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда, ҳозир энг яхши вақт эмас. Бунинг устига, ички миграциянинг ўсиши учун захира йўқ ва мутахассисларнинг фикрига кўра чет эл ишчи кучини жалб қилиш учун миграция сиёсатининг янги чоралари – ишчи визалари, Америка “Green card” ига ўхшаш лотерея тизимлари, шунингдек, мигрантларни бирлаштириш бўйича шартномалар зарур, – дея изоҳлайди.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.