ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ: СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБЛАРИ (2)

Солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишнинг умумий тартиблари бўйича солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви материаллари натижаларини кўриб чиққан солиқ органининг раҳбари кодекснинг 159-моддасига асосан, солиқ аудити материаллари бўйича солиқлар ва пенялар қўшиб ҳисоблаш ёки буни рад этиш қарорини ёки бўлмаса солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш ёки буни рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилади.

Шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорда содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари мазкур ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа маълумотларга, ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахс томонидан ўз ҳимояси учун келтириладиган важларга ҳамда ушбу важларни текшириш натижаларига ҳавола қилган ҳолда, ўтказилган солиқ текширувида қандай белгиланган бўлса, шундай баён этилиши лозим.

Шунингдек, шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорда Солиқ кодексининг шу ҳуқуқбузарликларни назарда тутувчи моддалари ва қўлланиладиган жавобгарлик чоралари кўрсатилиши, солиқларни қўшиб ҳисоблашни назарда тутувчи қарорда эса, агар солиқларга оид қарздорлик текширув жараёнида аниқланган бўлса, ушбу қарздорлик миқдори ва тегишли пенялар суммаси тўлиқ кўрсатилиши шарт бўлади.

Ўз навбатида, солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортишни рад этишни назарда тутувчи қарорда эса бундай рад этиш учун асос бўлган ҳолатлар баён этилиши шарт бўлади.

Шунингдек қарорда солиқ текшируви натижалари бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга ушбу қарор устидан қайси муддат ичида шикоят қилишга ҳақли бўлса, ўша муддат ва қарор устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят қилиш тартиблари ҳам кўрсатилиши зарур.

Шу билан бирга, кодексда агар солиқ аудитида солиқ органининг қарори асосида ортиқча қайтарилган солиқ суммаси аниқланган бўлса, солиқлар суммаларини қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги қарорда мазкур сумма ушбу солиқ бўйича солиқ қарзи деб эътироф этилиши ва ушбу солиқ суммаси солиқ тўловчига қайтарилган тақдирда, у маблағларни ҳақиқатда олган кундан эътиборан, ўз навбатида агар солиқ суммаси ҳисобга ўтказишга қабул қилинган тақдирда эса – ушбу солиқ суммаси ҳисобга олишга қабул қилинган кундан эътиборан ушбу сумма солиқ қарзи деб эътироф этилиши белгиланган.

Солиқ органининг раҳбари солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича қарор қабул қилинганидан кейин Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда ва шартларда ушбу қарорнинг ижроси учун таъминлаш чораларини кўради.

Кодекснинг 160-моддасида, солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарорнинг кучга кириши тартиблари белгиланиб, унга мувофиқ, солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича қарор у қабул қилинган кундан эътиборан икки кун ичида солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга ёки унинг вакилига имзо қўйдириб берилиши ёхуд олинган сана тўғрисида далолат берувчи бошқа усул орқали топширилиши.

Агар қарорни бериш ёки у олинган сана тўғрисида далолат берувчи бошқа усулда топшириш имкони бўлмаса, бунда юридик шахснинг жойлашган ери ёки жисмоний шахснинг яшаш жойи бўйича почта орқали буюртма хат билан юборилиши, қарор почта орқали буюртма хат билан юборилганда буюртма хат юборилган кундан эътиборан бешинчи кун у берилган сана деб ҳисобланиши белгиланган.

Кодекс қоидаларига мувофиқ, солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилинган қарор солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга ёки унинг вакилига берилган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради.

Масалан, солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қарор жорий йилнинг 20 августида қабул қилиниб, ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахсга 22 августда имзо қўйдириб топширилган бўлса, мазкур қарор жорий йилнинг 22 сентябридан кучга киради.

Ўз навбатида солиқ органининг қарори устидан шикоят берилган тақдирда, мазкур қарор Солиқ кодексининг шикоят қилинганда солиқ органлари қарорларини ижро этиш тартиби (163-модда) бўйича кучга киритилади.

Лекин солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахс қарор кучга киргунга қадар уни тўлиқ ёки қисман ижро этиш ҳуқуқига эга. Бунда қарор бўйича шикоят берилиши шахсни кучга кирмаган қарорни тўлиқ ёки қисман ижро этиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Солиқ текшируви натижалари бўйича қарор қабул қилинганидан сўнг солиқ органининг раҳбари мазкур қарорни ижро этилишини таъминлаш чораларини кўриши лозим ва кодекснинг 161­-моддасида солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш чоралари белгиланган.

Бунинг учун, солиқ органининг раҳбари таъминлаш чораларини кўриш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади ва мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор ижро этиладиган ёки солиқлар қўшиб ҳисобланадиган кунга қадар ёхуд юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан қабул қилинган қарор бекор қилинган кунга қадар амал қилади.

Шу билан бирга, солиқ органининг раҳбари агар ўзига нисбатан таъминлаш чораларини кўриш тўғрисида қарор чиқарилган шахснинг (жавобгар шахс) илтимосига кўра таъминлаш чораларини бекор қилиши ёки уларни алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши ҳам мумкин ва таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги қарор у чиқарилган кундан эътиборан кучга киради. (Давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.