XIX АСР ЎЗБЕК – УЙҒУР САВДО МУНОСАБАТЛАРИ БОЗОРЛАРНИ КЕНГАЙТИРИБ, ҲУНАРМАНДЛАР ВА САВДОГАРЛАРНИ БОЙ ҚИЛГАН

Тарихдан маълумки, Фарғона водийси билан Қашқар ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга эга. Буюк Ипак йўлининг ушбу ҳудудлар орқали ўтганлиги икки минтақанинг сиёсий-иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб, ўзаро алоқалар ривожига сезиларли таъсир кўрсатган(1).

Жумладан, ҳозирги кунда Марғилон шаҳрида яшовчи Раҳматилла Файзуллаевнинг кутубхонасида қашқарлик талабаларнинг XIX асрда Марғилонда илм олганликлари тўғрисида қизиқарли маълумотлар сақланиб қолган. Масалан, Абдулғаний Қошғарий Марғилоннинг машҳур Хонақоҳ мадрасасида билим олганлиги хусусида шундай ёзади: “…Қудратли Роббисининг лутфига муҳтож бўлган банда, яъни мен Хожа заъиф Абдулғаний Фарғона диёрига келганимда, балдайи машҳур Марғинонга бордим ва у ерда Ётиқ Тут маҳалласидаги “Хонақоҳ” номи билан машҳур бўлган мадрасада Ҳазрат Абдул Карим домла (1884 йилда вафот этган) ҳузурларида истиқомат қилиб туриб қолдим ва у зотдан таълим олдим..”.

Фарғона водийси ва қашқарликларнинг тили ва урф-одатларининг муштараклиги ҳам савдо муносабатларини ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этган. Тарихий маълумотларга кўра, XIX аср бошларида ҳам Қўқон хонлигининг Қашқар билан савдо-сотиқ алоқалари ривожланган эди. Қошғар-Ўш-Марғилон-Қўқон йўналишида 5,5-6 километрли баланд тоғлар бўлишига қарамай савдо-сотиқ тўхтовсиз давом этиб турган. Фарғона водийсининг қадимги шаҳарларидан бири бўлган Марғилон ўша даврда ҳам Хитой маҳсулотларини бошқа шаҳарларга етказиб беришда воситачи (транзит) шаҳар ролини ўйнаган. Архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, ўртаосиёлик жумладан Андижон, Марғилон, Қўқон, Ўш шаҳрининг савдогарлари йиллар давомида Қашқарнинг йирик шаҳарларида истиқомат қилишиб, савдо-сотиқ ишларини олиб борганлар. Қашқарнинг барча шаҳарларига марғилонлик, андижонлик савдогар ва ҳунармандлар кўчиб боришган(2), уларнинг алоҳида маҳаллалари пайдо бўлган. Натижада Қашқарга борганлар “андижонликлар” деб аталиб кетган. Бинобарин, Буюк Ипак йўли туфайли Қашқар – Фарғона водийси ўртасида иқтисодий, маданий алоқаларни қадимдан давом этиб келганлиги қариндошлик, дўстликнинг жуда самимий садоқат асосига қурилганлигини, шу билан ўзбеклар уйғурларни “қашқарлик” деб атаса, уйғурлар ўзбекларни “андижонлик қариндошим”, деб меҳр-муҳаббат қўйганлигини жуда кўп тарихий қўшиқлар ҳам исботлайди(3).

Бу ҳақда М.Юнусхўжаева “Ўртаосиёлик воситачи савдогарлар” номли мақоласида шундай ёзади: “…марғилонлик Бердиев деган киши 35 йил давомида Қашқарда оиласи билан истиқомат қилган ва Еттисувга, асосан мато олиб бориб сотган. Аббосхон Мулла Баротбоев ҳам марғилонлик савдогар бўлиб, Қашқарда асосан рус чити билан савдо қилган. Баъзи савдогарлар ихтисослашган савдо билан шуғулланганлар. Масалан, Муҳаммад Алимбой ўғли Розиқбоев Қашқардаги Андижон кўчасида истиқомат қилиб, асосан мато билан савдо қилган, Али Отабек Қуллиқбеков эса Хўтан гиламларини Тошкент, Қўқон бозорларига олиб бориб сотган. Шу нарсани қайд қилиш керакки, баъзи савдогарлар бу ишдан бойиб, йирик мулк ва пул эгасига айланганлар. Масалан, Неъматбой деган киши Қашқардагина савдо қилмай, балки Оқсувда ҳам бу иш билан шуғулланган. Унинг Қашқарнинг Устунгўё кўчасида шахсий ҳовлиси бўлиб, 19 йил давомида у ерда оиласи билан яшаган”(4).

Маълумотларга кўра, Марғилоннинг йирик сармоядорларидан бири Муҳаммадшоҳхўжа Саййид Мусохўжа (1862-1913) ўғли нафақат пахта, балки Қашқарда чой савдоси билан ҳам шуғулланган(5). Чунки Фарғона водийсида Хитойдан келтирилган чой алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Зеро, қадимдан фарғоналиклар чойни севимли, ёқимли ичимлик сифатида истеъмол қилганлар. Жумладан, Марғилон ва Қўқон бозорларида биргина кўк чойнинг ўндан ортиқ навлари сотилган6. Чой билан савдо қилиш Фарғона савдогарларига катта даромад келтирган. Масалан, қўқонлик сармоядорлар Мирбоқи Мироқилов, Аҳмадхон Ҳасановлар XX асрнинг бошларига келиб, ҳар йили чой савдосидан 150 минг рубль миқдорда даромад олганлар(7).

XIX аср биринчи ярмида Қўқон, Андижон, Ўш, Марғилон шаҳарларига Қашқардан кўк чой, тери, жун, ичак, бўёқ, кумуш, ипак гилам, Қашқар пойабзали, пахта хом-ашёси олиб келинган. Бу маҳсулотларни Фарғона савдогарлари сотиб олганлар. Қашқардан олиб келинган маҳсулотлар асосан Қўқон ва Марғилон бозорларида сотилган ва бу ерлардан Тошкент, Самарқанд ва Бухорога тарқатилган. Пахта, тери, жун, ипак Россияга олиб кетилган(8). Бунда маҳаллий савдогарларга ҳукумат томонидан маҳсулотларни бошқа ҳудудларга олиб кетиш учун махсус ёрлиқлар берилган(9).

XIX аср охирларида Фарғона-Шарқий Туркистон ўртасидаги сиёсий вазият кескин бўлишига қарамай, ўзаро савдосотиқ алоқалари давом этган. Фарғона водийси орқали Қашқарга 1882 йили умумий қиймати 800,3 минг рубллик маҳсулот олиб чиқилган, 560,2 минг рубллик маҳсулот эса олиб кирилган. 1884 йилга келиб 1, 46 минг рубл товар олиб кетилгани ҳолда, 838. 8 минг рубллик маҳсулот олиб келишган.

Фарғона вилояти йиллик ҳисоботларига кўра, 1900 йилда биргина Фарғона вилоятининг ўзидан умумий қиймати 1 миллиондан ортиқ рублга тенг бўлган чорва маҳсулотлари, буғдой, пахта толаси жўнатилган. Ушбу савдо алоқаларида майда савдогарлар ҳам сезиларли ўрин эгаллаган. Айниқса, Ўш, Андижон, Кўқон уезди савдогарлари Қашқар, Ғулжа ва бошқа шаҳарларига доимо сафарлар уюштириб турилган(10).

Марғилондан Қашқарга савдогарлар томонидан олиб борилган товарлар асосан маҳаллий хусусиятга эга бўлган. Марғилонлик савдогарлар хорижга мол олиб чиқишда камёб, харидоргир буюмларга алоҳида эътибор қаратганлар.

Ўша даврларда Марғилонда қашқарлик савдогарлар яшайдиган алоҳида маҳаллалари бўлиб, ўзга юрт фуқароларининг ҳуқуқи ҳимоя қилинган, уларга эркин савдо-сотиқ олиб боришлари учун имкониятлар яратиб берилган.

XIX аср ўрталарига келиб Марғилон энг катта савдо бозорларига эга эди. Савдо ривожланганлиги туфайли Марғилон шаҳар марказий бозорида 2246 та савдо расталари мавжудлиги таъкидланади. Шундан 489 таси давлатга қарашли, 686 таси вақф мулки, 1071 таси хусусий бўлган(11). Марғилон бозорлари осойишта ва озода, савдогарлар ва фуқаролар ўртасида низо, қаллоблик, алдамчилик, ўғрилик каби иллатлар деярли бўлмаган. Тушликда ўқиладиган намоз пайтида бозор ва дўконлардаги маҳсулотлар очиқ ҳолатда қолдирилиши ҳам қайд этилган.

Марғилонда ҳунармандчилик ривожланганлиги сабабли шаҳар бозорида ипак матолардан атлас, кийим-кечаклар, пахта ва мовутдан тўқилган матолар, узоқ-яқиндан келган савдогарлар ва харидорларни ўзига жалб қилган. Архив ҳужжатларида келтирилган маълумотларга кўра, Марғилон матолари орасида хом-ашёси, безаги ва тўқиш техникаси бўйича бир-биридан фарқ қилувчи ўнлаб маҳсулот турлари мавжуд бўлган.

Хулоса қилиб айтганда, Марғилон ва Қашқар ўртасидаги ўзаро алоқалар узоқ тарихга эга бўлиб, мазкур алоқалар XIX аср охирида ўзига хос ривожланиш йўлини тутди.

Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти.

1 Ўраков Д. Фарғона водийси ва Шарқий Туркистон ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихидан (XIX аср охирлари) // «Фарғона водийси тарихи янги тадқиқотларда» мавзуидаги Республика илмий анжуман материаллари. Фарғона, 2009. 286-б.

2 Машрабов З.З.Фарғона водийси қадимги шаҳарсозлик маданияти тизимида Андижон // “Фарғона водийси тарихи янги тадқиқотларда” мавзусидаги Республика илмий анжуман материаллари. Фарғона, 2009. 51-б.

3 Боқиев О. Ҳаёт ҳақиқатининг лирик ифодалари (уйғур халқ қўшиқлари ҳақида) // Ўзбек халқ ижоди. Т.: Фан, 1967. – Б. 135.

4 Юнусхўжаева М. Ўртаосиёлик воситачи савдогарлар // Шарқшунослик. – Т.: “Фан”, 1991. № 2, 117-118-б.

5 Абдулаҳатов Н., Жабборов А., Абдуллаев А. Фарғона азизлари тақдири. – Т.: “ABU MATBUOT-KONSALT”, 2012. 30-б.

6 Махкамов А.А. Роль Коканда в чайной торговле России со Средней Азией в конце XIX – начале XX века // Общественные науки в Узбекистане. 1990. № 7, С.44.

7 Золотая книга Российской империи. М 1905. Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи қўлёзмалар фонди. КП. №5998. ПД.912.

8 Зияева Д.Х. XIX аср охири ва XX аср бошларида Фарғона водийсидаги савдо муносабатлар // “Буюк ипак йўли ва Фарғона водийси” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари. Тошкент. 177-178-б.

9 Басин В.Я., Несипбаева К.Р. Внешняя торговля России со странам Востока на рубеже XIX–XX вв // Из истории международных отношений в Центральной Азии (средние века и новое время). Алма-Ата. “Гылым”, 1990. С. 178.

10 Ўраков Д. Фарғона водийси ва Шарқий Туркистон ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихидан (XIX аср охирлари) // “Фарғона водийси тарихи янги тадқиқотларда” мавзуидаги Республика илмий анжуман материаллари. Фарғона, 2009. 288-б.

11 Набиев Р.Н. Из истории Кокандского ханства. –Т: “Фан”, 1973. С. 489.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.