ЗАМОНАВИЙ КАДАСТР ТИЗИМИНИНГ ЗАРУРАТИ НИМАДА?

Пандемия сабабли Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасига бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги маълумотларни нотариал идораларга реал вақт режимида инсон иштирокисиз тақдим этилиши жорий қилинди. Унга кўра, энди кадастр масалалари бўйича ариза топшириш, қарздорликни кўриш, шахсий маълумотларни текшириш, саволларга жавоб олиш учун тегишли органларга бориш шарт эмас. Хизматлар тўлиқ онлайн шаклга ўтган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ўтказилган “Камера фокусида кадастр соҳаси: таништирамиз, саволларга жавоб берамиз” мавзусида ўтказилган медиатурда Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси бошқармасининг мутахассислари айтиб ўтди.

– Ўтган тўққиз ой давомида эришган натижаларимизга тўхталадиган бўлсак, Давлат солиқ қўмитаси билан ўзаро маълумот алмашиб, 154 мингта объект тақдим этилди, – дейди Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси бош муҳандиси Носир ЛАТИПОВ. – Бу эса кўчмас мулкни қайта расмийлаштириш, қайта баҳолаш, турли хилдаги техник параметрлар бўйича тўғридан-тўғри маълумотларни алмашишни йўлга қўйганимизнинг натижасидир.

Бундан ташқари, худди шундай Давлат хизматлари марказлари билан 325 мингта, Мажбурий ижро бюроси билан 3 миллион 12 мингта, Ички ишлар вазирлиги билан 593 мингта, Нотариал идоралар билан 249 мингта, Ўзбекэнерго АЖ билан 154 мингта, Тошиссиққувват ДУК билан 154 мингта, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДП) билан 31 мингта, Давреестр (Давергеодезкадастр) қўмитаси билан эса 313 мингта, COVID-19 штаби билан 693 мингта маълумот алмашганмиз. Айниқса, бу соҳалар учун локация орқали маълумотларни аниқлаб бериш лойиҳамиз ўзини оқлагани қувонарли ҳол. Буни энди бутун Республикага қўллашни кўзлаяпмиз.

ОАВ ходимлари соҳа мутахассисларидан бугун давлат кадастри соҳасидаги муҳим бўлган:

► давлат хизматлари марказларига келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш тартиби, онлайн хизматлар алгоритми;

► миллий Атласнинг яратилиши;

► архив ҳужжатларни рақамлаштириш;

► кадастр соҳасидаги интерактив хизматларни кўрсатишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари;

► миллий географик ахборот тизими;

► давлат кадастрларининг юритилиши ҳолати ва унинг аҳамияти;

► яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотларни ўтказиш ишларининг асосий мақсади;

► дронларни қўллаш ва бошқаришдаги қулайликлар каби мавзулар бўйича маълумотларга эга бўлишди.

Миллий атласни яратишда қўшни Қозоғистон, Россия ва Корея давлатларидан Атласнинг яратилиш жараёнлари, шакллари, тажрибасини ўрганиб, ўзимизда иш бошладик, – дейди Картография ишлаб чиқариш корхонаси бош директори Орифжон ИБРАГИМОВ. – Ҳозирча ўзимизнинг Миллий Атласимизнинг биринчи томи нашрга топширилди. Иккинчи томи ҳам октябрь охирига нашрга топшириш учун тайёрланяпти. Миллий Атласни ташкил этишда 36 та вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат хўжалиги бошқарув органларининг иштироки таъминланган. Бунда олимлар, профессорларнинг илмий ишлари Атласга жамланмоқда, десам ҳам бўлади. Корхонамизнинг асосий мақсади мактаб ўқувчиларининг тарих ва география фанлари учун ёзувсиз харита ўқув қўлланмаси, сайёҳлик хариталарини мукаммал қилиб яратиш ва ўз эгаларига етказиш бўлиб турибди.

Сўнгги бир неча йилларда кадастр тизимидаги ислоҳотлардан кейин аҳоли орасида соҳага оид анчагина муаммолар пайдо бўлганидан хабаримиз бор. Хонадонлардаги ер-участкаларининг маълумоти нотариал идораларга нотўғри берилиши, кўчмас мулк савдосидаги олди-сотди ишларининг оғзаки амалга оширилиши, мерос ерларининг қонунийлаштирилмаганлиги сабаб ҳужжатдаги ва асл ҳисоб-китобларда тафовутли маълумотлар пайдо бўлганди. Бу ҳолатда ҳеч бир жавобгарлиги бўлмаган аҳоли билан бирга кадастр тизимида фаолият юритаётган мутасадди ходимларнинг ҳам коррупцион ҳолатда қайнаганлиги кўзга ташланди. Хўш, мана шу муаммолар бугун қандай ҳал қилинди? Ўзгарган тизимда қандай янгиликлар бўлди?

– Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Тошкент вилоятининг бўш ер участкаларини аниқлаш учун хатлов ўтказганимизда 4116 та бўш ер участкалари “YERELEKTRON” ААТ дастурига интеграция қилинди, – дейди Тошкент вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Ахборот таҳлил бўлим бошлиғи Умиджон ХУДОЙҚУЛОВ. – Шундан ҳудудда 1662 та бўш ер участкаси муҳофаза зонасида бўлганлиги сабабли “YERELEKTRON” ААТ дастурига киритилмаган. Буларга 73 та электр тармоқлари, 51 та геология, 500 та автойўл, 183 та маданий мерос, 7 та тоза ҳудуд, 162 та газ таъминоти, 667 та экология, 19 та сув муҳофазаси ерларига тўғри келган. Бизга тўққиз ой давомида келган мурожаатлар сони 33 мингтани ташкил этди. Давлат хизматлари маркази ва мониторинг электрон тармоқлари орқали келган мурожаатлар сони 2924 та бўлди. Аҳолидан тушган шикоятларни камайтириш, мурожаатларни ижобий ҳал этиш учун 2018 йилда акция эълон қилинганди, яъни 15 йилдан ошиқ ерга эгалик қилган фуқароларга эгалик ҳуқуқи автоматлаштирилган тизимда берилсин, дейилди. Мана шу ҳолатда 114 мингта мурожаатни ўрганиб тегишли хулосалар берганмиз ва ҳозир ҳам келган мурожаатлар атрофлича ўрганилиб натижалар имкон қадар ижобий ҳал этилиши кўзланмоқда.

Бугунги кунда барча турдаги ерларни хатловдан ўтказиш мониторинги ўтказилмоқда. Ўзбекистоннинг бирор ери ноқонуний рўйхатга киргизилишига йўл қўйилмаслиги керак, деган талаб белгиланган. Айниқса, Ўзбекистон ҳудудида яйлов ва пичанзорли ерлар мамлакат ҳудудининг асосий қисмини ташкил қилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича яйлов ва пичан ерлардан тартибсиз фойдаланилаётганлиги сабабли мазкур ҳудудларда ўсаётган қизил китобга киритилган ўсимликлар қора китобга кириб бормоқда. Ерлар тақир, ўсимликлар эса баҳор ойининг охиригача ўсмаяпти. Бу эса табиий равишда ҳайвонларнинг қирилишига сабаб бўлади. Гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабни оширади.

Муаммолар янада кенгайиб, ерлар бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолмаслиги учун ягона ечим олимлар ва тегишли илмий ходимларининг изланишлари имкон қадар тезроқ ҳаётга татбиқ этилиши шарт.

Соҳиба СУЮНОВА тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.