ХИВА ХОНЛИГИДА СОЛИҚЛАР МИҚДОРИ ЕРНИНГ СИФАТИ ВА ЕР ЭГАСИНИНГ МАВҚЕИГА ҚАРАБ БЕЛГИЛАНГАН

Ўзбекистон тарихида Хива хонлиги (1511- 1920) давлатчилик нуқтаи назардан муҳим аҳамиятга эга бўлган давлатлардан бири сифатида эътироф этилади.Чунки бу хонликнинг географик тузилиши, аҳолиси, сиёсий ва маъмурий бошқарув тизими, иқтисодий ҳамда маданий тараққиёти бунинг исботидир. Шу билан бирга, ушбу хонлик тарихига оид ҳужжатлар, қўлёзма асарлар, маданий ва археологик объектларнинг қўшни Бухоро ва Қўқон хонликларига нисбатан кўплиги, тадқиқотлар олиб боришда кенг имкониятлар яратади. Айниқса, хонликнинг солиқ тизими ҳали етарли ўрганилмаган масалалардан бири ҳисобланади.

Маълумки, Хива хонлиги аҳолисининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги билан машғул бўлган. Экиладиган ер майдонларининг аксарияти хон ва беклар, масжид, мадрасалар, катта ер эгаларининг мулки ҳисобланган. Тўланадиган солиқлар миқдори ернинг сифатига ва ер эгасининг ижтимоий-сиёсий мавқеига қараб белгиланган. Россия, Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатларга борувчи савдо карвонлари Хива хонлиги ҳудудидан ўтган ва маҳаллий маҳсулотлар четга чиқарилишига сабаб бўлган савдо солиғидан ҳам хазинага катта даромадлар келиб турган. Қўқон хонлигида ҳам, Бухоро хонлигида ҳам бўлгани каби Хива хонлигида солиқлар ёки турли йиғимлар дастлаб маҳсулот кўринишида олинган бўлса, савдо ва ташқи алоқаларнинг ривожланиши, ҳунармандларнинг кўпчилиги асосан буюртма эвазига ишлай бошлаганликлари учун ҳам кейинчалик солиқлар пул кўринишида олина бошланган. Жумладан, Қўқон хонлигида сарой учун сотиб олиниши керак бўлган нарсаларга сарой омборхонасида кўп бўлган маҳсулот билан муомала амалга оширилган. Сўнгра ўша маҳсулот бозорда сотилган ва пулига керакли бошқа маҳсулот сотиб олинган. Хивада эса хон саройи учун зарур бўлган буюмлар аввал ғалла билан тўланган кейинчалик сарой хазинасидан пул кўринишида ажратила бошланган. Ҳатто амалдор ва мулозимларнинг маошлари ҳам пул билан тўланадиган бўлган.

СОЛИҚ СОЛИНГАНДА ҲОВУЗЛАР ҲАМ ҚЎШИБ ЎЛЧАНГАН

Хива хонлигининг солиқ тизимига оид маълумотларини ўрганган олим М. Йўлдашев ўз илмий тадқиқотида, Хива хонлигига оид архив ҳужжатларини ўрганишда берилаётган маълумотлар ўқилиши бироз қийин бўлса-да, ўта аниқлик ва тартиб билан қайд этилганлигини ёзган. Хива хонлиги солиқ тизимига оид ҳужжатда аввал вилоят номлари, кейин маъмурий туманлар бўлган. Масжид номлари ва шундан сўнг рақамлар сон билан ёзилган. Хива хонлиги солиқ тизими ўрганилганда ҳовли учун солиқ солинганда ҳовузлар ҳам қўшиб ўлчанилган ва солиқ миқдори ошиб борган. Камбағал деҳқонлар кичик ҳовлида икки ёки уч оила ҳам яшашган. Бундай ҳолатни албатта Қўқон хонлигида ҳам учратамиз. Хива хонлигида ҳар бир ортиқча бино учун ҳам солиқ солинган ва баъзи ночор кишилар мол-қўйлари боқиладиган хонада ўзлари ҳам яшаганлар.

Аслида, Хива хонлигида ернинг ҳақиқий эгаси хон бўлган. Бу қоида асрлар мобайнида ўзгариб келган. Чунки Хива хонлари доимий равишда ўз ҳурмат ва эътиборларини қозонган шахсларни тақдирлаш учун катта ерларни инъом қилар эди. Бора-бора давлат ерлари маҳаллий амалдорлар қўлига тўплана бошлаган.

Ҳадя қилинган ерлар таноб ўлчов бирлиги билан тарқатилган. “Таноб” араб тилидан таржима қилинганда чилвир, арқон деган маънони англатиб, Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида қўлланилган узунлик ўлчов бирлиги ҳисобланади. XVII асрда қиймати 39,9 метрга тенг бўлган. Ўрта Осиё хонликларида 1 таноб ер 60 газдан иборат бўлган. Яъни 1 таноб ер 60х60 квадрат метр газни ташкил этган. Бир гектар ер эса 12 таноб ерга тенг бўлган.

Жумладан, 1857-1858 йилларда Хива хони Саййид Муҳаммадхон томонидан Жуманиёз эшонга 200 таноб, Мехтар оғага 500 таноб, Раҳматулло ясовулбошига 200 таноб ер инъом этилган(1). Шу ҳужжатнинг ўзида 14 нафар амалдорга жами 21 000 таноб, яъни 1,750 гектар ер ҳадя қилиб берилган.

Хива хонлигида солиқ сифатида хон омборхоналарига келтирилган ғалланинг миқдори қайд этилган дафтар мавжуд. Хива хони Муҳаммад Амин даврида, 1849-1850 йилларда хонликнинг турли жойларидан йиғилган ва хазина ҳисобига топширилган рўйхатда 13 та туман бўйича жами 102 557 ботмон ғалла қайд этилган(2).

ХОН УЛАРНИ ТУТУН ПУЛИДАН ОЗОД ЭТГАН

Хива хонлигида ҳам ушр солиғи мавжуд бўлган. М. Йўлдошевнинг маълумотига кўра солиқ ҳисобига йиғилган ғалланинг маълум қисми ушр, аниқроғи ўндан бири ушрга ажратилган(3). Ажратилган бўлса-да, уни хон ва унинг амалдорлари ўз эҳтиёжлари учун ишлатишган ва харажатлар дафтарига қайд этиб боришган.

Хива хонлиги тарихини ўрганган рус сайёҳи Муравьев Хива хони ерларида ишлатилган қуллар ва маҳаллий аҳоли ҳақида гапирар экан, хоннинг ерида ишлаш учун бир неча қишлоқлардаги “сартлар ва қорақалпоқларни жўрттага кўчириб, зўрлик билан хоннинг ерига бириктирилган. Шу сабабли хон уларни тутун пулидан озод этган(4)” дейди. Бу маълумотдан кўриниб турибдики, Хива хонлигида “тутун пули” солиғи ҳам мавжуд бўлган.

Хива хонлиги солиқ тизимига оид архив ҳужжатларида Қўқон хонлигида бўлганидек мамлакат хазинасини тўлдириш манбаи сифатида қаралиб солиқ ундириш тартиби қатъий ва қаттиққўллик билан амалга оширилган. Хивада солғут термини ишлатилган ва солғут ундиришларига қушбеги ва меҳтар масъул бўлган.

Хива хонлиги солиқ тизимида савдодан закот ундирилган, бу анъана Қўқон хонлигида ҳам мавжуд бўлган. А.Куннинг маълумотида кўтара савдодан олинган закотнинг маълумотлари текширилганда закот йиғувчи ўзи ёзган дафтарига қараб шаҳар дарвозасидан нечта туя, мол чиққани, Россия ва Бухорога қандай маҳсулотлар юборилгани ҳақида ҳисобот бера олмаган. Яъни кўтара савдо молларидан, кўчманчиларнинг чорва молларидан олинган, закот ҳам қўшиб ёзилган, кимдан, қанча ва қайси солиқнинг ҳисобига олинган, деган маълумотлар қайд этилмаган(5). Закот дафтарида туялардан олинган закот, қуллар, қул хотинлар ҳисобидан олинган закот ҳақида маълумотлар аралаш ёзилган.

Хуллас, Хива хонлигига тегишли архив ҳужжатларда солиқлар ва солиқ тизими ҳақида кўпгина маълумотлар мавжуд бўлиб, бу маълумотлар асосида етарлича тадқиқотлар олиб бориш лозим деб биламан.

Шерали ҚЎЛДАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
Шарқшунослик институти илмий ходими,
тарих фанлари номзоди.

1 Архив Хивинских ханов, 25-дафтар, 147-вароқ, 148-149 бетлар.
2 П.П. Иванов. Архив Хивинских ханов, тетрадь 82, л. 3,5, 7, 9.
3 Ўша жой 154 бет.
4 Муравьев. “Путешествие в Туркмению и Хиву” ч. II, 80-81 бетлар.
5 А.Л.Кун “Заметки о податях в Хивинском ханстве”, “Теркестанские ведомости газетаси, 1873 йил № 32.”


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.