ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ: СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБЛАРИ

Кодексда, солиқ органи текширув материаллари кўриб чиқиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида солиқ тўловчини кўриб чиқиш бошлангунига қадар камида икки иш куни олдин хабардор қилиши шартлиги белгиланиб, агар текширилаётган шахс солиқ аудитининг далолатномасига ёки сайёр солиқ текширувининг материалларига ўзининг ёзма эътирозларини белгиланган муддатда тақдим этган бўлса, ушбу эътирозлар ҳам текширув материалларига қўшиб кўриб чиқилиши мумкин.

Борди-ю, солиқ тўловчи узрли сабабларга кўра солиқ текшируви материалларининг кўриб чиқилишига кела олмаслиги тўғрисида солиқ органини хабардор қилган бўлса, солиқ органининг раҳбари солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишни камида беш кун муддатга кечиктириш тўғрисида қарор қабул қилиши ва бу тўғрисида солиқ тўловчини хабардор қилиши керак.

Қайд этиш лозимки, кодекс меъёрларида солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви ўтказилган шахс солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш ҳуқуқи берилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, агар солиқ аудити ёки сайёр солиқ текшируви ўтказилган шахс, текширув материаллари кўриб чиқиладиган вақт ва жой ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса, лекин шахснинг келмаганлиги солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди, лекин бундан, солиқ органи раҳбарининг мазкур материаллар кўриб чиқилиши учун шахснинг иштирок этиши шарт деб, топилган ҳолатлар мустасно.

Ўз навбатида, кодекс қоидаларида солиқ текшируви материалларининг моҳиятига кўра кўриб чиқишдан олдин солиқ органининг раҳбари ёки ўринбосари, ишни ким кўриб чиқаётганлигини ва қайси солиқ текшируви материаллари кўриб чиқилиши лозимлигини эълон қилиши, кўриб чиқишда иштирок этиш учун таклиф этилган шахсларнинг келган-келмаганлиги фактини аниқлаши шартлиги белгиланган.

Мабодо, таклиф этилган шахслар келмаган тақдирда, солиқ органининг раҳбари ишни юритиш ваколати белгиланган шахслардан иштирокчиларни белгиланган тартибда хабардор қилинганлигини аниқлаштиради ва солиқ текшируви материалларини мазкур шахсларнинг йўқлигида кўриб чиқиш ёки кўриб чиқишни кейинга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Шунингдек, солиқ органининг раҳбари солиқ текшируви материалини кўриб чиқишда солиқ текшируви ўтказилган шахснинг вакили иштирок этган тақдирда ушбу вакилнинг ваколатларини текшириши, кўриб чиқиш тартиб-таомилида иштирок этаётган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириши лозим.

Солиқ аудити ёки сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш вақтида тақдим этилган далиллар, шу жумладан ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахсдан илгари талаб қилиб олинган ҳужжатлар, ушбу шахс солиқ текширувларидан ўтказилганда солиқ органларига тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ўрганилади. Бунда кодекс талаблари бузилган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Агар солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги қўшимча маълумотлар (ахборот) Солиқ кодексида белгиланган муддатлар бузилмаган ҳолда солиқ органига тақдим этилган бўлса, улар ҳам қўшиб кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш давомида зарур бўлган тақдирда ушбу ўрганиш жараёнида иштирок этиш учун гувоҳни, экспертни, мутахассисни жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ, солиқ текшируви материалларини кўриш жараёнида баённома юритилиши лозим.

Ҳар бир солиқ органининг раҳбари солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериши лозим:

► ўзига нисбатан текширув далолатномаси тузилган шахс солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини содир этган-этмаганлигини;

► аниқланган қоидабузарликлар солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатини ташкил этиш-этмаслигини;

► шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортишга асослар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини;

► солиқ тўловчининг эътирозлари асосланганлигини.

Ўз навбатида, солиқ органининг раҳбари солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд бўлган тақдирда жавобгар шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишдаги айбини истисно этувчи ҳолатларни ёки солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликни юмшатувчи ёхуд оғирлаштирувчи ҳолатларни аниқлаши лозим.

Кодексда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари содир этилганлиги фактини тасдиқлаш учун қўшимча далиллар олиш зарур бўлган тақдирда ёки улар бўлмаганда солиқ органининг раҳбарига солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини бир ойдан ошиқ бўлмаган муддатда ўтказиш тўғрисида қарор чиқариш ҳуқуқи берилди ва қарорда бундай қўшимча тадбирларни ўтказиш заруратини келтириб чиқарган ҳолатлар баён этилиб, уларни ўтказиш муддати ва аниқ шакли кўрсатилиши белгиланди.

Ўз навбатида, кодексда солиқ органининг мансабдор шахсларига солиқ назоратининг қўшимча тадбирлари сифатида солиқ текшируви ҳужжатларни талаб қилиб олиш ёки учинчи шахслардан ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш шунингдек, гувоҳни сўроқ қилиш, экспертизани амалга ошириш ҳуқуқлари белгиланди.

Солиқ назорати қўшимча тадбирларининг бошланиши ва тугаши, солиқ назоратининг ўтказилган қўшимча тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари содир этилганлиги ёки уларнинг мавжуд эмаслиги фактини тасдиқлаш учун олинган қўшимча далиллар, текширувчининг аниқланган қоидабузарликни бартараф этишга доир хулоса ва таклифлари ҳамда кодекс моддаларидаги ҳаволалар, агар кодексда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ушбу бузилишлари учун жавобгарлик назарда тутилган бўлса, солиқ аудити ёки сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимчада қайд этилади.

Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир ортиқча солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини ўтказган солиқ органининг мансабдор шахси томонидан тадбирлар тугагандан сўнг ўн кун ичида тузилиб, имзоланиши ҳамда қўшимча тадбирлар натижасида олинган материаллар қўшимча тузилган санадан эътиборан уч кун ичида текширув ўтказилган шахсга ёки вакилига имзо қўйдириб топширилиши керак.

Агар текширув ўтказган шахс ёки вакили солиқ аудити ёки сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимчани олишдан бош тортса, бундай факт текширув далолатномасига доир қўшимчада акс эттирилиб, солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча ташкилотнинг жойлашган жойи ёки жисмоний шахснинг яшаш жойи бўйича почта орқали буюртма хат билан юборилади ва буюртма хат юборилган санадан эътиборан бешинчи кунда қабул қилинган деб ҳисобланади.

Ўз навбатида, солиқ аудити ёки сайёр солиқ текшируви ўтказилган шахс солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча олинган кундан ўн кун ичида текширув далолатномасига доир қўшимча бўйича умуман ёки унинг алоҳида қоидалари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этиши мумкин.

(Давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.