БИЗНЕСНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Бугунги кунда корхонани ташкил этиш ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиш учун давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни жуда соддалаштирилган.

Яъни, уйдан ёки офисдан чиқмасдан туриб ҳам интернет орқали бизнесни давлат рўйхатидан ўтказиш мумкин. Бироқ, агар бизнес сиз кутганингиздек бўлмаса уни тугатиш тартиби қандай бўлади? Бу жараён ҳам шу каби соддалаштирилганми? Қуйида шу ҳақда қисқача тушунтириб ўтамиз.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июнда “Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5739-сонли Фармони қабул қилинган.

Фармон билан:

  • молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатда устав жамғармасини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссиялар тугатилди;
  • давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби бекор қилинди;
  • бир ёки бир нечта босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаби бекор қилинди;
  • давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг фаолияти текширилмаслиги;
  • солиқ органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этиши;
  • молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли органлардан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш электрон тизим орқали амалга оширилиши;
  • корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги белгиланди.

Мазкур Фармон талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 704-сонли қарори билан тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий ва мажбурий тугатиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Ихтиёрий тугатиш тартиби:

БОСҚИЧЛАР:

1Тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари), вакиллари ёки ваколатли орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.

Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

► тугатилаётган тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги маълумотлар (тўлиқ ва қисқартирилган номи, СТИР, почта манзили);

► тугатувчи ҳақидаги маълумотлар (паспорт маълумотлари, телефон рақами ва электрон почта манзили);

► тугатилаётган тадбиркорлик субъекти бўйича мурожаатларни қабул қилиш жойи ва муддати;

► тадбиркорлик субъектини тугатиш сабаби ва мўлжалланаётган тугатиш муддати.

2Тугатувчи тайинланади
Уч иш куни мобайнида тижорат ташкилоти фаолияти билан боғлиқ барча ҳужжатларни, шунингдек, тижорат ташкилотининг муҳри, штамплари (агар мавжуд бўлса) ва бошқа мол-мулкини рўйхат бўйича топширади.

Тугатувчи:

► ихтиёрий тугатишни амалга оширади ва тижорат ташкилотининг кредиторлари, муассислари (қатнашчилари) ҳамда бошқа тегишли шахслар манфаатларига риоя этилишини таъминлайди;

► тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлайди;

► ишончномасиз тижорат ташкилоти номидан вакиллик қилади, тижорат ташкилотининг молиявий, ҳисоб-китоблар ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;

► тижорат ташкилотининг барча мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатларни чиқаради.

3Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейинги иш кунидан кечикмай:

● рўйхатдан ўтказувчи органга – ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;

● тижорат ташкилотининг асосий депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банкка ва хорижий валютадаги маблағлари жамланадиган банкка:

► ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;

► имзолар намуналари ва тугатувчи муҳрининг босма изи қўйилган карточкаларнинг икки нусхасини;

► тижорат ташкилотининг миллий валютадаги иккиламчи депозит ҳисобварақларига, жамғарма депозит ҳисобварақларига ва муддатли депозит ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банкларга – уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг миллий валютадаги асосий ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани;

► тижорат ташкилотининг хорижий валютадаги ҳисобварақлари, жамғарма ва муддатли депозит ҳисобварақлари очилган банкларга – уларни ёпиш ҳамда маблағларнинг мавжуд қолдиқларини унинг депозит ҳисобварақларига, миллий валютадаги асосий ҳисобварағи қайд этилган жойда очилган хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги ариза-топшириқномани жўнатади.

4Рўйхатдан ўтказувчи орган тугатиш тўғрисида қарор тушгандан сўнг бир иш куни ичида:

● тижорат ташкилоти ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни давлат реестрига киритади ҳамда бу тўғрисида Тизим орқали ваколатли органларни хабардор қилади;

● рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига тижорат ташкилоти тугатилаётганлиги тўғрисида эълон жойлаштиради.

5Тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин:

► тижорат ташкилоти ходимлари билан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш чораларини кўради;

► тижорат ташкилотининг активлари ва мажбуриятларини хатловдан ўтказади, шу жумладан тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузади;

► йил бошидан бошлаб рўйхатдан ўтказувчи орган тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган санагача бўлган даврда тижорат ташкилоти томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва йиғимлар бўйича ҳисоб-китобларни тузади;

► тижорат ташкилотининг дебиторлик қарзларини олиш, шунингдек, тасдиқнома олган ҳолда (қабул қилиб олинган санаси тўғрисидаги белги, почта квитанцияси, ёзма ёки электрон хабар ва шу кабилар) кредиторларни аниқлаш ва тижорат ташкилотининг тугатилиши тўғрисида уларни ёзма равишда хабардор қилиш чораларини кўради.

6Бюронинг туман (шаҳар) бўлими ўн кундан кечиктирмай иш юритишда ижро ҳужжати мавжудлигини аниқлайди.

Тегишли ижро ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда, давлат ижрочиси ижро ишини тугаллайди ва ижро ҳужжатини тугатувчига юборади.

Солиқ органи рўйхатдан ўтказувчи орган уч иш куни мобайнида тижорат ташкилотининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга (тафтиш қилишга) киришади, унинг муддати ўттиз календарь кундан ошмаслиги керак.

7Тугатувчи қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилганидан сўнг тугатиш баланси лойиҳасини тузади:

► кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаллангандан, шунингдек, тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари амалда ижро этиш;

► солиқлар ва йиғимлар, молиявий жарималар суммаси, шу жумладан, текширишлар якунлари бўйича ҳисобланган суммалар тўлаш;

► тижорат ташкилотининг мол-мулки мулкка эгалик қилиш юзасидан буюмлар бўйича ҳуқуқларга ёки ушбу тижорат ташкилотига нисбатан мажбуриятлар бўйича ҳуқуқларга эга бўлган муассислар (қатнашчилар) ўртасида тақсимлаш.

8Тугатиш баланси таъсисчилар томонидан имзоланганидан сўнг, солиқ органи ва Бюрога юборилади.

9Тугатувчи тижорат ташкилотининг асосий ҳисобварағи очилган банкка уни ёпиш тўғрисида мурожаат қилади.

10Тугатувчи асосий ҳисобварағи ёпилгандан кейин уч иш куни мобайнида давлат архивига тижорат ташкилотининг барча бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларини топширади.

11Тугатувчи тижорат ташкилотини давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидагиларни тақдим этади:

► тижорат ташкилотининг барча ҳисобварақлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномалари;

► тижорат ташкилотининг муҳр ва штамплари (агар мавжуд бўлса);

► ваколатли орган томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотнома (агар мавжуд бўлса);

► тижорат ташкилоти ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома.

Рўйхатдан ўтказувчи орган қарорни қабул қилинган кундан кейин бир иш куни мобайнида қарорни тугатувчига беради.

12Рўйхатдан ўтказувчи орган давлат реестрига тижорат ташкилоти тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувлар киритилгандан кейин уч иш куни ичида:

► тижорат ташкилоти тугатилганлиги тўғрисида солиқ ва статистика органларини тизим орқали хабардор қилади;

► тугатилган тижорат ташкилотининг муҳр ва штампларини (агар мавжуд бўлса) белгиланган тартибда йўқ қилиш чораларини кўради;

► тижорат ташкилотига берилган лицензия ва рухсатномаларни (агар мавжуд бўлса) уларни берган органларга топширади;

► Ўзбекистон Республикаси Халқ банкининг тижорат ташкилоти жойлашган жойдаги филиалини тижорат ташкилоти тугатилганлиги тўғрисида хабардор қилади.

Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш (мажбурий тугатиш) тартиби

Тижорат ташкилотлари фаолиятини ҳаракатсиз деб топиш учун қуйидагилар асос бўлади:

● тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича банк ҳисобварақларига пул маблағлари тушмаганлиги;

● тўққиз ой мобайнида солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганлиги.

Бундай ҳолатларда, тижорат банклари уч иш куни ичида у ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органига тизим орқали маълумот тақдим этади.

Солиқ органи тижорат банкларидан маълумот тушгач ёки ҳисобот топшириш муддати тугагач уч иш куни мобайнида қуйидаги органларни хабардор этиши керак:

► рўйхатдан ўтказувчи орган ва рўйхатдан ўтган жойдаги статистика органларини;

► Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимини;

► кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи органни;

► автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва рўйхатдан ўтказиладиган бошқа техника воситаларини рўйхатдан ўтказувчи органларни;

► Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигини.

Солиқ органи юридик шахсларга нисбатан қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

● тижорат ташкилоти ҳақиқатда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлигини;

● мол-мулки мавжудлигини;

● юридик ва фаолият кўрсатиш манзилида мавжудлигини;

● тижорат ташкилотининг барча қарздорликлари (2-сон картотекаси) таҳлилини;

● солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлиги мавжудлигини текширади;

● муассисларининг турар жойини аниқлаш ва уларни тугатиш жараёнига жалб қилиш чораларини кўради;

● молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тижорат ташкилотлари муассисларига тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатишни таклиф этади.

● йиғилган ва мавжуд маълумотлар асосида тижорат ташкилотининг фаолиятини камерал назоратдан ўтказади.

Тижорат ташкилотининг солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорликлари аниқланмаган, мол-мулки мавжуд бўлмаган, тижорат ташкилоти муассисларини, уларнинг вакиллари ва раҳбарини тугатиш жараёнига жалб этиш имкони бўлмаганда, солиқ органлари тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга ўн иш кунида тижорат ташкилотини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш тўғрисида тақдимнома юборади.

Тижорат ташкилотлари ҳаракатсиз ҳолатида сақланишига уч йил тўлганда рўйхатдан ўтказувчи орган:

► ҳаракатсиз ҳолатига ўтказилган тижорат ташкилотлари фаолияти тикланмаган тақдирда, уч иш кунида давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақида давлат реестрига тегишли ёзув киритади;

► тижорат ташкилотининг муҳри, штампларини (агар мавжуд бўлса), давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, шунингдек, мавжуд бўлса товар белгисининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилади. Агар уларни топиш имкони мавжуд бўлмаса, уч иш кунида бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотлар рўйхатга олиш органи сайтида эълон берилади.

Агар сиз бизнес билан шуғулланганда, мавжуд бўлган мажбуриятларингизни бажара олмасангиз, корхонангиз банкрот деб топилиши мумкин.

Банкротлик, бошқа сўзлар билан айтганда, бу иқтисодий ночорлик.

Корхонани банкротлик асосида тугатиш банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Комил САЙИДОВ,
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.