БУГУННИНГ ИҚТИСОДИЁТИДА АЁЛЛАР РОЛИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар ташкилоти, Халқаро тадбиркорлик кузатуви, Америка қўшма штатлари аудит компанияси томонидан ўтказилган текширишлар натижасига кўра, аёллар бизнес бошқарувчи, ходим, истеъмолчи ва тадбиркор сифатида иқтисодиётнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчиси ҳисобланар экан.

Қачонки бизнесда аёллар қарор қабул қилсалар, жамоа уларнинг атрофида ўсишлари мумкин экан. Аёлларга сармоя киритиш “Гендер дивиденд”, деб номланувчи иқтисодий ўсишга катта туртки бериши мумкин.

Қуйида иқтисодиётнинг аёлларга хос энг муҳим статистикалари келтирилган:

Аёллар дунёдаги ишларнинг 66 фоизини бажарадилар, озиқ-овқат маҳсулотларининг 50 фоизини ишлаб чиқаради, аммо даромаднинг 10 фоизи ва мулкнинг 1-2 фоизига эгалик қилишади.

Аёллар ва қизлар дунёда кунига бир доллардан кам топадиган 1,5 миллиард одамнинг 70 фоизини ташкил қилади ва улар ўта қашшоқликдан азоб чекишади.

Ривожланган мамлакатларда ҳам, ривожланаётган мамлакатларда ҳам аёллар эркаклар билан бир хил юмуш учун иш ҳақининг 78 фоизидан камроғини олади.

Дунё аҳолисининг 49,6 фоизини аёллар ташкил қилишига қарамасдан расмий маълумотларда ишчилар сафининг 40,8 фоизи нозик жинс вакиллари эканлиги келтирилади.

Аёллар ва эркакларнинг иш билан бандлилик даражаси ўртасидаги тафовутни ёпиш глобал иқтисодиётга таъсир этиши мумкин, бу Америка ялпи ички маҳсулотини 9 фоизга, Европа ялпи ички маҳсулотини 13 фоизга ва Япония ялпи ички маҳсулотини 16 фоизга ошишига сабаб бўлади.

Аёллар истеъмол бозорида 20 триллион долларни назорат қилган ҳолда, жаҳон бозорининг ҳукмронлигини эгаллашган ва 2014 йилга келиб бу кўрсаткич 28 триллион АҚШ долларигача кўтарилган.

Таъкидлаш жоизки, дунё миқёсидаги ўзининг бизнес ишига эга бўлган аёллар сони ҳам оз эмас. Жумладан, расмий иқтисодиётдаги барча хусусий бизнесларнинг камида 32-39 фоизига дунёда тахминан 187 миллион тадбиркор аёл эгалик қилар экан.

Яна бир қизиқ маълумот, ривожланган иқтисодиётда тадбиркор эркакларга нисбатан аёллар кўпроқ инновацион маҳсулот ва хизматларни амалиётга жорий этишар экан.

Бироқ шунга қарамасдан, ривожланаётган давлатларда истиқомат қилувчи ҳар 3 аёлдан биттаси ҳатто ўз уйларидаги иқтисодий қарорларга аралаша олмас экан. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, аёллар эркакларга қараганда иш ҳақи тўланмайдиган ишларга икки баробар кўпроқ вақт сарфлашар экан.

Бироқ аёллар ўз рўзғор юмушларидан кўп ҳоллардашикоят қилишмайди ва буни кундалик вазифа сифатида қабул қилишган.

Аммо танганинг иккинчи томони ҳам мавжуд. Ҳукуматнинг эътибори ва эъзози қанчалик юқори бўлмасин кўпгина давлатларда кекса ва ёлғиз аёлларнинг қашшоқлиги ёлғиз эркакларга нисбатан юқорилигича қолмоқда. Қайси давлатда аёллар ҳақ-ҳуқуқлари ва гендер тенглиги яхши таъминланганлигини билиш учун сўровнома ўтказиш шарт эмас. Шунчаки ўша давлатда аёлларнинг жамиятда фаоллигини кузатиш кифоя.

Мисол учун, бугунги кунда Америка Қўшма Штатларида аёлларга қарашли 11 миллиондан ортиқ корхона мавжуд бўлиб, бу рақам йил сайин кескин ўсиб бораётган экан. Бу эса ўз-ўзидан бизнес соҳасида ҳам яхшигина фаол эканликларидан далолат бериб турибди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги ўтган чорак аср мобайнида дунё мамлакатларида аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва тадбиркорлиги борасида самарали ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, аёлларга тегишли турли хилдаги тадбиркорлик фаолиятлари 2007 йилга нисбатан бугунги кунда икки баробарга ўсгани ҳам ушбу соҳада ижобий ўзгаришлар содир бўлганидан далолат бермоқда.

Аёллар ўзларининг тадбиркорлик қобилиятига эга эканлигини англайдиган жамиятда тадбиркорлик имкониятлари кенг эканлигини сезиш қийин эмас. Бунинг учун улар жамиятга теран назар солиши, пухта ҳисоб-китоб билан муваффақиятга эришган тадбиркор аёлларнинг маслаҳатларини дастуриламал билиши керак.

Барбара Феликс: “Ошпаз Феликс” асосчиси:
– Аввало, сиз ўз бозорингизни ўрганинг. Агар бозорингиздагилар нима хоҳлашаётганини ва у қаерда эканлигини билмасангиз сизда ҳеч қандай имконият бўлмайди. –
Агар сиз ўз бозорингизга эга бўлмасангиз унда харидорларингиз билан суҳбатлашишни бошланг. Саволлар рўйхатини тузинг ва энг яхши учта мижозингизга қўнғироқ қилинг. Ҳатто, ижтимоий тармоқларда сўровлар юбориб, тармоқ фойдаланувчилардан маълумотлар олишингиз ҳам мумкин.

Келле Тваделле: “Rose & Dove” махсус совғалар дўкони эгаси.
– Бу бир кечада содир бўлмайди. Сабр қилинг. Олдингизга қисқа муддатли мақсадлар қўйинг.
– Агар сиз ишингизда тўсиққа дуч келсангиз беш йиллик режангиз юрмаслигини ўйлаб стрессга тушманг. Ҳар янги кун бошланганда қайтара олишингиз мумкин бўлган кичик, таъсирчан нарсалар ҳақида фикр юритинг.

Давн Нобле: “La Provence” асосчиси:
– Қалбингизга қулоқ солинг. Содир бўлаётган энг ёмон нарса нима? Сиз хато қилаяпсизми?
– Ўзингизнинг қарорларингиз, қобилиятингиз ёки кучингизга иккинчи марта тахмин қилаётганингизни сезсангиз-да, нимадир қилиш ҳеч нарса қилмасликдан яхшироқ натижа беради. Ўз сезгингизга ишонинг ва кичик синов ҳамда хатолардан қўрқманг.

Мари Моурадиан: “Window Designs Etc” эгаси:
– Таълимга содиқ қолинг, иложи борича кўпроқ ўрганинг.
– Агар сиз бизнесингизни бир хилликда қолиб кетган деб ўйласангиз янги маҳоратлар ва янги алоқаларни ўрнатишда маҳаллий семинарлар ёки атрофдаги янги тармоқларни қидиришни бошланг.

Юқоридаги фикрлар ўз шахсий бизнесини бошлаш нияти билан юрган бироқ, биринчи қадамни ташлашга иккиланиб турган опа-сингилларимизга ижодий мотивация бўлишига ишонамиз. Аниқ мақсад, пухта режа ва муқаррар муваффақият ҳамроҳингиз бўлсин!

Соҳиба СУЮНОВА тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.