ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: СОЛИҚ НАЗОРАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБ ТАОМИЛЛАРИ (2) Солиқ аудити

Солиқ текширувларининг самарадорлигини ошириш мақсадида, кодекснинг 147-моддасида солиқ органининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахсига текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган контрагентдан ёки бошқа шахслардан ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олишга ҳуқуқи берилди.

Бунда текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш солиқ органи раҳбарининг солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини тайинлаш тўғрисидаги қарори асосида ёки солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш чоғида амалга оширилиши мумкин.

Кодекс қоидаларига мувофиқ, солиқ текширувларини амалга оширувчи солиқ органи текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги топшириқномани мазкур ҳужжатлар талаб қилиб олиниши керак бўлган шахснинг ҳисобда турган жойидаги солиқ органига юборади. Топшириқномада солиқ назоратининг қайси тадбирини ўтказиш чоғида ҳужжатлар (ахборот) тақдим этиш зарурати юзага келганлиги кўрсатилади, муайян битимга тааллуқли ахборот талаб қилиб олинаётганда эса ушбу битимни идентификациялаш имконини берувчи маълумотлар кўрсатилади.

Топшириқнома олинган кундан эътиборан уч кун ичида ҳужжатлар қайси шахсдан талаб қилиб олинаётган бўлса, ўша шахснинг ҳисобда турган жойидаги солиқ органи ушбу шахсга ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисида талабнома юборади ва талабномага ҳужжатларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги топшириқноманинг кўчирма нусхасини илова қилади.

Ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш тўғрисидаги талабномани олган шахс талабнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида уни бажаради ёки талаб қилиб олинаётган ҳужжатларга эга эмаслигини ўша муддатда хабар қилади. Агар талаб этиладиган ҳужжатларни мазкур муддатда тақдим этиш имкони бўлмаса, солиқ органи ҳужжатлар қайси шахсдан талаб қилиб олинган бўлса ўша шахснинг илтимосномасига кўра ушбу ҳужжатларни тақдим этиш муддатини узайтириши мумкин.

Агар ҳужжатларни талаб қилиб олиш шартлари юқорида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ бўлмаса, ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги талабномани олган шахс, талабнома бўйича ҳужжатларни тақдим этишни рад этиши мумкин.

Кодекснинг 148­-моддаси бўйича ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш солиқ органининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахсининг асослантирилган қарори асосида амалга оширилади.

Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш, ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш амалга оширилаётган шахслар, холислар ҳамда зарур бўлган ҳолларда мутахассис иштирокида амалга оширилади.

Олиб қўйиш бошлангунига қадар, солиқ органининг мансабдор шахси олиб қўйишни амалга ошириш тўғрисидаги қарорни тақдим этади ҳамда ҳозир бўлган иштирокчиларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.

Солиқ органининг мансабдор шахси ҳужжатлар ва буюмларини олиб қўйиш амалга оширилаётган шахсга уларни ўз ихтиёри билан топширишни таклиф этади, таклиф рад этилган тақдирда эса олиб қўйишни мажбурий тарзда амалга оширади.

Ўзига нисбатан олиб қўйиш амалга оширилаётган шахс олиб қўйилиши лозим бўлган ҳужжатлар ва буюмлар сақланиши мумкин бўлган биноларни ёки бошқа жойларни очишдан бош тортганда, солиқ органининг мансабдор шахси тамбаларга, эшикларга ва бошқа буюмларга зарурат сабабли юзага келмаган шикаст етказишдан қочиб олиб қўйишни мустақил тарзда бажаришга ҳақли.

Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишни амалга ошириш тўғрисида кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда баённома тузилади ва баённомада ёки унга илова қилинадиган рўйхатларда ҳужжатлар ва буюмларнинг аниқ номи, сони, ўзига хос хусусиятлари ва имкон қадар буюмларнинг қиймати кўрсатилган ҳолда санаб ўтилади ва рўйхатга олинади.

Агар солиқ назорати тадбирларини ўтказиш учун текширилаётган шахс ҳужжатларининг кўчирма нусхалари етарли бўлмаса ҳамда солиқ органларида ҳужжатларнинг асл нусхалари йўқ қилиниши, яширилиши, ўзгартирилиши ёки алмаштириб қўйилиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса, бундай ҳужжатлар олиб қўйилаётганда улардан солиқ органининг мансабдор шахси томонидан тасдиқланадиган кўчирма нусхалар олинади ва ҳужжатлар олиб қўйилаётган шахсга топширилади.

Ҳужжатларни олиб қўйиш билан бир вақтнинг ўзида кўчирма нусхаларни тайёрлаш ёки топшириш имкони бўлмаган тақдирда, солиқ органи кўчирма нусхаларни ҳужжатлари олиб қўйилган шахсга ҳужжатлар олиб қўйилганидан кейин беш кун ичида топширади.

Олиб қўйилган ҳужжатлар рақамланиши, тикилиши ва олиб қўйилаётган шахснинг муҳри ёки имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Ушбу шахс олиб қўйилаётган ҳужжатларни муҳр ёки имзо билан тасдиқлашдан бош тортган тақдирда, олиб қўйиш тўғрисидаги баённомага бу ҳақида махсус белги қўйилади.

Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённоманинг кўчирма нусхаси улар қайси шахсдан олиб қўйилган бўлса, ўша шахсга имзо қўйдириб топширилади ёки юборилади.

Таъкидлаш жоизки, ҳужжатлар ва буюмларни тунги пайтда олиб қўйишга йўл қўйилмайди ва солиқ текшируви предметига алоқаси бўлмаган ҳужжатлар ва буюмлар олиб қўйилмайди.

Солиқ кодексининг 149-моддасига асосан, солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бирор бир ҳолатлар ўзига маълум бўлган ҳар қандай вояга етган жисмоний шахс кўрсатмалар бериш учун гувоҳ сифатида чақирилиши мумкин.

Ўз навбатида, ўзининг жисмоний ёки руҳий нуқсонлари сабабли солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўғри идрок этишга қодир бўлмаган шахслар ҳамда ўз касбий мажбуриятларини бажариши муносабати билан солиқ назоратини ўтказиш учун зарур бўлган ва ушбу шахсларнинг касбий сирига тааллуқли бўлган ахборотни олган шахслар гувоҳ сифатида жалб этилиши мумкин эмас.

Гувоҳнинг кўрсатмалари, агар у касаллиги, кексалиги, ногиронлиги туфайли солиқ органига кела олмаса, у турган жойда олиниши мумкин.

Кўрсатмалар олишдан аввал солиқ органининг мансабдор шахси гувоҳни кўрсатмалар беришни рад этганлик ёки бундан бош тортганлик ёхуд била туриб ёлғон кўрсатмалар берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради, бу ҳақда баённомага гувоҳнинг имзоси билан тасдиқланадиган белги киритилади.

Солиқ органига гувоҳ сифатида чақирилган ходимлар учун солиқ органига келганлиги сабабли ишда бўлмаган вақт учун асосий иш жойидаги ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.

Солиқ назоратини амалга оширишга доир аниқ ҳаракатларни ўтказишда иштирок этиш учун, зарур бўлган ҳолларда, эксперт жалб этилиши мумкин (150-модда).

Солиқ органи ва эксперт ўртасидаги шартнома асосида шахсни эксперт сифатида жалб этиш мумкин.

Агар юзага келадиган масалаларни тушунтириш учун илм-фан, санъат, техника ёки ҳунармандчилик соҳасидаги махсус билимлар талаб этилса, экспертиза тайинланади. Солиқ органининг солиқ назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсида бундай билимларга эгалиги экспертиза тайинлаш заруратидан озод этмайди.

Қайд этиш лозимки, экспертнинг олдига қўйилган масалалар ва унинг хулосаси экспертнинг махсус билимлари доирасидан чиқиши мумкин эмас. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорни солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахснинг илтимосномаси асосида солиқ органининг раҳбари қабул қилади.

Қарорда экспертизани тайинлаш учун асослар, экспертиза ўтказиши керак бўлган ташкилотнинг номи ёки экспертнинг фамилияси, исми, отасининг исми, экспертнинг олдига қўйиладиган масалалар ва унинг ихтиёрига бериладиган материаллар кўрсатилади. Эксперт экспертиза предметига тааллуқли текширув материаллари билан танишишга, ўзига қўшимча материаллар тақдим этилиши тўғрисида илтимосномалар беришга ҳақли.

Эксперт хулосасида ўзи ўтказган текширишлар, улар асосида қилинган хулосалар ҳамда қўйилган масалаларга асослантирилган жавоблар баён этилади.

Мабодо, экспертга берилган материаллар етарли бўлмаса ёки у экспертиза ўтказиш учун зарур билимларга эга бўлмаса, эксперт хулоса беришни рад этиши мумкин.

Солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органининг мансабдор шахси текширилаётган шахсни экспертиза тайинланганлиги тўғрисидаги қарор билан таништириши ва унинг ҳуқуқларини тушунтириши шарт бўлиб, бу ҳақда баённома тузилади.

Экспертиза тайинлаш ва ўтказиш жараёнида текширилаётган шахс:

► экспертни рад этиш ёки экспертни ўзи кўрсатган шахслар орасидан тайинлаш тўғрисида таклиф киритиши;

► қўшимча саволларни тақдим этиб, улар юзасидан эксперт хулосасини олиш;

► солиқ органи мансабдор шахсининг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш;

► экспертнинг хулосаси билан танишиш ва унга асослантирилган фикрлар тақдим этиши мумкин.

Солиқ назоратини амалга оширишга доир ҳаракатларда зарур бўлган ҳолларда иштирок этиш учун солиқ органи томонидан махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган ҳамда ишнинг натижасидан манфаатдор бўлмаган мутахассис жалб этилиши мумкин (151-модда).

Мутахассис сифатида жалб қилинадиган солиқ органи ва у билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Шахснинг мутахассис сифатида иштирок этиши унинг гувоҳ сифатида айнан шу ҳолатлар юзасидан сўроқ қилиниши имкониятини истисно этмайди.

Шунингдек, солиқ назоратини амалга оширишда зарур бўлган ҳолларда иштирок этиш учун таржимон жалб этилиши мумкин (152-модда.)

Хусусан, ишнинг натижасидан манфаатдор бўлмаган, таржима қилиш учун зарур даражада тил биладиган ёки кар ёхуд соқов жисмоний шахснинг имо-ишораларини тушунадиган шахс таржимонлик қилиши мумкин.

Шахснинг таржимон сифатида жалб қилиниши солиқ органи ва таржимон ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади.

Таржимон солиқ органи мансабдор шахсининг чақирувига биноан келиши ва ўзига топширилган таржимани аниқ бажариши лозим.

Солиқ назоратини амалга оширишга доир ҳаракатларда иштирок этиш учун холислар жалб этилиши мумкин (153-модда) ва улар камида икки нафар кишидан иборат бўлади.

Ишнинг натижасидан манфаатдор бўлмаган ҳар қандай вояга етган жисмоний шахслар холислар сифатида жалб этилиши мумкин.

Солиқ органлари мансабдор шахсларининг холислар сифатида иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Холислар ўз иштирокида амалга оширилган ҳаракатлар факти, мазмуни ва натижаларини баённомада тасдиқлаши шарт. Улар амалга оширилган ҳаракатлар юзасидан баённомага киритилиши лозим бўлган фикр-мулоҳазалар билдириш мумкин ва ўз навбатида, холислар кўрсатилган ҳолатлар юзасидан сўроқ қилиниши мумкин.

Солиқ назоратининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, кодекснинг 154­моддасида солиқ назорати доирасида ҳаракатларни амалга ошириш чоғидаги баённомага қўйиладиган умумий талаблар белгиланган. Унга мувофиқ, баённомада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

► текшириш ўтказишнинг асослари, тури ва даври, жойи ва санаси;

► текширишнинг бошланиш ва тугаш вақти;

► баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;

► ҳаракатда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган ҳар бир шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, зарур бўлган ҳолларда эса ­ унинг манзили;

► ҳаракатнинг мазмуни, уни амалга ошириш кетма­кетлиги;

► ҳаракатни бажариш чоғида аниқланган, иш учун аҳамиятга эга бўлган фактлар ва ҳолатлар.

Баённома ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган барча шахслар томонидан ўқиб чиқилади. Мазкур шахслар баённомага киритилиши ёки материалларга қўшиб қўйилиши лозим бўлган фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли.

Баённома солиқ органининг уни тузган мансабдор шахси, шунингдек ҳаракатни амалга оширишда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган барча шахслар томонидан имзоланади.

Баённомага фотосуратлар, видеоёзувлар ва ҳаракатни амалга ошириш чоғида бажарилган бошқа материаллар илова қилинади.

Шунингдек, кодекснинг 155-моддасида, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида, солиқ текширувини ўтказиш чоғида ғайриқонуний ҳаракатлар орқали зарар етказилишига йўл қўймаслик нормалари белгиланган.

Унга мувофиқ, солиқ текширувини ўтказиш чоғида текширилаётган шахсларга ёки уларнинг эгалигида, фойдаланишида ёхуд тасарруфида бўлган мол-мулкка ғайриқонуний ҳаракатлар орқали зарар етказилишига йўл қўйилмаслиги, агар солиқ текширувини ўтказиш чоғида солиқ органларининг ғайриқонуний қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари орқали етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим қайд этилган.

Бундан ташқари, солиқ органларининг ғайриқонуний қарорлари орқали текширилаётган шахсларга етказилган зарар учун солиқ органлари мансабдор шахслари қонунда назарда тутилган тартибда жавобгар бўлишлари ва аксинча солиқ органлари мансабдор шахсларининг қонуний ҳаракатлари орқали текширилаётган шахсларга ёки уларнинг вакилларига етказилган зарарнинг ўрни қопланмаслиги белгиланган (бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно).

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.