РИВОЖЛАНГАН МАМЛАКАТЛАР НОШИРЛАРИ ҚАНДАЙ СОЛИҚЛАР ТЎЛАЙДИ?

Ижтимоий тармоқларда нашриётлар мавзуси кўп тилга олинди. Турли муносабатлар ва изоҳлар қолдирилди. Ушбу муҳокамаларнинг дебочасини “Akademnashr” хусусий нашриёт уйи директори Санжар Назаровнинг қуйидаги ҳаволаси бошлаб берди.

Матбаа, нашриёт ва китоб савдоси хизматлари учун 15 фоиз миқдорда ҚҚС тўланадиган бўлди. Нашр учун зарур хом-ашёлар: қоғоз, бўёқ ва ҳ.к. лар учун олдин ҳам ҚҚС тўланар эди. Корхоналарнинг даромад солиғи миқдори 12 фоиздан 15 фоизга ошди. Аҳолининг тўлов қобилияти, харид қуввати ошиши мумкинлигига ҳатто бирор ишора ҳам кўринмаётган бир шароитда бу ўзгаришларнинг оқибатини тасаввур қилишни ҳам хоҳламасдим. Шундоғам зўрға елкасидан нафас олиб турган соҳа бу қийинчиликлардан сўнг – севимли файласуфимиз таъбири билан айтилганда – ўлмаса, аниқ кучлироқ бўлиб қад ростлайди. Балки янги Ўзбекистон китобсиз мамлакат бўлиши керакдир?!

Хусусан ўтган йиллар мобайнида “Раҳбардан 10 китоб”, “Халқ кутубхонаси” акциялари уюшқоқлик билан ўтказилди. “Ёш китобхон”га ўхшаган маърифий танловлар пайдо бўлди. Менимча, соҳанинг ривожи учун шу тарзда давом этиш керак эди. Қанча кўп китоб чоп этилса, бозорда шунчалик рақобат кучаяди ва бу ўз-ўзидан сифатнинг ҳам ўсишига сабаб бўлади.

Бу борада бошқа хусусий ноширлар фикри билан ҳам қизиқдик.

– Мен бутунлай ёмон кунлар демасдиму, лекин ҳар ҳолда қўшилган қиймат солиғининг қўшилиши китобларнинг нархининг ошишига сабаб бўлади, – дейди биз билан суҳбатда Asaxiy.uz интернет-дўкони асосчиси ва раҳбари Фируз Аллаев.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора­тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ солиқ тизимида жорий этилган имтиёзнинг 2020 йил 1 январдан тугатилиши муносабати билан ижтимоий тармоқлардаги қолдирилган фикрлар ва изоҳлар билан танишиб чиқдим. Ҳақиқатдан китобхонлик, шу билан бирга ноширлик ишига халқимиз орасида эътибор сусайиб бормоқда. Бироқ вақти келиб бунинг бадали оғир бўлиши мумкин.

Бугунги кунда нашриёт ёки китоб дўконлари қуйидагича солиқларни тўлашади:

– Корхонанинг даромад солиғи 15 фоиз;

– Ходимларнинг маошига даромад солиғи 15 фоиз;

– Таржимон, ёзувчи, муҳаррир ва бошқа ижодкор ходимларнинг гонорарига 15 фоиз солиқ тўлашади. Энди унинг устига 15 фоиз қўшилган қиймат солиғи тўлайдиган бўлсак бу нимага олиб келади? Энди фаолиятини бошлаган ва зўрға кун кўриб келаётган нашриётларнинг ёпилишига, бу эса ўз навбатида нашриёт­матбаа соҳасида рақобатнинг кучсизланишига сабаб бўлади. Англаганингиздек, бу алалоқибат китобларнинг нархига ҳам ўзгариш олиб келади. Китоб бозори шунақа бозорки, унда нарх 500 сўмга ўзгарса ҳам таъсири сезилади. Бу яқин келажакда китоблар савдосини камайишига, бунинг ортидан соҳага зарар етишига ёки ривожланиши секинлашувига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, китоб нархи ошса, уни чоп этиш нархи ҳам кўтарилади. Тажрибамга кўра аксар истеъдодли ёш ёзувчи ва шоирлар бошқа соҳа вакилларига нисбатан анча ночор кун кечиришади. Табиийки, бу ўзгариш ижодкорларга ҳам ноқулайлик олиб келиши мумкин. Қисқаси, солиқларнинг ошиши китоб нархининг кўтарилишига ва умумий бозорнинг орқага кетишига сабабчи бўлиши мумкин. Нарх ошуви талабни пасайтиради. Талаб бўлмаса, адабиёт ижод қилгани билан фойда кўрмайди. Бозор иқтисодиёти шароитида фойда кўрмаган адабиёт ривожланиши секинлашуви табиий ҳол деб ўйлайман.

– Шоир Фахриёрнинг ёзишича, чамаси бундан 10 йиллар олдин Ўзбекистонда бир йилда, борйўғи, 3 минг номда, Қозоғистонда 30 минг номда, Россияда эса 120 минг номда китоб чоп этилар экан. Сизнинг-ча бу кўрсаткич сўнгги йилларда ўзгарганми?

– Мен у киши бу рақамларни қаердан олинганлигини ва қанчалик ҳақиқатга тўғри келишини рости билмайман. Лекин ўзим кузатганим, сўнгги йилларда Ўзбекистонда китоблар чоп этиш кўпайди, янги китоблар, янги таржималар пайдо бўлди. Одамларда китобга қизиқиш ортди, китоб бозори жонланди. Бироқ бу кўрсаткич эндиликда қай даражада бўлишини аниқ айтолмайман.

– Чет эл матбаа нашрлари бу борада имтиёзларга эгами, улар давлатга қандай солиқлар тўлайди ва қандай тўловлардан озод этилган?

– Одатда, нимадир иш қилганда уни чет эл тажрибаси билан қиёслашни яхши кўрамиз. Бу қайсидир маънода жаҳонда ўз ўрнимизни аниқлашга ёрдам берса керак. Келинг, биз ҳам анъанадан четлашмаган ҳолда дунёнинг бошқа мамлакатларида китоб савдосига қўйилган қўшилган қиймат солиғи миқдорлари билан танишамиз.

Жумладан бу кўрсаткич:

– Буюк Британияда 0 фоизни;

– Францияда 5,5 фоизни;

– Испанияда 4 фоизни;

– Германияда 7 фоизни;

– Голландияда 6 фоизни;

– Россияда эса 10 фоизни ташкил этар экан.

Умумий олганда Халқаро ноширлар Ассоциациясининг маълумотларига кўра, дунёнинг 43 та мамлакатида китоб савдоси солиқлардан бутунлай озод қилинган, 31 та мамлакатда китоб савдосига қўшилган қиймат солиғи 10 фоиздан ошмайди. Кўриб турганингиздек бу кўрсатгич дунёнинг бошқа ривожланган давлатларига нисбатан ҳам Ўзбекистонда юқори экан. Ўзбекистонда ҳам Президент қарори билан 2020 йил 1 январгача матбаа соҳаси солиқлардан озод қилинган эди. Тан олиб айтиш керак, бу даврда китоб соҳасида анча ривожланиш бўлди, янги китоблар чиқди, аҳолининг китобга бўлган қизиқиши ортди. Кўп минг сонли тираж билан назм­наср ва турли таржималар чоп этилди.

– Ўзбекистонда китоб ўқувчилар сони ярим аср олдинги давр билан солиштирганда жуда камайгандек. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Сизнинг-ча китобхонликни ошириш учун нималарга аҳамият қаратиш, қандай структура жорий этиш лозим?

– Менимча сўнгги йилларда китобхонлик катта тезликда ўсди. Бунинг сабаби мамлакатда сўз эркинлиги, фикр эркинлиги ривожланди. Шахсан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўзи бу соҳага алоҳида эътибор қаратди. Бешта ташаббус ва бошқа лойиҳалар доирасида китоб тарғиботи кучайди. Хусусан, ўтган йиллар мобайнида “Раҳбардан 10 китоб”, “Халқ кутубхонаси” акциялари уюшқоқлик билан ўтказилди. “Ёш китобхон”га ўхшаган маърифий танловлар пайдо бўлди. Менимча соҳанинг ривожи учун шу тарзда давом этиш керак эди. Қанча кўп китоб чоп этилса, бозорда шунчалик рақобат кучаяди ва бу ўз­ўзидан сифатнинг ҳам ўсишига сабаб бўлади.

Шунингдек электрон китоб ҳақида қонунчиликни яратиш керак. Электрон китоб тушунчасини қонунга киритиб, уларни рўйхатдан ўтказиш ва ISBN (International Standard Book number) – халқаро стандарт китоб рақами кодини олишни автоматлаштириш керак деб ўйлайман.

Агар ISBN кодини олиш шу заҳоти ва автоматик тарзда бўлса, электрон китоблар қоғоз китоблардан арзон туради ва уларнинг ривожланиши қўшимча қулайликлар олиб келади


Мутахассис фикри

Юқорида келтирилган фикрларнинг қанчалик асосли эканлигига аниқлик киритиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси, йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, халқаро солиққа тортиш шўъбаси, катта инспектори Орзигул РАВШАНОВА билан суҳбатда бўлдик.


– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-­3271 сонли Қарорига мувофиқ, ноширлик фаолиятини қўллаб­қувватлаш ва янада ривожлантириш, юртимизда соғлом рақобатга асосланган босма ва электрон китоблар бозорини шакллантиришни рағбатлантириш мақсадида, савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларининг алоҳида статистик ҳисоби юритилиши ва улар 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилиши кўзда тутилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрдаги ЎРҚ – 136 сонли Қонунига асосан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 208­-моддаси, 19-­бандига кўра, босма маҳсулотлар, яъни миллий валюта (купюра), китоб маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларининг даврий босма нашрлари (реклама тусидаги босма нашрлар бундан мустасно), дафтарлар ҳамда расм ва чизмачилик альбомлари бўйича реализация қилиш айланмалари ҚҚС бўйича солиқдан озод қилинадиган айланма сифатида белгиланган эди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Молия вазирлигининг 2019 йил 30 декабрдаги “Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2020 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисидаги ахборот хабари”га асосан, Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрдаги ЎРҚ­-136 сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига кўра тақдим этилган ва белгиланган имтиёзлар ҳамда ставкалар 2020 йил 1 апрелигача шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилиши белгилаб берилган.

Шунга кўра, хусусий ноширлик корхоналари ҚҚС бўйича Солиқ кодексининг 208-­моддаси, 19­-бандига асосан белгиланган имтиёздан 2020 йилнинг 1 апрелига қадар фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикасининг 30 декабрь 2019 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича алоҳида имтиёзлар кўзда тутилмаган.

Солиқ кодексининг 461­-моддасига мувофиқ, корхонанинг солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади бир миллиард сўмдан ошмаган бўлса айланмадан олинадиган солиқ тўлайдилар. Бунда корхона, нашриёт ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси бўлиши мумкин.

Юқоридаги шарт бажарилмаган ҳолатда корхона умумбелгиланган тартибга кўра, фойда солиғи, ҚҚС ҳамда ресурс солиқларни тўловчиси бўлади.

Бундан ташқари, ҳозирча Давлат нашриёт­матбаа акциядорлик компанияларига ва муаллифларга қалам ҳақи учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратилишини кўзда тутувчи, юридик кучга эга бўлган алоҳида қонун ҳужжати мавжуд эмас.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.