2020 ЙИЛДА АСОСИЙ ФОНДЛАР ҚАНДАЙ ҚАЙТА БАҲОЛАНАДИ?

1 февралга қадар қуйидагилар томонидан асосий фондлар қайта баҳоланиши лозим:

1) сўнгги марта қайта баҳолашни 2017 йил январда ўтказган кичик бизнес субъектлари;

2) кичик тадбиркорлик субъектлари жумласига кирмайдиган бошқа корхоналар, шу жумладан 2019 йилда ташкил этилган корхоналар.

Нималар қайта баҳоланади?

Қуйидагиларни қайта баҳоланг:

● асосий воситалар (0100-счёт);

● ўрнатиладиган ускуналар (0700-счёт);

● қурилиши тугалланмаган объектлар (0810-счёт);

● молиявий ижара шартномаси, шу жумладан лизинг шартномаси бўйича олинган асосий воситалар (0310-счёт);

Қуйидагиларни қайта баҳоламанг:

● ер участкалари, белгиланган тартибда хусусийлаштирилган ер участкалари бундан мустасно;

● табиатдан фойдаланиш объектлари.

Қайта баҳолаш қандай ўтказилади?

Объектларни қайта баҳолаш 1 январь ҳолати бўйича ўз танловига кўра – индекс усули ёки бевосита баҳолаш усулида ўтказилади:

● индекс усулига мувофиқ – қайта баҳолашни ўтказиш санасидаги ҳолатга кўра бухгалтерия ҳисобида қайд этилган объектларнинг дастлабки (тикланиш) қиймати ва улар бўйича эскириш суммасини (эскириш тўлиқ ҳисобланган объектлар ҳам киради) тегишли индексларга кўпайтиринг. Улар асосий фондлар турлари бўйича ва уларни харид қилиш даврларига боғлиқликда табақаланган;

● бевосита қайта баҳолаш усулига мувофиқ – қайта баҳолаш ўтказиладиган даврда ҳужжатлар асосида тасдиқланган бозор нархлари бўйича объектлар қийматини қайта ҳисобланг.

Қайта баҳолаш олдинги қайта баҳолаш натижасида олинган объектларнинг тикланиш қийматидан амалга оширилади. Охирги қайта баҳолашдан кейин қўшилган объектлар эса ҳисобга олиш қийматидан қайта баҳоланади.

Корхонангиз кичик бизнес субъекти ҳисобланмаса, 2020 йилда АФ тикланиш қийматини, яъни 2019 йил 1 январга олдинги қайта баҳолаш натижасида олинган қийматини қайта баҳолашингиз лозим. 2019 йилда харид қилинган объектлар бўйича улар ҳисобга олинган дастлабки қийматини қайта баҳоланг.

Корхонангиз кичик бизнесга мансуб бўлса, индекс усулини қўллаш чоғида навбатдаги қайта баҳолашни ўтказиш даврида (3 йилда 1 марта) сўнгги қайта баҳолашдан кейин ўтган йиллар (2018-2020 йиллар) учун қайта баҳолаш индексларини ҳисобга олган ҳолда қайта баҳолашингиз керак. 2018 йилда харид қилинган асосий фондлар учун 2019 ва 2020 йиллардаги қийматни ўзгартириш индексларини ҳисобга олиш лозим.

Объектларнинг дастлабки (тикланиш) қийматини ҳисоблаш билан бир вақтда жамланган эскириш суммасини (0200-счёт) ҳам қайта ҳисобланг. Эскириш тўлиқ ҳисобланган объектлар бўйича ҳам шундай ҳисобланг:

● индекс усулида – асосий фондлар қийматини ўзгартиришнинг тегишли индексларига;

● бевосита қайта баҳолаш усулида – қайта баҳолашдан кейинги тикланиш қийматининг қайта баҳолашгача бўлган қийматга нисбати билан ҳисоблаб чиқариладиган қайта баҳолаш коэффициентига.

Кейинчалик амортизация қайта баҳоланган қийматдан ҳисобланади.

Бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?

Қайта баҳолаш натижаси бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:

● асосий воситалар (0100), молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар (0300), капитал қўйилмалар (0800), ўрнатиладиган асбоб-ускуналарни (0700) ҳисобга олиш счётлари дебети – асосий воситалар объектларининг дастлабки (тикланиш) қийматини қўшимча баҳолаш суммасига;

● асосий воситалар эскиришини ҳисобга олиш счётлари кредити (0200) – асосий воситаларнинг ва молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларнинг жамланган эскиришини қўшимча баҳолаш суммасига;

● 8510 – “Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” счёти кредити – асосий фондлар объектларининг дастлабки (тикланиш) қийматини қўшимча баҳолаш ва жамланган эскириши суммалари ўртасидаги фарқ суммасига.

Балансда қандай акс эттирилади?

1 январь ҳолатига кўра қайта баҳолаш натижаларини қайта баҳолаш ўтказилган жорий давр учун молиявий ҳисоботда акс эттиринг. Бу 2020 йил январда ўтказилган қайта баҳолаш натижалари 2020 йил учун ҳисоботда уни тузиш чоғида (2020 йил I чораги учун ҳисоботда уни тузувчилар учун) акс эттирилиши кераклигини англатади. Улар 2019 йил учун ҳисоботда акс эттирилмайди. Шу тариқа 2019 йил учун молиявий ҳисоботда асосий фондлар қиймати йил охирига қайта баҳолашсиз акс эттирилади. 2020 йил учун молиявий ҳисоботда ушбу қиймат йил бошига қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилади. Ўтган йил охиридаги ва ҳисобот йили бошидаги маълумотларнинг бундай номувофиқлиги 2020 йил учун молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида тушунтириб берилиши лозим.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.