СОЛИҚ КОДЕКСИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРИШЛАР БОРАСИДА ТАҲРИРИЯТИМИЗГА КЕЛГАН САВОЛЛАР (1/2)

Саволларга Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчилари Фаррух Файзиев, Қудратилла Исломов ва Шерзод ДУСИЯРОВлар жавоб беришди.

– Янги таҳрирдаги солиқ кодексида қандай солиқлар амалиётга жорий этилди?

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги солиқлар белгиланди:

1) қўшилган қиймат солиғи;
2) акциз солиғи;
3) фойда солиғи;
4) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
7) мол-мулк солиғи;
8) ер солиғи;
9) ижтимоий солиқ.

– Хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақфактураларни ДСХОга тақдим этиш ва қабул қилинишида қандай шарт қўйилди?

– 2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Эслатиб ўтамиз! Солиқ тўловчилар электрон ҳисобварақ-фактуралар операторини ўз хоҳишларига кўра танлашлари мумкин.

– Кимлар учун соддалаштирилган солиқ режими бекор қилинди?

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 373-моддасига кўра, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун уларни умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказиш, шу билан бирга, ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланди.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлашда имтиёзлар сақлаб қолиндими?

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар сақлаб қолинди. (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 414-моддаси, 1-хатбоши ва 428-моддасининг, 9-хатбошида келтириб ўтилган)

– Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи ҳисобланмайдиган шахслар учун 2020 йил 1 январдан бошлаб қандай ўзгаришлар назарда тутилган?

– Айланмадан олинадиган солиқ тўлаш татбиқ қилинмайдиган шахслар 2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчилари деб эътироф этилди. Бундай шахслар 2020 йил 1 февралига қадар солиқ органларини ушбу солиқларни тўлашга ўтиш тўғрисида хабардор қилишга мажбур. Юқорида кўрсатилган муддатларда хабарнома тақдим қилинмаса солиқ органлари мустақил равишда ушбу шахсни қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиси сифатида бир вақтнинг ўзида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида махсус ҳисобга олиш рўйхатдан ўтказишни амалга оширади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.