Ижара шартномасидан даромад солиғини КИМ ТЎЛАШИ КЕРАК?

– Биз аҳолига транспорт хизматини кўрсатиб келмоқдамиз, яъни таксопарк ташкил этганмиз. Аҳоли ташиш мақсадида корхонамиз балансида енгил автомобиллар сони етишмаслиги сабабли жисмоний шахсларга тегишли бўлган енгил автомобиллардан ижара шартномаси асосида фаолиятимизда фойдаланиб келмоқдамиз.

Ижара шартномасидан ҳисобланадиган даромад солиғини жисмоний шахснинг ўзи мустақил равишда тўлаб бериши керакми ёки корхона тўлайдими? Давлат солиқ инспекцияси ушбу даромад солиғини бизнинг корхона томонидан тўлаб берилишини талаб қилмоқда. Ушбу талаб тўғрими? Ижара шартномасида тегишли банд билан ушбу солиқларни тўлашни жисмоний шахснинг зиммасига юклаш қанчалик тўғри?

Фахриддин Файзуллаев, Самарқанд вилояти.

Бу саволга тўлиқроқ жавоб олиш мақсадида мутахассисга мурожаат қилдик.

Ойбек АЗИМБОЕВ, ДСҚ Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси давлат солиқ бош инспектори:

– Ушбу саволга батафсил жавоб беришдан аввал, келинг “тўлов манбаи” ва “солиқ агенти” тушунчаларига қисқача тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 13 ва 22-моддаларида ушбу тушунчалар ёритиб берилган.

Тўлов манбаи – бу солиқ тўловчига тўловларни амалга оширувчи юридик шахс.

Солиқ агентлари деганда эса Солиқ кодексига мувофиқ зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслар тушунилади.

Ижара муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Фуқаролик кодексининг 535-моддасига асосан мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

Бизнинг вазиятимизда, даромад олаётган томон – ўз мулкини ижарага бераётган жисмоний шахс. Солиқ қонунчилигига асосан солиқ солинадиган даромадга эга бўлган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчи ҳисобланади.

Энди жисмоний шахсларнинг солиқ мажбуриятини келтириб чиқарувчи даромадларига нималар киришини айтиб ўтамиз.

Солиқ кодексининг 171-моддасига асосан жисмоний шахсларнинг жами даромадига қуйидагилар киради:
1) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;
2) мулкий даромадлар;
3) моддий наф тарзидаги даромадлар;
4) бошқа даромадлар.

Мулкий даромад

Бизнинг мавзуимизга тегишли даромад – бу мулкий даромаддир. Солиқ кодексининг 176-моддасида қандай даромадлар мулкий даромадлар таркибига киритилиши кўрсатиб ўтилган. Шу қаторда жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлари ҳам мулкий даромадлар таркибига киради.

Энди эса жисмоний шахсларга мулкий даромадларни тўлаб берадиган солиқ агентлари, яъни юридик шахсларнинг мажбуриятлари тўғрисида тўхталамиз.

Солиқ кодексининг 184 ва 185-моддалари билан солиқ агентининг мажбуриятлари белгилаб берилган.

Хусусан, агар мулкий даромадларнинг тўлов манбаи юридик шахс бўлса, мазкур даромадлардан жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти даромадни тўлаб берган юридик шахснинг зиммасига юклатилади. Яъни солиқ агентлари жисмоний шахснинг даромадларидан ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини мазкур даромадлар ҳақиқатда тўланаётганда ушлаб қолишлари шарт.

Акс ҳолда, мазкур солиқ суммаси ушлаб қолинмаган тақдирда, солиқ агенти ушлаб қолинмаган суммани ҳамда у билан боғлиқ пеняни бюджетга тўлаши шартлиги белгилаб қўйилган.

Кўп ҳолларда юридик шахслар Солиқ кодекси 189-моддасининг иккинчи қисмига чалғимоқдалар, яъни агар мулкий даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, мазкур даромадлар декларация асосида солиқ солинадиган даромад ҳисобланади ҳамда жисмоний шахс томонидан мустақил равишда тўлаб берилади деб хулоса чиқармоқдалар.

Мазкур қисмга шарҳ берилган бўлиб, агар ижарага олувчи жисмоний шахс ҳисобланса, унда тўлов манбаида даромад солиғини ушлаб қолиш мажбурияти бўлмайди. Қолган барча вазиятларда ушбу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинади. Шунинг учун, ижара берувчи-жисмоний шахс томонидан олинган мулкий даромадларга декларация асосида солиқ солинади, яъни солиқни мустақил равишда ўзи бюджетга тўлаб беради.

Фақатгина меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсга моддий наф тарзида даромад тўловчи солиқ агенти жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаб қолмасликка ҳақлидир. Бунда жисмоний шахс моддий наф тарзидаги даромад бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини мустақил равишда тўлаб беради.

Моддий наф тарзидаги даромадларнинг таркиби Солиқ кодексининг 177-моддасида кўрсатилган.

Бироқ шунга қарамасдан томонлар ижара шартномасига тегишли банд киритиб, даромад солиғи тўловини ижарага берувчи жисмоний шахснинг зиммасига юкламоқдалар. Бу шартномаларни юридик жиҳатдан нотўғри расмийлаштирилган шартномалар деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд.

Жумладан, Фуқаролик кодексининг 2-моддасига кўра, солиқ, молиявий ва бошқа маъмурий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмаслиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, мазкур кодекснинг 116-моддасига асосан қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топилади.

Демак, юқоридаги баён қилинганлардан келиб чиқиб хулоса қилиш мукин-ки, Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигини белгилаб берувчи асосий ҳужжат ҳисобланадиган Солиқ кодекси билан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва уни бюджетга тўлаб бериш жисмоний шахсга даромадни тўлаб бераётган юридик шахснинг зиммасига юклатилмоқда. Ҳаттоки, ушбу меъёрга амал қилмаганлик учун юридик шахсларга жавобгарлик белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадларига, бундан дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлар мустасно, 12 фоизли ставка бўйича солиқ солинади.

Солиқ агентлари йилнинг ҳар ойида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молия ҳисоботини тақдим этиш муддатида давлат солиқ хизмати органларига Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов Ҳисоб-китобини тақдим этиши шарт.

Ҳисоб-китобга мулкий даромадлар (бундан дивидендлар ва фоизлар мустасно) ва моддий наф тарзидаги даромадлар, ҳар бир жисмоний шахс бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тўлов манбаида ушлаб қолинган суммалар тўғрисидаги ахборот илова қилинади.

Солиқ кодексининг 188-моддасига асосан тўлов манбаида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ҳисоблаб чиқарилган суммаси бюджетга солиқ агенти томонидан пул маблағларини олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда, бироқ ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай тўланиши шарт.

Бунда ижара шартномасида кўрсатилган ижара тўлови ижарага берувчи-жисмоний шахсга тўлаб берилиши ёки берилмаслигидан қатъи назар, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай, яъни кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай тўлаб берилиши лозим.

Акс ҳолда, тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,045 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086- сонли Қарорининг 24-иловасида мол-мулкини ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари белгиланган бўлиб, енгил автомобиль (йўловчилар, багаж ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси) учун ойлик ижара тўлов ставкасининг энг кам миқдори 480 минг сўмни ташкил этади.

Мазкур ставкалар жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солиш мақсадида қўлланилади.

Шу сабабли, энг кам миқдордан кам суммага ижара шартномаси тузилган тақдирда, юридик шахс томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов Ҳисоб-китобининг 3-иловаси ҳам тўлдирилиши шарт.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.