Энди жисмоний ва юридик шахсларнинг МУЛК ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Ўтган йиллар мобайнида ижтимоий тармоқ орқали энг кўп кўтарилган, баҳсларга сабаб бўлган муаммолардан бири, шубҳасиз жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш, уй-жойларнинг ноқонуний бузилишига барҳам бериш ҳамда етказилган зарар ўрнини қоплаш учун компенсация бериш масаласи бўлди.

Жойларда фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларига бўлган тажовузларга қонуний барҳам бериш мақсадида ўзбекистон республикаси президентининг “фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 3 августдаги ф-5491-сонли фармойишига мувофиқ, ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги “жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”Ги 911-сонли қарори қабул қилинди.

ҚАРОРДА БЕЛГИЛАНИШИЧА ЭНДИЛИКДА:

Биринчидан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни (кейинги ўринларда инвестиция лойиҳалари деб аталади) амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилади,

Иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилинади.

Учинчидан, ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган ерни олиб қўйиш муносабати билан компенсация бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланади.

Тўртинчидан, кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилади.

Бешинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар ёки бошқа давлат органи томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмаганлиги сабабли бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш йўли билан ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланади.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасида бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида 2 та штат бирлигидан иборат Ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси (кейинги ўринларда Шўъба деб аталади) ташкил этилади.

Зарур ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасида бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишлари бўйича бош мутахассис (кейинги ўринларда бош мутахассис деб аталади) лавозими Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори билан киритиладиган бўлди.

Шўъба ҳамда бош мутахассиснинг асосий вазифалари сифатида, бузиладиган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш учун етарли ресурслар (маблағлар, ер участкаси ва бошқа мулк) мавжудлигини ўрганиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига киритиш учун бўлажак қурилиш объектининг лойиҳа ҳужжатларини тақдимот материаллари шаклида тайёрлаш вазифаси белгиланди.

Қарорда қайд этилишича, шўъба ҳамда бош мутахассиснинг асосий вазифалари сирасига олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорлари билан очиқ муҳокамани ташкил этиш, ер участкаси олиб қўйилиши ташаббускори ва кўчмас мулк объектлари мулкдорлари ўртасида тузилган, компенсация миқдори, тури ва бериш муддати назарда тутилган келишувлар ҳисобини юритиш ишлари ҳам киради. Бундан ташқари, компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторингини олиб бориш, ер участкалари олиб қўйилиши, компенсация берилиши, кўчмас мулк объектлари бузилиши, шу билан бир қаторда, олиб қўйилган ер участкасида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумотлар киритиб бориш ишлари ҳам шўъба ва бош мутахассиснинг ваколатига киради.

Қарорда белгиланишича, ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланади.

Шунингдек, мазкур қарордан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ қўшимчалар киритиладиган бўлди. Бундан ташқари 3-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, ушбу қарор 1-бандининг “а” кичик банди ва 4 – 6-бандлари 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга киради. Мазкур қарор ва унинг иловалари билан lex.uz – Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида тўлиқ танишишингиз мумкин.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ
тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.