ҚЎҚОН ХОНЛИГИДА САВДО БОЖИ ВА СОЛИҚЛАРИ

Қўқон хонлигида ўзига хос солиқлар тизими мавжуд бўлиб, солиқлар иқтисодиётнинг асосий таянчи ҳисобланган. Хонликда божхона иши ва савдо солиқлари Ислом дини аҳкомларига асосланган ҳолда амалга оширилган. Хон хазинасига тушадиган даромаднинг асосий қисми савдо соҳасидаги солиқлардан иборат бўлган. Қўқон хонлигидаги солиқлар тизими қўшни Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидаги солиқ тизими билан деярли бир хил эди.

ХОНЛИКДА БОЖ ВА САВДО СОЛИҚЛАРИ ОРАСИДА БОЖХОНАДАН ОЛИНГАН СОЛИҚЛАР КАТТА ДАРОМАД ОЛИБ КЕЛГАН

Хонликда учта йўналишда божхоналар фаолият олиб борган:

1) Бухоро, Хива хонликлари, Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон ҳамда бошқа ҳудудлардан хонликка кириб келган савдогарлар Хўжанд божхонасида бож тўлаганлар.

2) Шарқий Европа, Россия империяси, қозоқ ерларидан кириб келган маҳсулотлар учун Туркистон, Тошкент божхоналарида бож олинган.

3) Хитой, Қашқар, Шимолий Ҳиндистон ва тоғли беклардан келган савдо карвонлари Ўш, Андижон, Марғилон божхоналарида бож тўлаганлар. Божхоналар сони хонлик ҳудудининг кенгайиб бориши туфайли кўпайиб борган. Ҳар бир божхонанинг учтадан ўнтагача махсус постлари бўлган.

Хонлик ҳудудига қўшни давлатлардан кириб келаётган карвонни чегарада божхона ходимлари кутиб олган. Улар карвон юкларини савдогарлар кўрсатмасига кўра рўйхатдан ўтказганлар. Давлат амалдори – закотчи карвондаги савдогар шахси, мамлакати, туялар (ёки от ва аравалар) сони, юк миқдори, тури ва бошқаларни рўйхатга олиб, йўлдаги дастлабки шаҳар ҳокими номига хабарнома юборган.

Чегара ҳудудлардаги божхона бош назоратчиси, яъни закотчи хон ёки бек томонидан тайинланган, унинг ёнида эса божхона мавқеига қараб 5­6 та ёрдамчиси бўлган.

Чегара божхонасидан ўтган карвон ўзлари келган дастлабки шаҳар дарвозаси олдида тўхтаган ва шаҳар закотчисига хабар юборган. Закотчи ўз ёрдамчилари билан келиб, карвонни текширув майдонига олиб келган ва божхона юборган рўйхатда кўрсатилган маълумотларнинг тўғри ёки нотўғрилигини текширган.

КИМ ҚАНДАЙ БОЖ ТЎЛАГАН?

Шунингдек, мамлакат ҳудудига тақиқланган маҳсулотлар олиб келинмаётганлигига ишонч ҳосил қилингандан сўнг, хонликда белгиланган тартибда мусулмон савдогарлардан умумий молнинг 2,5 фоизи миқдорида, мусулмон бўлмаган савдогарлардан эса 5 фоиздан 10 фоизгача миқдорида бож олинган.

Амалдаги божхона тартибларига кўра, XIX аср ўрталарида Россиядан келаётган савдо карвонларидаги юкли туя ва аравалардан 20 коп., отлардан 10 коп. миқдорида алоҳида бож йиғилганлиги архив ҳужжатларида берилган.

Барча бож ишлари ниҳоясига етганидан сўнг, масъул закотчи савдогарга бож тўланганлиги тўғрисида ёрлиқ ёзиб берган ва савдогар бошқа бож тўламасдан, бир йил давомида, хонлик ҳудудида эркин савдо қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Агар савдогар даромади ошиб, қўшимча мол келтирса, унга алоҳида бож тўлаган. Шунингдек, баъзи ҳолатларда савдогарлар 6 ой давомида кўрсатилган миқдорда солиқ тўлашга мажбур бўлган.

Хонлик божхоналарида 20 тиллодан кам бўлмаган олтин ва кумуш пуллардан ҳам шу ҳисобда бож олинган. Агар савдогар пулни яширишга ҳаракат қилса, божхона уни мусодара қилиши мумкин.

Хонликдан ташқарига чиқиб кетаётган савдо карвонлари ҳам савдо божи тўлаганлар. Қўқон хонлиги шаҳарларидан чиқиб кетаётган карвоннинг карвонбошиси дастлаб закотчига хабар берган. Закотчи ўз ёрдамчисини карвонсаройга юбориб, карвондаги туялар (ёки от ва аравалар) сони, юк миқдори, тури ва нархини аниқлаган ҳамда белгиланган миқдорда закот ундирган.

Хусусан, Худоёрхон даврида Россияга олиб кетилаётган ҳар бир туядаги пахтадан 1 руб. 90 коп. миқдорида бож олинган бўлиб, битта туяда ўртача 16 пуд пахта бўлган.

Шунингдек, закотчи ҳар бир юкли туядан ёрлиқ ёзиб бергани учун бир кумуш тангадан ҳақ олган. Божни тўлаган савдогар бошқа бож тўламасдан хонлик ҳудудида савдо қилиши мумкин эди. Бироқ қўшни мамлакат ҳудудига ўтмоқчи бўлса, ўша давлатда қайтадан бож тўлашига тўғри келган.

ЗАКОТСАРОЙЛАРНИНГ ВАЗИФАСИ

Хонликнинг йирик шаҳарларида божхона махсус закотсаройда жойлашган ва унда давлат амалдори – закотчи турган.

Хонликдан қўшни мамлакатларга савдо мақсадида борган савдогарлар ўша давлат қонунлари бўйича турли миқдорда солиқ тўлаганлар. Баъзи давлатларда хорижлик савдогарлар учун белгиланган савдо божларининг юқорилиги савдо алоқаларининг ривожига салбий таъсир кўрсатган.

Хусусан, XIX аср 60­йилларида Қўқон хонлигининг йирик савдогарларидан тошкентлик Ҳожи Юнусовнинг маълумотларига кўра, Ҳиндистондан Қандаҳор орқали Бухорога келгунга қадар савдо карвони йўлда 18 марта бож тўлаган.

Афғонистон шаҳарларининг кўпида савдо карвонларидан 2,5 фоиз эмас, 20 фоиз миқдорида бож олинган. Қўшни мамлакатлардан Ўрта Осиё хонликларида тижорат ишларини йўлга қўймоқчи бўлган савдогарлар динига эътибор берилишини инобатга олганлар. Хусусан, россиялик савдогарлар ўзлари номидан қозонлик татарларни савдо мақсадида юборганлар.

Хуллас, Қўқон хонлиги хазинасига тушадиган даромадларнинг каттагина қисмини божхоналардан олинган савдо божлари ва солиқлари ташкил қилган. Шу боис хонлик ҳукмдорлари доимо савдо божларининг тушумига катта эътибор қаратган бўлиб, давлат мансабдорларидан бўлган меҳтар, яъни молия вазирининг ўзи назорат қилган.

Шерали ҚЎЛДОШЕВ
ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими,
тарих фанлари номзоди, доцент.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.