ДИВИДЕНДЛАР ВА ФОИЗЛАР ТАРЗИДАГИ ДАРОМАД СОЛИҒИ ҲУҚУҚИЙ ВОРИС ТОМОНИДАН ТЎЛАНАДИ

– Хусусий корхоналар ҳуқуқий ворисга айланганда солиқ муаммоларига қандай ечим топилади? Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ким томонидан тўланади?

Турдиқул Давронов, Андижон вилояти.

Саволга Давлат солиқ қўмитаси Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси Бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Айдос КОШАНОВ жавоб берди.

✅“Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-­моддасига асосан, хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 170-­моддаси 6-­бандига мувофиқ, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаганидан кейин хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ҳамда фермер хўжалиги бошлиғи ихтиёрида қоладиган фойда суммаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.

Амалиётда ташкилий­ҳуқуқий шакли хусусий корхона бўлмаган фаолият юритаётган юридик шахслар томонидан ташкилий­ҳуқуқий шакли хусусий корхонага ўзгартирилгандан сўнг, ўзгарган юридик шахснинг тақсимланмаган соф фойдаси хусусий корхонанинг мулкдори тасарруфига ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Мазкур ҳолатда ташкилий­ҳуқуқий шакли ўзгарган юридик шахсдан олинган соф фойдани тақсимлашда дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғини тўлов манбаида ушлаб қолиш ҳуқуқий ворис­хусусий корхона томонидан амалга оширилиши лозим.

Бироқ айрим хусусий корхоналар томонидан “Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-­моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179­-моддаси талабларига таяниб, мазкур солиқ суммасини ушлаб қолмаслик ҳолатлари учрамоқда.

МАЗКУР ҲОЛАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИГА ТЎХТАЛИБ ЎТАМИЗ

Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3 ва 4­-моддаларига асосан, мулкдор ягона жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижоратчи ташкилот хусусий корхона деб эътироф этилади. Хусусий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий­ҳуқуқий шаклидир.

Хусусий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номини ва “xususiy korxona” деган cўзларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Юридик шахснинг ташкилий­ҳуқуқий шаклини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 50­-моддасига асосан, бир турдаги юридик шахс бошқа турдаги юридик шахсга айлантирилганида (ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилганида), қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтади.

Бундан ташқари, қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш тартиби “Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш тўғрисида”ги 23-­сонли Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (БҲМС) орқали белгиланади (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2005 йил 27 июнда 1484-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2005 йил 12 апрелдаги 37-сонли буйруғи).

Мазкур БҲМСнинг 5­-банди “д” кичик бандига асосан, ўзгартириш деганда, янги вужудга келган юридик шахсга қайта ташкил этилган юридик шахснинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бериш йўли билан корхонанинг ташкилий­ҳуқуқий шаклини ўзгартириш тушунилади.

Шунга кўра қайта ташкил этилган юридик шахс барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек солиқ мажбуриятларини ҳам ҳуқуқий ворисига ўтказади.

Ушбу норма Солиқ кодексининг 51-­моддасида ҳам белгилаб қўйилган бўлиб унга кўра, қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) томонидан бажарилади.

23­-сонли БҲМСнинг 59­-бандига мувофиқ, ўзгартириш шаклида қайта ташкил этилаётган корхона вужудга келган корхона ҳақидаги ёзув Реестрга киритилишидан олдинги кунда якуний молиявий ҳисобот тузиш чоғида даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш счётини ёпиш ва ўзгартирилаётган корхонанинг соф фойдаси суммасини муассисларнинг ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори (шартномаси)да белгиланган мақсадларга йўналтиришни (тақсимлаш) амалга оширади.

Тегишинча, қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг тақсимланмаган соф фойдаси муассислар ўртасида дивиденд тарзида тақсимланиши ёки муассисларнинг қарорига асосан, ҳуқуқий вориснинг белгиланган мақсадларига йўналтирилиши мумкин.

Агар қайта ташкил этилаётган юридик шахс муассисларининг қарорига асосан, тақсимланмаган фойда ҳуқуқий ворис­хусусий корхонанинг белгиланган мақсадларига йўналтирилган бўлса ва кейинчалик ҳуқуқий ворис­хусусий корхона томонидан тақсимланмаган фойда суммаси ўзининг муассисига тўланса, ҳуқуқий ворис­хусусий корхона дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғини тўлов манбаида ушлаб қолиши шарт.

Чунки тақсимланмаган соф фойда ташкилий ҳуқуқий шакли ўзгартирилган хусусий корхона фаолиятидан олинмасдан, балки тақсимланмаган соф фойда юридик шахсда ҳуқуқий шакли ўзгартирилмасдан олдин вужудга келган.

Бунда “Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24­-моддасига асосан, ташкилий­ҳуқуқий шакли хусусий корхона бўлиб ўзгаргандан кейинги хўжалик фаолиятини амалга оширишда тўпланган юридик шахсларнинг соф фойдаси дивидендлар тарзида тўланадиган даромад солиғига тортилмайди.

Солиқ кодексининг 1591­моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга 5 фоизли ставка бўйича солиқ солинади.

ЮҚОРИДАГИ ҲОЛАТНИ УШБУ МИСОЛ ОРҚАЛИ КЎРИБ ЧИҚАМИЗ

Ташкилий-ҳуқуқий шакли “МЧЖ” бўлган юридик шахс 2019 йил 30 июль куни ташкилий-ҳуқуқий шаклини “хусусий корхона” шаклига ўзгартирди. Бунда МЧЖнинг ташкилийҳуқуқий шакли ўзгартирилгунга қадар тақсимланмаган соф фойдаси 50,0 млн. сўмни ташкил қилиб, топшириш далолатномаси орқали мазкур сумма ҳуқуқий ворис-хусусий корхонага берилган.

2019 йил якуни билан хусусий корхонанинг соф фойдаси, МЧЖ фаолиятидан олган соф фойдаси билан қўшиб ҳисобланганда 75,0 млн. сўмни ташкил этди. Хусусий корхонанинг таъсисчиси барча соф фойдасини тақсимлашга қарор қилди.

Хусусий корхона таъсисчига соф фойдани тўлаш пайтида, 50,0 млн. сўмлик соф фойда суммасидан 5 фоиз ставкада дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғини тўлов манбаида ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши лозим. Қолган 25,0 млн. сўмлик (хусусий корхона фаолиятида тўпланган) соф фойда суммаси “Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддасига мувофиқ солиққа тортилмайди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.