Инвестор билан суҳбат: “Бизнесимиз келажак авлодга зарар келтирмайдиган бўлсин”

Мамлакатда бизнес юритиш осон бўлиб бормоқда. Буни Ўзбекистонга лойиҳалари билан келаётган чет эллик тадбиркорларнинг оқими кўпайганидан ҳам билиш мумкин. Биз бу ҳафта мамлакатга келган россиялик тадбиркор Алексей Феденко билан учрашиб, Ўзбекистонда лойиҳа амалга ошириш қулайликлари ва қийинчиликлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Алексей, сиз Ўзбекистонга биринчи марта келишингизми? Таассуротларингизни бизга билдирсангиз.

– Ўзбекистонга олдин ҳам келганман. 2012 йил эди. Ҳозирги лойиҳамни амалга ошираман деган ниятда келган эдим. Тўғрисини айтсам, ўшанда бу ердаги бизнес муҳитни кўриб ҳафсалам пир бўлган эди. Умид билан келиб, умидсизликка тушиб қайтиб кетгандим. Бу ерда лойиҳани амалга оширишингиз учун амалдаги қонунларга эмас, кимгадир суянишингиз керак эди. Бу нарса Ўзбекистонда бизнес қилишдан қайтарган эди. Яхши эслайман, ўша йиллари конвертация масаласи ҳам мужмал эди. Энди бу муаммолар барҳам топибди.

– Хўш, 2012 йилдаги муҳит билан ҳозирги даврдаги бизнес юритиш шароити қандай? Ўзбекистонга бошқа келмайман, деган бизнесменни мамлакатимизга қайта келишига нима туртки бўлди?

– Яхши савол бердингиз. 2012 йил тўғриси, бу мамлакатда ишлаб бўлмас экан деган ўй билан кетган эдим. Аммо кейинги йилларда интернет орқали кузатяпман, мамлакатингизда бизнес муҳит яхшиланмоқда. Инвесторларга ижобий кўз билан қараб, уларга шароит яратиб берилмоқда. Хуллас, Ўзбекистонда иш юритиш умидбахш, деб айта оламан.

– Ўзбекистонда нима иш қилмоқчисиз? Қандай ғоялар билан келдингиз?

– Олдин ҳам, ҳозир ҳам битта ғоялойиҳа билан мамлакатингизга келдим. Бу бизнесни, айнан, Ўзбекистонда амалга ошириш жуда қулай ва талабга жавоб беради. Бу экосеткалар ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Чунки бу мамлакатда пахта етиштирилади, уни қайта ишлаб, толага айлантиришади. Айнан, толага айланган пахтанинг чиқиндисини кўп фабрикалар ташлаб юборишади. Шу чиқиндилардан экосетка тайёрлаш мумкин. Уни мамлакат ичкарисига ва ташқарисига сотиш мумкин бўлади. Ҳозир кўп собиқ совет республикаларида полиэтилен пакетлар ишлатишади. Бу пакетлар, биласиз, сайёрамиз учун зарар. Мен, буни кўп айтаман, болаларимга ҳам “сен дўкондан битта сунъий пакет олдингми, ишлатдингми демак, денгиздаги битта балиқ ўлимига айбдорсан”, дейман. Сайёрамиздаги дарёлар, денгизлар, океанлар ҳозир шундай сунъий пакетлар билан тўлиб бормоқда. Сувдаги жониворларга эса бу катта зарар. Демак, бу сунъий пакетлардан қутулиб экосеткаларга ўтилса, бундан инсоният фақат ютади, холос. Мен бизнесимни, қанчалик баландпарвоз туюлмасин, қадриятларга асосланиб қураман, ўзимиздан кейинги авлодга зарар келтирмайдиган жиҳатларни инобатга оламан.

– Экосеткалар полиэтилен пакетларга нисбатан қиммат турса керак?

– Тўғри, қиммат. Лекин фойдали тарафлари кўп. Масалан, экосеткаларни кўп марта ишлатиш мумкин, бир марталик эмас улар. Биз маҳсулотимизни Европа мамлакатларида 25 центдан сотяпмиз. Агар Ўзбекистонда завод очсак, нархлар бирмунча арзон бўлади. Мана, 2022 йилдан бошлаб Россияда сунъий пакетлардан фойдаланиш тақиқланади. Демак, Россия бозори ҳам ана шундай экосеткаларга муҳтож, бу биз учун тайёр бозор дегани. Лекин мени бир муаммо қийнайди.

– Нима муаммо?

– Бу ерда маҳсулотни ишлаб чиқариш учун ҳамкорлар топиш муаммоси. Пахтани қайта ишлаб чиқарувчи корхоналардан тола чиқиндиларини арзон нархларда сотиб олиш муаммоси. Бу масалани ечгани мамлакатингизга келдим. Бу масала ечилганидан сўнг, ишлаб чиқариш учун керакли жиҳозларни келтириб, ишни бошлаймиз. Ҳозир Жиззах вилоятида жойлашган пахтани қайта ишлаш заводи мутасаддилари билан музокара қилдим. Шунингдек, бошқа вилоятлардаги заводларни ҳам бориб кўриб, кўришим, нархларни ўрганишим керак, тола чиқиндилари сифатини, таркибини ўрганишим керак бўлади.

– Демак, Ўзбекистонда ишлаш ниятингиз мустаҳкамланмоқда. 2012 йилдагига ўхшаб, қайтиб кетмайсизми?

– Ишламоқчиман. Ҳозир Ўзбекистонда бизнес об­ҳаво яхшиланган, яхшиланиб бормоқда. Кундан­кун ижобий ўзгаришлар томон қадам ташланмоқда. Шундай экан, нега бу ерда ишламаслигим керак? Ишлайман. Режаларимни тиниқлаштириб, мени қийнаган муаммоларни ойдинлаштириб, мамлакатингизда бизнес қилишдан ниятим катта.

Мурод ЧОВУШ
суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.