ЯТТНИ РИВОЖЛАНИШИГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛАЁТГАН МУАММОЛАР МАВЖУД(МИ?)

Таҳририятимиз ходимлари ҳудудларда газетхонлар фикри билан танишар экан, нафақат солиқ қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришлар, балки тизимда жисмоний ва юридик шахслар учун кутилаётган ижобий янгиликлар, солиқ сиёсатига доир мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам ёритиб боришимизни сўрашган.

 

Зафар ЭРГАШЕВ, ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази кафедра мудири, в.б.

Юридик шахс турар-жойдан тадбиркорлик мақсадида фойдаланса…

Бугунги солиқ сиёсати кўпроқ фуқаролар ва тадбиркорлар юкини янада енгиллаштиришга, уларнинг турмушини яхшилашга қаратилган. Амалдаги тартибга мувофиқ турар-жойлардан тадбиркорлик фаолияти мақсадида фойдаланиш (ишлатиш) учун фуқаролар бу борада қуйидаги босқичларни босиб ўтиши (ҳаракатларни амалга ошириши) керак:

● турар жойнинг тадбиркорлик мақсадида фойдаланилиши мўлжалланган қисми “нотурар жой” сифатида алоҳида кадастр ҳужжатлари билан расмийлаштирилади (оилавий тадбиркорлик бундан мустасно);

● нотурар жой учун сув, электр энергияси ва газ таъминоти корхоналари билан янги техник лойиҳалар асосида алоҳида шартномалар тузилади (кейинчалик ишлатилган сув, газ ва электр энергияси учун тўловлар юридик шахслар тўлайдиган миқдорларда (таърифларда) ундирилади);

● туман давлат хизматлари марказидан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун гувоҳнома олади;

● тижорат банкида ҳисоб рақам очилади;

● аҳолига пуллик хизмат кўрсатилса, назорат касса машинаси ва (ёки) тўлов терминаллари ўрнатилади ва рўйхатдан ўтказилади;

● лозим ҳолларда ҳар кунлик нақд пул тушумини тижорат банкларига топшириш учун инкассация хизмати билан шартнома тузилади.

Фуқаронинг ўзини-ўзи эплаши учун талаб юқори эмасми?

Битта фуқаронинг меҳнат қилиб, даромад топиши, ўзини­ўзи эплаши, оиласини боқиши учун ва солиқлар тўлаш орқали жамият қурилишида фаол иштирок этиши учун талаблар жуда катта эмасми?

Бугунги кунда қатъий белгиланган солиқларни тўлаш режимидаги жисмоний шахслар сони якка тартибда тадбиркорларнинг аксарият қисмини ташкил этади. Қатъий солиқ ставкаси тадбиркорликнинг фаолият турига қараб белгиланади. Бу тартиб солиқ ундириш амалиётида 20 йил атрофида қўлланиб келинмоқда.

Сўнгги йилларда солиқ ставкаларини белгилашда фаолият турларининг рўйхати кенгайтирилди, якка тартибдаги тадбиркорларга бир неча ишчи ёллашга рухсат берилди, маълум бир маънода солиқ ставкаларининг кескин ўсиши камайтирилди, айрим тадбиркорларга “Ҳунарманд” уюшмаси орқали фаолият кўрсатишга рухсат берилди.

Нега тадбиркорликни энди бошлаганларга имтиёз йўқ?

Жамиятимиздаги иқтисодий эркинликлар ва яратилаётган енгилликларга қарамай ҳамон Якка тадбиркорликни ривожланишига тўсқинлик қилаётган айрим ҳолатлар мавжуд. Бу муаммолар қайси жиҳатга кўра шаклланмоқда, унинг ечими қандай? Келинг, даставвал мавжуд муаммоларга эътибор қаратамиз. Жумладан:

► солиқ ставкаларини белгилашга қаратилган меъёрий ҳужжатларда айрим тадбиркорлик фаолияти турлари рўйхатга киритилмай қолади;

► ойлик даромад ва харажатлар ҳар хил бўлишига қарамай айрим фаолият турларига бир хил солиқ ставкалари белгиланади;

► тадбиркор бир ойда 5 кун ишлайдими, 30 кун ишлайдими, фарқи йўқ, ойлик солиқ суммасини тўлиқ тўлаши шарт. Агар тадбиркор жорий ойда бетоб бўлиб қолса ёки бошқа узрли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаса, ишламаса ҳам, бу ҳол солиққа тортиш жараёнида инобатга олинмайди;

► биринчи марта ёки янги фаолият турлари билан шуғуланишни бошлаган тадбиркорларга ҳеч қандай имтиёзлар кўзда тутилмаган (ягона ижтимоий тўлов бўйича имтиёзлар бундан мустасно).

Назаримда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида, молия­солиқ идоралари олдида турган вазифалардан бири якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш тартибига айрим ўзгартиришлар киритиш лозим.

Эътибор беринг, амалдаги тартибга кўра якка тартибдаги тадбиркор бир нечта фаолият тури билан шуғулланса, ҳар бир фаолият тури учун алоҳидаалоҳида солиқ тўлайди. Айни шу қоидадан келиб чиққан ҳолда ҳеч бир якка тартибдаги тадбиркор бир вақтнинг ўзида бир неча фаолият турлари билан шуғуллана олмайди. Мисол учун телекоммуникациялар операторларига, провайдерларига воситачилик хизматлари кўрсатиш (абонентлар ёки хизматлар кўрсатувчиларга маълумот-ахборот хизмати кўрсатиш, хизмат кўрсатувчиларнинг хизматлари учун тўловларни қабул қилиш) билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор бир пайтнинг ўзида шу фаолиятга турдош компьютер дастурларини ишлаб чиқиш хизматлари, компьютер ўйинларини ташкил этиш, шунингдек, компьютер ёрдамида матнларни териш ва босиб чиқариш хизматлари, матндан нусха олиш ва кўпайтириш билан боғлиқ хизматларни амалга ошира олмайди. Айниқса ушбу вазиятда аҳоли сони нисбатан кам бўлган чекка ҳудуддаги якка тартибдаги тадбиркорлар азият чекишмоқда. Фикримча, якка тартибдаги тадбиркорга битта универсал солиқ белгиланиши лозим. Ёки солиқ амалиётга жорий этилаётганда аҳолининг демографик жойлашуви ва ҳудудларни инобатга олиш лозим. Бундан ташқари, агар фуқаро мактабда дарс бериб, бўш вақтида репетиторлик билан шуғулланса, у фақат репетиторлик билан шуғулланадиган тадбиркордан бир неча марта кам солиқ тўлаши лозим. Шунда кўпчилик ўқитувчиларда ўқув муассасаларида ишлаб бўш вақтларида репетиторлик билан шуғулланишга хоҳиш уйғонади.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғуланиши мумкин бўлган рўйхати (хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари)ни бошқатдан кўриб чиқиш ва фаолият турига қараб ҳар хил солиқ ундириш тартибларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, мардикорлик, бозорларда юк ташувчилик ва бошқа шу каби мавсумий фаолият турлари билан шуғилланувчи жисмоний шахсларга йиллик патент сотиб олиш тизимини жорий этиш керак.

Тадбиркорлар қайси фаолият тури ва қай тартибда солиқ тўлашларидан қатъи назар, уларни рағбатлантирувчи имтиёзлар тизими бўлиши лозим. Масалан, тадбиркор бир неча ой учун олдиндан қатъий белгиланган солиқни тўлаб қўйса унга чегирма беришимиз мақсадга мувофиқ бўларди. Аммо биз негадир имтиёз беришдан қўрқамиз ёки имтиёзлардан келиб чиқадиган маблағлар ҳажмини жуда катта деб ўйлаймиз.

Кодексга жисмоний шахслар даромад солиғи учун имтиёзлар ва енгилликлар киритиш лозим

Солиқ кодексида айрим тоифадаги жисмоний шахслар даромад солиғидан қисман озод қилиниши кўзда тутилган.

Жумладан, даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича солиқ тўлашдан озод қилинадиган шахслар қаторига “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Меҳнат “Қаҳрамони” унвонларига сазовор бўлган шахслар, учала даражадаги “Шуҳрат” ордени билан тақдирланган шахсларни, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахсларни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари) ва бошқаларни киритиш мумкин, дея қайд этилган.

Табиийки, мантиқий савол туғилади – бу тоифага кирувчи қанча киши ҳаёт, уларнинг ёши нечада, қанчаси меҳнатга лаёқатли ва агар улар ишлаётган бўлса, ўртача ойлик даромадлари қанча бўлиши мумкин? Ва ниҳоят, улардан ундириладиган солиқларнинг ҳажми бюджетнинг даромад қисмида қанчалик муҳим ўрин эгаллайди?

Назаримда, давлатимиз бундай тоифадаги фуқаролар учун нафақат энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида чегирма қилиши лозим, балки унинг ўрнига моддий рағбатлантириб туришга ҳам қурби етади. Чунки бундай шахслар орамизда бармоқ билан санарли. Бундан ташқари биринчи марта ёки янги иш бошлаётган тадбиркорларга, ногиронларга ва айрим тоифадаги бошқа фуқароларга ҳар хил турдаги имтиёзларнинг берилиши давр талабидир.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.