БЎШ ТУРГАН БИНОЛАР УЧУН СОЛИҚ МИҚДОРИ ЎЗГАРДИ

13 ноябрдан бошлаб, бўш турган бинолар учун тўланадиган солиқлар бўйича ўзгаришлар бўлди. Бу борада жуда кўп саволлар келиб тушмоқда. Хўш, булар қандай ўзгаришлар? Бу борада мутахассис изоҳи билан танишинг.

Акмал НАЗАРОВ, Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси давлат солиқ бош инспектори:

– 13 ноябрдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори кучга кирди. Яқинда Давлат солиқ қўмитаси томонидан бу масалага бағишланган семинар ҳам ўтказилди.

Бўш турган бино нима?

Хатловдан ўтказиш вақтида белгиланган муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари, бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари умумий майдонининг 50 фоизидан кўпроғидан фойдаланилмай келинган бўлса, (мавсумий тусдаги фаолият амалга ошириладиган объектлар бундан мустасно), бўш турган объект ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида эътироф этилади.

Муддат ва ставкаларда қандай ўзгаришлар бўлди?

Аввалги қонунчилик бўйича мол­мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан 6 ойгача – икки баробар, 6 ой ўтгандан сўнг – беш баробар, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик ўн баробар миқдорида қўлланилган.

Янги тартибга кўра, мол­-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан 3 ойга қадар икки баробар, 3 ой ўтгандан сўнг – беш баробар, 6 ой ўтгандан сўнг – ўн баробар, 12 ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баробарига тенг миқдорда белгиланадиган бўлди.

Шу билан бирга солиқ солиш режими ўзгаришини талаб қиладиган норма бекор қилинди. Яъни амалдаги норма бўйича юридик шахслар – солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни соддалаштирилган тартибда тўлашдан умумбелгиланганга ўтказилган.

Жорий қилинган янги норма бўйича бўш турган объект эгаси юридик шахс – соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаш режимини сақлаб қолади.

Бўш турган объектларга амалдаги тартиб бўйича қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган барча солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиши тўхтатилиши белгиланган.

Давлат солиқ хизмати органларига тўғридан­тўғри таъсирчан солиқ механизмини қўллаш ваколати берилди. Бунда туман (шаҳарлар)даги ишчи гуруҳ ва сектор раҳбарлари томонидан хатлов ўтказиш, хатлов натижаларини ишчи органга тақдим этиш, ишчи орган томонидан тасдиқлаш учун Идоралараро комиссияга киритиш ва хулосалар чиқартириш каби жараёнлар соддалаштирилди.

Хусусан, буларнинг ўрнига бўш турган объектлар давлат солиқ хизмати органлари томонидан мустақил равишда аниқланадиган тизим жорий қилинди.

Тўловни қайтариш ва бошқа меъёрлар

Эндиликда тадбиркорлик субъектларини қўллаб­қувватлаш мақсадида фойдаланилмаётган объект хўжалик фаолиятига жалб қилинганда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида охирги 12 ой учун тўланган солиқ суммалари объект мулкдорига қайтарилади.

Мулк қиймати мавжуд бўлмаган ёки қиймати “0”га тенг бўлган объектларга нисбатан солиқ ҳисоблаш амалиётига аниқлик киритилди.

Аввалги тартиб бўйича мол­мулкнинг қиймати мавжуд бўлмаганда ёки “0”га тенг бўлганда объектларга нисбатан солиқ ҳисоблаш имконияти мавжуд бўлмаган.

Жорий қилинган янги норма бўйича мол­мулкнинг шартли қиймати ҳар бир квадрат метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг Тошкент шаҳрида 8 баробари; Нукус шаҳри, вилоят марказлари ҳамда республика ва вилоятга бўйсунувчи йирик шаҳарларда 4 баробари; бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларида 2 баробари миқдорида белгиланади. Бунда объектнинг фойдаланилмаётган майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлганда, ҳисобланган солиқ суммасига 1,5 баробари миқдоридаги кўпайтирувчи коэффициент қўлланиладиган бўлди.

Фойдаланилмаётган объектлар ҳисобини юритиш” автоматлашган дастурий маҳсулида инсон омилини чеклаган ҳолда, фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига огоҳлантириш хатларини юбориш, таъсирчан солиқларни белгиланган муддатларда ҳисоблаш, ишга туширилган объектлар бўйича тўланган солиқларни қайтариш имконияти яратилди.

Шуни эслатиб ўтиш керак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 ноябрдаги ПФ­-5868-­сонли Фармонига асосан 2019 йил 13 ноябрдан бошлаб, 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ­2796­сонли ҳамда 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора­тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-­3928-­сонли қарорлари ўз кучини йўқотди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.