ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ТУГАТИШ БОРАСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

КЎПЧИЛИК ТАДБИРКОРЛАР 1 ЯНВАРДАН ТАДБИРКОРЛИКНИ ТУГАТИШ БОРАСИДА БЎЛАДИГАН ЎЗГАРИШЛАР ЮЗАСИДАН ТАҲРИРИЯТИМИЗГА МУРОЖААТ ҚИЛИШМОҚДА. ШУ БОИС БУ МАСАЛАГА ОЙДИНЛИК КИРИТИШ МАҚСАДИДА МУТАХАССИС БИЛАН БОҒЛАНДИК.

Давлат солиқ қўмитаси Рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Комил САЙИДОВ:

– Янги йилдан бошлаб амалга кўчадиган тартибларга кўра: тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш тубдан соддалаштирилди, рўйхатдан ўтиш учун харажатлар ҳам камайтирилди.

Ҳозир Давлат хизматлари агентлигининг жойлардаги марказларига бориб 30 дақиқада корхона очиш мумкин, интернет орқали бўлса, 24 соат давомида рўйхатдан ўтиш мумкин.

Бизнесни очиш қандай қулай ва оддий бўлса, уни тугатиш ҳам худди шундай содда ва кам харажатли бўлиши керак. Афсуски, амалдаги тартибда бунинг имконияти йўқ эди.

Амалдаги қонунчиликда корхоналарни тугатиш бўйича иккита асосий ҳужжат бор эди.

Биринчиси, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сонли қарори;

Иккинчиси,Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекситон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сонли қарори асосида иш юритилган.

Амалдаги тартибда савдо корхонасининг банк ҳисоб рақамига 3 ой пул тушуми бўлмаса, банкдан маълумот келиши билан фаолият кўрсатмаётган корхоналар реестрига киритилиб, тугатиш жараёнини бошлаш назарда тутилган.

Савдо корхоналаридан ташқари, ишлаб чиқариш бўладими, хизмат кўрсатишми бошқа ҳамма корхоналар бўйича 6 ойда пул тушуми бўлмаганлиги тўғрисида тижорат банкидан маълумот келганидан кейин тугатиш жараёни бошланади.

Агарда, бу муддат ичида корхонанинг ҳисоб рақамига бирон сўм маблағ тушиб қолса, муддат яна бошидан бошланиб, тугатиш жараёни йиллаб чўзилар эди.

Бундан ташқари, мавсумий ишларни амалга ошириш учун ихтисослаштирилган (ёзги дам олиш масканлари, музқаймоқ ишлаб чиқарувчилар ва шунга ўхшаш бошқа) тадбиркорлик субъектлари уч ва олти ойлик муддат ичида фаолият кўрсатмаётган корхоналар реестрига кириб қолар эди.

Кейин, улар яна мавсум бошланиши билан фаолиятини қайта тиклаш бўйича махсус комиссияга ариза билан мурожаат қилиши, хулосасини олиши ва шу каби бошқа ортиқча оворагарчиликларга учраган.

Охирги 20 йилда амалда бўлган тартибга мувофиқ, битта корхонани тугатишга 17 та ҳужжатларни тўплаш, 6 та орган ва ташкилотлар билан ишлаб, бу жараён режа асосида кетганда ҳам камида 83 кун вақт талаб этар эди.

Мана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, тугатиш жараёнини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий чекловларни бекор қилиш, шунингдек, бизнес юритиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада яхшилаш мақсадида 2019 йил 7 июнда Президентнинг “Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини тугатишнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Бунда:
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги махсус ҳудудий комиссиялар тугатилади.
Давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, корхоналарни ихтиёрий тугатишда қуйидаги тартиблар белгиланди:

● бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;

● давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;

● давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;

● молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади;

● корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак.

Фармонда белгиланган топшириқа асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сонли қарори билан “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисида”ги низомлартасдиқланди.

Энди, 2020 йил 1 январдан бошлаб корхоналарни тугатиш манашу Низомларга асосан амалга оширилади.

Шубҳасиз, мазкур янги тартибларнинг амалга оширилиши тадбиркорлик субъектларини тугатиш механизмларини такомиллаштиришга, тугатиш жараёнини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий чекловларни бекор қилишга, шунингдек, бизнес юритиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада яхшилашга хизмат қилади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.