ЎЗБЕКИСТОННИ ХОРИЖДА ТАНИТИШНИ МАҚСАД ҚИЛГАН ЁШЛАР

“TEAZEAL”НИНГ ДУНЁ КЕЗГАН ПИЁЛАСИ

Бразилия, Рио-де-Жанейро

“Teazeal’’ жамоаси ҳақида илгари эшитганмисиз, уларнинг фаолияти билан танишмисиз? Жавобингиз йўқ бўлса, унда мараҳамат, танишинг. Бу “Teazeal”нинг рекламаси эмас, балки Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги рекламасидир.

“Teazeal” ҳақида қисқача

БАА, Дубай

“Teazeal” бутун дунёни кезиб юрувчи ўзбекистонлик ёш сайёҳлар жамоасидир. “Teazeal” сўзининг маъноси “Теа”- чой, “зеал”- роҳатланмоқ, яъни “чойдан роҳатлан” деган маънони англатади. “Teazeal” слогани – чойлашамиз, ёш жамоанинг мақсади — Ўзбекистонни бутун дунёга танитиш, чет элликлар тасаввурида Ўзбекистон деган давлатнинг ўзига хос имиджини шакллантиришдан иборат.

Улар ўзбек миллий дўпписини ва пахатгулли чинни пиёлани дунёнинг турли мамлакатларида реклама қилиб, суратга оладилар ва ижтимоий тармоқларга жойлайдилар. “Teazeal”чилар шу пайтгача 64 та давлатда бўлишди, уларнинг дўпписи ва пиёласининг “қадами” дунёнинг энг баланд чўққисидан тортиб, то Африка савванналарию, океан тубигача етди. “Teazeal”нинг ютубда 33 минг, Instagram ижтимоий тармоғида қарийб 17 минг кузатувчиси бор.

“Teazeal” жамоаси кимлардан иборат?

Таиланд

Ушбу сайёҳлар жамоаси, асосан, ёшлардан ташкил топган. Аслида, “Teazeal” ғояси Даврон Алижоновга тегишли. У лойиҳаси ҳақида шундай дейди:

Олдин фақат ўзим саёҳат қилардим, кейинчалик жамоамиз 5 кишига кўпайди, уларнинг ҳаммаси кўнгилли аъзолардир. Жамоа қўш-асосчиси Саиджон Холмирзаев (у мен билан битта компанияда ишлайди), “До ю кнов Узбекистан?” лойиҳасига жуда катта ҳисса қўшган. Исоқжон Абдужалилов ҳам қўш-асосчилардан биридир. У “Tearl tours” лойиҳамизга жавобгар. Азизбек Бегалиев жамоада ПР-менежер сифатида фаолият юритади. Жамоанинг яна иккита аъзоси youtube ва Instagram ижтимоий тармоғидаги обуначиларим, яна бири 10 йил олдин ўқитувчилик қилганимда ўқитган талабамдир”.

Австралия, Мельбрун

“Do you know Uzbekistan?” (Сиз Ўзбекистонни биласизми?)

Жамоа 5 та давлатда, Дубай, Австралия, Франция, Флиппин ва Жанубий Кореяда “Do you know Uzbekistan?” (Сиз Ўзбекистонни биласизми?) лойиҳасини суратга олди. “Teazeal’’чилар лойиҳанинг навбатдаги сонларини бундан кейин асосан Европа мамлакатларида суратга олмоқчи. Чунки саёҳат ишқибозлари айнан шу мамлакатлардан кўпроқ бўлиши мумкин. “Do you know Uzbekistan?”ни суратга олиш жараёни жуда ҳам қизиқ. Бунда жамоа ўзлари борган давлатдаги Ўзбекистон элчихоналари билан ҳамкорликда ишлайди. Чет элликларга Ўзбекистон ҳақидаги китоблар, брошюралар совға қилишади. Бундан ташқари, уларда “Do you know Uzbekistan?” челленжи мавжуд. Бу Ўзбекистон ҳақида билмаганлар учун пул ютиш имконини беради. Бу қандай амалга оширилади? “Teazeal’’чилар ҳар бир мамлакатда ўзбек миллий таомларини тайёрлайдиган ресторанлар билан ҳамкорлик қилади. Ресторанларда жамоа челленжи ва пул миқдори тушурилган рамкалар осиқлик туради. Лойиҳа иштирокчиси Ўзбекистон ҳақида ўрганади ва ўзбек ресторанига бориб жамоа унга тайёрлаб қўйган сирли саволга жавоб бериши керак бўлади. Тўғри жавоб берса, пул мукофотига эга бўлади ёки шу пул миқдорида ресторанда овқатланиш имконияти берилади. Жавоб беролмаган тақдирда ҳам “Teazeal’’чилар уни қуруқ қўймайди, бир пиёла чой билан сийлашади. Муҳими, чет эллик иштирокчи Ўзбекистон ҳақида кўп нарса ўрганади.

Умуман олганда, бутун жамоа ўзбек дўпписини кийиб, Ўзбекистон байроғи билан катта шаҳарларни кезиб юриши ҳеч бир чет элликни бефарқ қолдирмаса керак. Ҳеч бўлмаганда, “which country? – Ооо, Ўзбекистан”, деб қўяди.

“Teazeal’’нинг молиявий таъминотчиси йўқ!

Туркия, Истанбул

“Сиз Ўзбекистонни биласизми?”. Ҳар қандай давлатда бундай катта лойиҳани амалга ошириш анча-мунча маблағ талаб қилади. Шуниси қизиқки, жамоани бу тарафдан ҳеч қайси компания, ташкилот ёки шахс қўллаб-қувватламайди. “Teazeal’’ асосчиси Даврон Алижонов ўз ҳисобидан маблағ ажратади, қўш-асосчилар Исоқжон Абдужалилов ва Саиджон Холмирзаевлар ҳам маблағ масаласини ҳал қилишга ёрдам беради. Жамоанинг бу уч аъзоси Дубайда яшайди ва улар бу шаҳарни дунё эшиклари учун ҳаб вазифасини бажаради деб ҳисоблайди. Улар Дубайнинг турли компанияларида ишлайдилар, ўз шахсий бизнеслари ҳисобидан лойиҳага пул ажратадилар. Уларга лойиҳадан ҳеч қандай молиявий фойда йўқ, аксинча, улар пул сарф қилишади. “Teazeal’’чилар фойдани Ўзбекистон ва унинг имиджи учун деб билишади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас!

Франция, Париж

“Teazeal’’чилар ҳали режада бўлган ва эълон қилиш даражасига етмаган лойиҳалар ҳақида гапиришни хоҳламайди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбекистон ҳақида бошқа мамлакатлар билиши, унинг имиджи юксалиши йўлида қиладиган режадаги ишларимиз кўп. Биз кўзлаётган охирги манзил йўқ. Лекин аниқ мақсадимиз Ўзбекистонга келадиган туристлар оқими кўпайганини кўриш, қайси давлатга борсак, у ерда Ўзбекистон ҳақида билувчи инсонларни кўриб хурсанд бўлишдир”, – дейди жамоа асосчиси Даврон Алижонов.

Мадина ОЧИЛОВА


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.