ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ: СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБЛАРИ (5)

Кодексда, солиқ органининг раҳбари далолатномани кўриб чиқиш пайтида тузилган далолатномани, солиқ назорати тадбирларининг бошқа материалларини, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилаётган шахснинг ёзма эътирозларини ўқиб эшиттириши мумкинлиги, шунингдек ёзма эътирозларнинг мавжуд эмаслиги ушбу шахсни далолатномани кўриб чиқиш босқичида ўз тушунтиришларини бериш мумкинлиги ва далолатнома кўриб чиқилаётганда шахснинг тушунтиришлари эшитилиши, бошқа далиллари ўрганиб чиқилиши мумкинлиги белгиланган.

Лекин Солиқ кодекси талабларини бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жавобгарликка тортилаётган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ахборот), ҳатто улар солиқ органига Солиқ кодексида белгиланган муддатларни бузган ҳолда тақдим этилган бўлса ҳам солиқ органи томонидан ушбу ҳужжатлар кўриб чиқилиши мумкин.

Қайд этиш лозимки, ҳар қандай ҳолатда ҳам солиқ органи томонидан, далолатномани кўриб чиқиш чоғида баённома юритилиши шарт.

Кодекс қоидаларига мувофиқ, далолатномани ва солиқ назорати тадбирларининг бошқа материалларини кўриб чиқиш жараёнида, зарур бўлган тақдирда, ушбу кўриб чиқишда иштирок этиш учун гувоҳни, экспертни, мутахассисни жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

Далолатномани ва бошқа материалларни кўриб чиқиш давомида солиқ органининг раҳбари:

► ўзига нисбатан далолатнома тузилган шахс солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини содир этган-этмаганлигини;

► аниқланган қоидабузарликлар Солиқ кодексидаги солиққа оид ҳуқуқбузарликлар таркибини ташкил этиш-этмаслигини;

► ўзига нисбатан далолатнома тузилган шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш учун асослар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини белгилаши лозим.

Бунда солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд бўлган тақдирда солиқ органининг раҳбари шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбини истисно этувчи ҳолатларни ёхуд солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликни юмшатувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатларни аниқлаши лозим.

Кодекснинг қоидаларига мувофиқ, солиқ органининг раҳбари далолатномани ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидагиларни назарда тутувчи қарорни қабул қилиши керак (166-модда):

👉  ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Солиқ қарзини ундириш тартиб-таомиллари (2 қисм)

► солиқлар ва пеняларни қўшиб ҳисоблашни ёки буни рад этишни;

► солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортишни ёки буни рад этишни.

Солиқ органининг раҳбари томонидан далолатнома кўриб чиқилганидан кейин беш кун ичида қарор қабул қилинади.

Мазкур қарорда шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш бўйича содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари баён этилиб, мазкур ҳолатларни, жавобгарликка тортилаётган шахс томонидан ўз ҳимояси учун келтирилаётган важларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар ҳамда ушбу важларни текшириш натижалари ва кодекснинг шу қоидабузарликларни назарда тутувчи моддалари ва қўлланиладиган жавобгарлик чоралари кўрсатилади.

Шунингдек, қарорда ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахс шу қарор устидан қайси муддат ичида шикоят қилишга ҳақли бўлса, ўша муддат ва қарор устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят қилиш тартиби кўрсатилади.

Шу билан бирга, солиқ органининг ваколатли мансабдор шахси, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қайси аниқланган бузилишлари учун шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим бўлса, ўша қоидабузарликлар тўғрисида баённома тузади ҳамда ушбу ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш ва уни содир этганликда айбдор шахсларга нисбатан маъмурий жазони қўллаш солиқ органи томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши лозим бўлади.

Шунингдек, Солиқ кодексида якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиш тартиблари ҳам белгиланган. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор чиқарилганидан кейин тегишли солиқ органи мазкур шахсга нисбатан Солиқ кодексида белгиланган молиявий санкцияни қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши, бунда молиявий санкцияларни ундиришнинг суддан ташқари тартибига йўл қўйилмайдиган ҳолларда молиявий санкция қўллашнинг худди шундай тартибдан фойдаланилиши белгиланган.

👉  ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ (Солиқ мажбурияти ва уни бажаришнинг умумий қоидалари 77-92 моддалар )

Лекин солиқ органи судга мурожаат қилингунга қадар солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилаётган шахсга молиявий санкциянинг тегишли суммасини ўз ихтиёри билан тўлашни ёзма шаклда таклиф қилиши шарт.

Зарур бўлган ҳолларда эса солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилаётган шахсдан молиявий санкция ундириш тўғрисида ариза бериш билан бир вақтда солиқ органи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда талабномани таъминлаш ҳақидаги илтимосномани судга юбориши мумкин.

Ўз навбатида, солиқ органларининг юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилишини назарда тутувчи қарорлари бўйича молиявий санкциялар суммаларини ундириш солиқ органлари томонидан Солиқ кодексида солиқ қарзини ундириш тартиблари бўйича белгиланган меъёрлар асосида мустақил тарзда амалга оширилади (168­модда).

Солиқ органларининг аризасига кўра якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахсларга нисбатан молиявий санкциялар ундириш тўғрисидаги ишлар суд томонидан кўриб чиқилади. Судларнинг молиявий санкцияларни ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарорларини ижро этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. (Давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.