ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБЛАРИ

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан жорий йилдан бошлаб текширишлар тартибларига киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, солиқ тўловчиларда ўтказилган текширишлар юзасидан якуний далолатномаларни расмийлаштириш ва текшириш ҳужжатларини кўриб чиқиш тартибларига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 138-моддаси ва Адлия вазирлигида 2020 йил 29 майда 3236-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисида”ги Низомга асосан, камерал текширишда ўрганилган ҳужжат ва маълумотлар юзасидан текширувни ўтказувчи томонидан хулоса тузилиши, хулосада ўрганиш ва таҳлил натижалари, аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар батафсил баён этилиши ва хулоса тасдиқланганидан сўнг икки кунлик муддатда солиқ органи томонидан солиқ тўловчига талабнома юборилиши, талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви тугалланган сана ҳисобланиши белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2020 йил 18 июнда 3247-сон билан рўйхатга олинган “Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан, сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича текширувни ўтказувчи мансабдор шахс томонидан икки нусхада қатъий ҳисобда турадиган сайёр солиқ текшируви далолатномаси тузилиши, далолатноманинг бир нусхаси солиқ тўловчига олган санаси кўрсатилган имзоси орқали топширилиши, агар олишдан бош тортса, далолатномага тегишли ёзув киритилиб, унинг нусхаси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилиши, сайёр солиқ текшируви далолатномаси солиқ тўловчига топширилган кун ёки унга юборилган кун солиқ текшируви якунланган кун деб ҳисобланиши белгиланган.

Солиқ кодексининг 156-моддаси ва Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3251-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомнинг 10-бобида, солиқ аудити натижаларини расмийлаштириш тартиблари белгиланиб, солиқ аудитини ўтказувчи шахс томонидан солиқ аудити натижасига кўра, уч нусхада солиқ аудити далолатномаси тузилиши ва унга текширув давомида аниқланган солиқ тўғрисидаги ҳуқуқ бузилишлари ва уни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши, далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига солиқ аудити тугаганидан кейин уч кун ичида топширилиши белгиланган.

Қайд этиш лозимки, солиқ тўловчи далолатноманинг барча нусхаларига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт. Солиқ тўловчининг солиқ аудити далолатномасидаги имзоси унинг солиқ аудити натижаларига розилигини билдирмайди. Балки, солиқ тўловчи солиқ аудити далолатномасини олишдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда солиқ аудити далолатномасига тегишли ёзув киритиб, далолатноманинг бир нусхаси солиқ тўловчига почта орқали буюртма хат билан юборилиши лозим ва бунда, далолатнома почта орқали буюртма хат билан юборилган тақдирда буюртма хат юборилган санадан бошлаб ҳисоблаганда бешинчи кун ушбу далолатнома топширилган сана деб ҳисобланади.

Солиқ аудити ўтказилган шахс далолатномада баён этилган фактларга ва текширувчиларнинг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, солиқ аудити далолатномасини олган кундан эътиборан ўн кун ичида тегишли солиқ органига мазкур далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим ҳолатлари юзасидан эътирозларининг асослигини тасдиқловчи ҳужжатларни ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган.

Ўз навбатида, кодекснинг 157-моддасида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг умумий тартиблари тасдиқланиб, унда солиқ аудити натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар Солиқ кодексида белгиланган солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиби ва кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиш тартиблари бўйича амалга оширилади.

Яъни агар ҳуқуқбузарлик ишлари солиқ аудити ёки сайёр солиқ текширувига оид ҳуқуқбузарликлар назарда тутилмаган, солиқ текшируви ёки солиқ назоратининг бошқа тадбирлари натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича бўлса, у ҳолда ушбу ҳуқуқбузарлик ишлари Кодекснинг бошқа солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш ва ушбу ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материаллар бўйича қарор қабул қилиш моддаларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, агар солиқ органларининг мансабдор шахслари томонидан Солиқ кодексида белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материаллар кўриб чиқилиб, нотўғри қарор қабул қилинган бўлса, юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан қабул қилинган қарор солиқ органининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.

Чунки Солиқ кодекси қоидаларида, солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиб-таомилининг муҳим шартларининг бузилиши юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш ёки солиқ суммаларини қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш учун асос бўлиши белгилаб қўйилди.

Бундай муҳим шартлар жумласига ўзига нисбатан солиқ текшируви ўтказилган шахснинг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш имкониятини таъминлаш ҳамда солиқ тўловчининг тушунтиришлар бериш имконини таъминлаш ёки материалларини кўриб чиқиш тартиб-таомилининг бошқача бузилишлари ҳам асос бўлади.

Солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишнинг умумий тартибларида (158-модда) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари қайси текширув туридан солиқ аудити ёки сайёр солиқ текширувидан қатъи назар, ўша солиқ аудити далолатномаси ёки сайёр солиқ текшируви материаллари солиқ текширувини ўтказган солиқ органининг раҳбарияти томонидан солиқ текшируви далолатномаси тузилган кундан эътиборан ўн кун ўтгач, лекин ўн беш кундан кечиртирмай кўриб чиқилиши кераклиги ва текширувга доир қарор солиқ текшируви материаллари кўриб чиқилганидан кейин беш кундан кечиктирмай қабул қилиниши лозимлиги белгиланди.

(Давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.