ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: СОЛИҚ НАЗОРАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБ ТАОМИЛЛАРИ

Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини тўсиқларсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартибтаомилларини комплекс тартибга солиш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини, очиқлиги, ошкоралигини холисона баҳолаш тизимини жорий этиш борасида бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Президентимиз томонидан белгилаб берилган мамлакатимиз солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида, солиқ назоратининг шакл ва механизмларини, шу жумладан, солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ тўловчиларни янада тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобини таъминлайдиган замонавий ахборот­коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш, бизнесни ривожлантиришда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратилиши қайд қилинди.

Ўзбекистон Республикасида 2020 йилдан амалиётга жорий этилган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида айнан концепцияда белгиланган кўрсатмалардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини, очиқлиги ва ошкоралигини холисона баҳолашнинг ташкилий масалаларига кенг эътибор қаратилган.

Жумладан, Солиқ кодексида текширувчи мансабдор шахсларнинг солиқ тўловчининг ҳудудига кириши, ҳудудни ва биноларни кўздан кечириши, солиқ текширувини ўтказишда ҳужжатларни талаб қилиб олиши, учинчи шахслардан ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиши, текшириш билан боғлиқ ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиши, текширувларда гувоҳларнинг, мутахассиснинг, таржимоннинг, холисларнинг иштирок этиш тартиб­таомиллари, шунингдек солиқ текширувини ўтказиш чоғида ғайриқонуний ҳаракатлар орқали зарар етказилишига йўл қўймаслик солиқ назорати доирасида ҳаракатларни амалга ошириш чоғидаги баённомага қўйиладиган умумий талаблар алоҳида моддаларда тегишли ҳуқуқий меъёрларда белгилаб қўйилган.

Кодекснинг 144-­моддасида, мансабдор шахсларнинг солиқ тўловчининг ҳудудига киришининг тартиб қоидалари белгиланиб, бевосита солиқ текширувини ўтказувчи солиқ органи мансабдор шахси текширилаётган шахснинг ҳудудига ёки биносига кириши ушбу мансабдор шахслар томонидан хизмат гувоҳномалари ва солиқ органи раҳбарининг ушбу шахснинг солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи (қарори) тақдим этилган тақдирда амалга оширилиши таъкидланган.

► Шу билан бирга, солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахслар кўрсатилган объектлар тўғрисидаги аниқ маълумотларнинг текширилаётган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосланган маълумотларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида, текширилаётган шахснинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган ҳудудларини ёки биносини ёхуд солиқ солиш объектларини кўздан кечиришни ўтказиши мумкинлиги;

► агар мансабдор шахсларга мазкур ҳудудларга ёки биноларга киришига тўсқинлик қилинган тақдирда мансабдор шахснинг ўзи ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган далолатномани тузиши ва ушбу далолатнома асосида солиқ органи текширилаётган шахс тўғрисида ўзида мавжуд бўлган маълумотлар ёки худди шундай солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини мустақил тарзда аниқлашга ҳақли эканлиги;

► агар текширилаётган шахс кўрсатилган далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, мазкур далолатномага бу ҳақида тегишли ёзувлар киритилиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, солиқ органлари мансабдор шахсларининг текширилаётган шахс турар­жой биноларига уларда яшовчи жисмоний шахсларнинг хоҳишига қарамай ёки хоҳишига қарши қонунда ёки суднинг қарори асосида белгиланганидан ташқари ҳолларда киришига йўл қўйилмайди.

Солиқ органининг солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахслари текширувнинг тўлиқлиги учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаштириш мақсадида текширилаётган шахснинг ҳудудлари ва биноларини, шунингдек ҳужжатлар ва буюмларни кўздан кечиришни амалга ошириши мумкин (145­модда).

Агар ҳужжатлар ва буюмлар солиқ органининг мансабдор шахси томонидан солиқ назоратини амалга ошириш юзасидан илгари бажарилган ҳаракатлар натижасида ёки ушбу буюмлар эгаси уларни кўздан кечиришни амалга оширишга рози бўлган тақдирда олинган бўлса, ҳужжатлар ва буюмларни кўздан кечиришга йўл қўйилади.

Кўздан кечириш холислар иштирокида ўтказилиши, шунингдек кўздан кечириш ўтказилаётганда текширилаётган шахс ёки унинг вакили ҳамда мутахассислар иштирок этишига, зарур бўлган ҳолларда, кўздан кечириш чоғида фотосуратга олиш ва видеоёзувга туширишга, ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олишга ёки кўздан кечириш билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни бажаришга йўл қўйилади.

Албатта, кўздан кечириш ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузилиши лозим.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, кодекснинг 146­моддасида, солиқ органининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахсига текширилаётган шахсдан текширув учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқлари белгилаб берилди.

Бунда ҳужжатлар тақдим этиш тўғрисидаги талабнома текширилаётган шахсга шахсан имзо қўйдирган ҳолда топширилиши, агар талабномани мазкур усулда топшириш имкони бўлмаса, ҳужжатларни электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади.

Талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши, почта орқали буюртма хат билан юборилиши ёхуд телекоммуникация алоқа тармоқлари ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда топширилиши мумкин.

Бунда ҳужжатларни қоғозда тақдим этиш текширилаётган шахс томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалар шаклида амалга оширилади. Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ органига тақдим этиладиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари нотариал тарзда тасдиқланиши талаб қилинмайди.

Ҳисобга олиш ҳужжатлари электрон шаклда тузилган тақдирда солиқ тўловчи солиқ текшируви чоғида мансабдор шахснинг талабига кўра, бундай ҳужжатларнинг қоғоздаги кўчирма нусхаларини тақдим этиши шарт (бундан ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳисобварақ-фактуралар мустасно).

Кодексда солиқ текшируви давомида талаб қилиб олинган ҳужжатлар тегишли талабнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилиши, агар талаб қилинаётган ҳужжатларни белгиланган муддат ичида тақдим этиш имконияти бўлмаса, текширувчи мансабдор шахслар бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилиниши;

► солиқ тўловчи талаб қилинадиган ҳужжатларни кўрсатилган муддатларда тақдим этишнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги, талаб қилиб олинаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкони бўлмаган сабаблар кўрсатилган ёзма шаклдаги хабарномани ҳужжатлар тақдим этиш ҳақидаги талабнома олинган кундан кейинги кун давомида юбориши ва хабарномада талаб қилинган ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддатлар кўрсатилиши лозим.

Солиқ органининг раҳбари солиқ тўловчидан хабарномани олган кундан эътиборан икки кун ичида ушбу хабарнома асосида ҳужжатларни тақдим этиш муддатларини узайтириш ёки муддатларни узайтиришни рад этиши ҳақида алоҳида қарор чиқариши керак.

Агар текширилаётган шахс талаб қилинаётган ҳужжатларни тақдим этишни рад қилса, бу ҳақида солиқ органи мансабдор шахси томонидан солиқ органининг мансабдор шахси ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган баённомада қайд этилиши лозим. Мабодо, текширилаётган шахс баённомани имзолашни рад этса, бу ҳақида баённомага тегишли қайд киритилади.

Талаб қилинган ҳужжатларни тақдим этиш солиқ тўловчи томонидан рад этилганлиги ёки белгиланган муддатларда тақдим этилмаганлиги ушбу ҳужжатларни Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ олиб қўйиш учун асос бўлади.

Таъкидлаш жоизки, солиқ органлари томонидан камерал ёки сайёр солиқ текширувлари ўтказилганда, солиқ органларига илгари тақдим этилган ҳужжатларни, шунингдек солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида тасдиқланган кўчирма нусхалар шаклида тақдим этилган ҳужжатларни текширилаётган шахсдан талаб қилиб олишга рухсат этилмайди.

Агар ҳужжатлар илгари солиқ органига асл нусхалар тарзида тақдим этилиб, кейинчалик текширилаётган шахсга қайтарилган бўлса, шунингдек солиқ органига тақдим этилиб, бартараф этиб бўлмайдиган куч ҳолатлари оқибатида йўқотилган тақдирда, ҳужжатлар текширилаётган шахсдан қайта талаб қилиб олиниши мумкин.

(Давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.