ХУСУСИЙ БАНДЛИК АГЕНТЛИКЛАРИ БИЛАН ШАРТНОМА ТУЗАЁТГАНДА АЛДАНИБ ҚОЛМАСЛИК УЧУН НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЛОЗИМ?

Таҳририятимизга республикамизнинг турли вилоятларидан меҳнат қонунчилигига доир бир қатор саволлар келиб тушмоқда. Мазкур мурожаатларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Саволларга юридик фанлари номзоди, доцент Жаҳонгир ИБОДУЛЛАЕВ жавоб берди.

– Чет элда ишлаш ёки у ерда ўқиш учун жўнаб кетиб, белгиланган муддат тугаб кетганидан сўнг ҳам қолиб ноқонуний фаолият юритаётган фуқаролар қандай ҳолларда фуқаролигидан айрилиши мумкин?

– Сиз келтириб ўтган ҳолатда Ўзбекистон Республикасидаги давлат ёки хусусий ташкилот ҳамда унинг чет элдаги шериклари ўртасида тузилган икки томонлама ва кўп томонлама расмий келишув асосида фуқаро чет мамлакатга ишлаш учун кетган бўлса, хорижий иш берувчи ва ишчи ўртасидаги меҳнат контрактида албатта муайян муддатгача ишлаш белгиланади. Ва бунда меҳнат контракти муддатига амал қилмаслик ёки унинг муддати қўшимча тарзда ҳамкорлар келишувига кўра узайтирилмагани ҳолда ўша давлатда қолиб ишлаш миграция қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади. Лекин бу вазият қонун бузилиши бўлса­да, ишчини фуқароликдан маҳрум қилишга етарли эмас. Шу билан бирга фуқаро ўз шахсий ташаббуси билан чет элга қонуний иш ёки ўқишга кетиб ўша мамлакат қонунчилигига кўра яна бир қанча йил у ерда қолиши мумкин. Албатта, ушбу вазиятда ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган шахс Ўзбекистон қонунчилиги талабларига риоя этиши зарур бўлади. Умуман олганда, шахсни фуқароликдан маҳрум этиш учун қонунчиликда белгиланган бир қанча жиддий сабаблар мавжуд бўлиши талаб этилади.

Ҳар бир давлатнинг ўзига яраша фуқаролик ва миграция қонунлари амал қилади. Ва ушбу қонунларга асосан фуқароларнинг у ёки бу мамлакатда туғилиши, ҳаракатланиши, кўчиб ўтиши, вақтинча яшаши, доимий яшаши, ишлаши, ўқиши каби масалалар тартибга солинади. Шундан келиб чиқиб муайян мамлакатда бўлиш қоидаларига амал қилмаслик, ҳам ўзга мамлакат ҳам Ўзбекистон қонунларига кўра жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.

2020 йил 13 мартда янгидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонунига асосан Ўзбекистон фуқаролиги қуйидагилар оқибатида тугатилади:

а) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқиш;

б) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганлик.

Ушбу Қонуннинг 25-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотиш асослари белгилаб қўйилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги қуйидаги ҳолларда йўқотилади:

а) шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги оқибатида;

б) агар хорижда доимий яшовчи шахс 7 йил мобайнида узрли сабабларсиз доимий консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

в) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида амалга оширилган бўлса;

г) агар шахс чет давлатнинг фойдасини кўзлаб фаолият кўрсатган ҳолда ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар (масалан, жосуслик, давлатга хоинлик, террорчилик, уруш ҳаракатларида, халқаро уюшган жиноятчиликда қатнашиш) содир этиш йўли билан жамият ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;

д) агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса;

е) агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини туғилганлик бўйича ёхуд чет давлат фуқароси бўлган отасининг ёки онасининг фуқаролиги асосида, вояга етмаган ёшида олган бўлса ва 21 ёшга тўлгунига қадар чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирмаган бўлса.

Шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлиги унинг эрининг (хотинининг) ва фарзандининг (болаларининг) фуқаролиги ўзгаришига сабаб бўлмайди.


– Чет эл ва маҳаллий хусусий бандлик агентликлари билан шартнома тузаётганда алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

2018 йил 16 октябрдаги “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонуни эълон қилинган эди. Ушбу норматив ҳужжат Хусусий бандлик агентликларининг фаолиятини ташкил қилиш, тартибга солиш ҳамда назорат қилишда муҳим роль ўйнайди. Аввало, Хусусий бандлик агентлиги – ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги тижорат ташкилоти бўлиб, унинг фаолиятидаги бир қатор қуйидаги хусусиятларга эътибор қилиш мумкин:

1) олий маълумотли раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида 2 нафар ходимга эга бўлади (уларнинг таълим йўналишига қўйилган талаб қонунда кўрсатилмаган);

2) давлат органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва диний ташкилотлардан ташқари, Хусусий бандлик агентлигини жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан тузиш имконияти мавжуд;

3) номида «Xususiy bandlik agentligi» деган сўзлардан фойдаланилади. Белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ташкилотлар ўз номида ушбу сўз бирикмасидан ва унинг асосида ҳосил қилинган сўз бирикмасидан фойдаланиши тақиқланган;

4) ўзининг давлат тилидаги тўлиқ фирма номи (бир вақтнинг ўзида бошқа тилда ҳам кўрсатилиши мумкин) ва ўз жойлашган ери кўрсатилган муҳрга эга бўлади. Хусусий бандлик агентликлари – кичик тадбиркорлик субъектларида юмалоқ муҳр мавжуд бўлмаслиги эҳтимоли қонунда қайд этилмаган. Шу боис, МЧЖ шаклидаги фирма муҳри мавжуд бўлиши истисносиз барча хусусий бандлик агентликлари учун мажбурий талаб деган хулоса чиқариш мумкин;

5) фақат муайян хизматлар турини кўрсатиш имконияти мавжуд.

Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, талабгор ишчиларнинг манфаатларини ҳимоялаш ва бу соҳадаги қонунбузилишларни жиддий камайтириш мақсадида 2020 йил 13 августда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ–632­ сонли Қонуни қабул қилинди. Эндиликда унга кўра:

Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақни иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчилардан ундириш белгиланди.

Қонунга кўра, юқоридаги хизматларни кўрсатувчи хусусий бандлик агентликлари БҲМнинг 8 500 баравари миқдоридаги маблағни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб­қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўйиши белгиланди (амалда бу миқдор 50 минг АҚШ долларини ташкил қилади).

Хусусий бандлик агентликлари ишга жойлаштириш соҳасида тақдим этадиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг қиймати БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда (223 минг сўм) белгиланди (амалда шартнома асосида ёки бепул кўрсатилади).

Шунингдек, қонунда хусусий бандлик агентликларининг чет эллик иш берувчи, шериклар билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузиши ҳам зарурий шарт қилиб белгиланди.

Хусусий бандлик агентликларига улар томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани “Labormigration” ахборот тизимида аниқ вақт режимида рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юклатилди.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Сўнгги вақтларда жамиятимиз ҳаётида айрим жисмоний шахслардан ташқари турли хил юридик шахслар, яъни хусусий ташкилотлар томонидан ноқонуний ёки бўлмаса фирибгарлик ишлари содир этилаётганлигига вақти­вақти билан гувоҳ бўлиб турибмиз. Мана шундай ҳолатлардан огоҳ бўлиш ва уларнинг қармоғига илиниб қолмаслик учун кишидан ҳушёрлик, зийраклик, билим, ишончли маълумотлилик, хабардорлик талаб қилинади. Бунда кундан­кунга шаффофлашаётган, оддий кишилар ва тадбиркорлар учун хизматлардан, кўплаб идоравий маълумотлардан унумли фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Хусусий бандлик агентликларининг фаолиятига оид асосий маълумотлар бўйича Меҳнат Вазирлигининг алоҳида рўйхати мавжуд. У билан қуйидаги линк­манзил орқали танишишингиз мумкин: https://mehnat.uz/cyrl/page/xususiy­bandlik­agentliklari­reyestri

Ушбу рўйхатдаги маълумотлардан ташқари бир қатор давлат идораларининг у ёки бу ташкилот ҳақидаги статистика, солиқ, қарздорлик, суд ишлари, банкротлик ҳақидаги очиқ маълумотлари ҳам мавжудки, кишиларимиз ўз манфаатларига тааллуқли бирор ҳаракатни амалга оширишдан аввал улар билан олдиндан танишиб олиш зарар қилмайди. Бунда айниқса, мамлакатимизнинг электрон ҳукумат лойиҳаси доирасида ташкил этилган www.my.gov.uz, www.fo.birdarcha.uz, www.mib.uz каби веб-­портал ва саҳифалардан сўровлар юбориш ҳамда фойдаланиш фойдалидир.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.