САНЖАР НАЗАР: “БОШҚА ДУНЁ, БОШҚАЧА РЕАЛЛИККА ҚАДАМ ҚЎЙДИК” Ёхуд нашриётларнинг карантин даврида юзага чиққан ютуқ ва камчиликлари ҳақида

Бу йилги иқтисодий шароитда китоб ишлаб чиқариш ва сотиш ишлари қандай кечмоқда? Ноширлар қандай муаммоларга дуч келишяпти? Шу каби кўплаб саволларга жавоб топиш учун “Aкадемнашр” нашриёти директори Санжар Назарни суҳбатга тортдик.

– Биз сиз билан бундан бир ярим йил олдин суҳбат қилган эдик. Хусусан, мамлакатдаги ноширлик муаммолари ҳақида тўхталган эдик. Ўша суҳбатда ноширлик бизнесининг келажакда қандай ривожланиши ҳақида ҳам фикр юритилган эди. Aйтингчи, шу вақт оралиғида нималар ўзгарди. Ҳозирги шароит у фикрларни ўзгартириб юборгандир?

– Албатта, пандемия – форс­мажор ҳолати ҳамма соҳаларда режаларни ўзгартириб юборди. Ҳозир ривожланиш эмас, нашриётни сақлаб қолиш ҳақида бош қотиришга тўғри келяпти. Янгича реалликка мослашаяпмиз, жон сақлашга уриняпмиз. Қийин синовларнинг яхши томони ҳам бор. Захира имкониятларингиз ишга тушади. Борлигини ўзингиз ҳам тасаввур қилмаган қирраларингиз бўй кўрсатади. Сизга устуворлик бериб турган фазилатларингиз кераксиз бўлиб қўл келмай турган бир пайтда иллатларингиз яққол кўзга ташланиб қолади. Уларни ёпиб кетишга имкон қолмайди. Бу улар устида фикр юритишга, уларни ислоҳ қилишга имконият яратади. Биз, гарчи сайтимиз орқали биринчилардан бўлиб онлайн савдони бошлаган бўлсак­да, унга жиддий эътибор қаратмас эдик. Эҳтиёж йўқ эди, гўё. Карантин бу борадаги хатоларимиз, қолоқлигимизни билиб олишимиз учун идеал вазият бўлди. Тез орада муқобил, аммо примитив воситаларни йўлга қўйдик. Бу жонимизга бироз оро кирди. Энди ана шу воситаларни мукаммаллаштириш, онлайн савдо ва онлайн фаолиятни устувор йўналишларимиздан, кучли қирраларимиздан бирига айлантириш тараддудидамиз.

Хабарингиз бўлса, карантин даврида бутун дунёда китоб ўқиш ва сотиб олиш кескин ошди. Бизда эса тамомила тескариси бўлди. Бунинг кўплаб сабаблари бор. Улар орасида бизга бевосита тааллуқлилари ҳам мавжуд, албатта. Масалан, китоб ўқишни тўғри тарғибот қила олмадик. Давлат миқёсида эмас, нашриёт кўламида ҳам тарғибот ишлари кўнгилдагидек эмас. Одамлар ижтимоий тармоқларда яшай бошлаган бир даврда биз бу реалликдан тўғри фойдаланишимиз, уни ўзимизга хизмат қилдиришимиз керак эди.

Электрон китоблар учун махсус илова устида бир неча йиллар аввал иш бошлаган эдик. Карантин кўрсатиб бердики, мўлжал тўғри олинган. Аммо режани амалга оширишда оқсаганмиз. Акс ҳолда карантин даврида шахсий кўрсаткичларимиз ҳам, умуммиллий натижалар ҳам бошқачароқ бўлар эди. Ҳозирда шу хатомиз устида ҳам ишлаяпмиз.

– Пандемия шароитида мамлакатдаги кўпгина йирик хусусий нашриётлар капиталини асраш учун ижаралари ҳажмини қисқартиришни бошлабди. Сиз бошқараётган нашриётда ҳам шундай қисқартиришлар бўлиб ўтдими?

– Йўқ. Бизда эҳтиёжимиздан ортиқ ижара майдонлари йўқ эди. Аммо, минг афсуски, ходимларни қисқартиришга мажбур бўлдик.

– Кўп бизнеслар ўтган баҳор ва ёз фаслида иқтисодий талафотлар билан чиқишди. Нашриётлар ҳам бундан мустасно эмас. Сизнинг нашриётингизда савдо-сотиқ ҳажми неча фоизга қисқариб кетди?

– Апрель­май ойларида савдо деярли тўлиқ тўхтади. Бошқа ойларда 80­90 фоизга қисқарди. Нашриёт фақат буюртмалар ҳисобигагина зарарнинг маълум бир қисмини қоплаб турибди, холос.

– Ишчиларнинг маошлари ҳам қисқардими?

– Маошларни қисқартирмадик. Ҳатто жамоа кўрсатган жонбозлиги учун мукофот ҳам беришга муваффақ бўлдик.

– Мутахассислар ҳозирги иқтисодий шароитда кўпгина янги очилган нашриётлар иш фаолиятини давом эттиролмайди, фаолиятини тўхтатади дейишмоқда. “Aкадемнашр” нашриётига бу гап тегишли бўлмаса керак. Чунки, ушбу нашриёт кўп йиллардан бери ишлаб келади. Тажрибали мутахассислар ишлайди. Ҳамда бозорда нашриётнинг маълум бир ҳиссаси бор.

– Бу тахминни қайси мутахассис айтганини билмадим­ку, аммо тескариси бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Чунки янги очилган кичик нашриётларнинг юки енгил, рўзғори кичкина. 2­3 кишилик жамоани ушлаб қолиш осонроқ. Тажрибали мутахассисларни маош билан таъминлаб туриш керак. Бозор тўхтаган бўлгандан кейин улушингиз қанчалиги аҳамиятсиз.

Нашриёт бозордаги қанча фоиз савдо улушини йўқотди. Ва бу улушни тиклаш учун қанча вақт керак бўлади?

– Китоб савдоси 80-­90 фоизга қисқарди. Тикланиш вақтини тахмин қилиш қийинроқ. Чунки кўп нарса ташқи омилларга боғлиқ. Катта эҳтимол билан пандемиягача бўлган даврдаги бозор шароитлари ва кўрсаткичлари қайта тикланмаса керак. Бошқа дунё, бошқача реалликка қадам қўйиб бўлдик.

– Яқинда бир неча бизнес лойиҳа муаллифи билан суҳбат қилган эдик. У янги шароитда қандай иш тутаётгани ҳақида гапириб қолди. Фаолиятини тўхтатган компаниялардан мутахассисларни ўзининг компанияларига жалб қилаётган экан. Унинг айтишича, олдин ушбу мутахассисларни компаниясига жалб қилиш учун моддий шароити кўтармаган, улар юқори нархларни айтишган. Сизнинг компаниянгиз ҳам ушбу стратегия бўйича ишлаяпти деб эшитдик.

– Нотўғри эшитибсиз. Бу ҳолат нашриётларга хос эмас. Тугатилган нашриётлар ва уларнинг иш излаётган ходимларини кўрмадим ҳозирча.

Мен бизнес қонуният ва қоидаларига мутаассибона муносабатга доимо истеҳзо билан қараб келганман. Балки ўзимни тадбиркор ва ноширликни том маънодаги бизнес сифатида қабул қилмаганим туфайлидир. Менга бозордаги оғир вазиятдан фойдаланиб қолиш уятли бир иш бўлиб туюлади. Дунё миқёсидаги омадли компанияларнинг тараққиётини ўргансак ҳам қонуниятлар татбиқидан кўра кўпроқ истисноларга дуч келамиз.

Дейлик, бозорда 20 000 000 сўмлик ойликка баҳоланадиган мутахассисни ҳозирги шароитдан фойдаланиб 10 000 000 сўмга ёлладим ҳам. 2 ойдан кейин бозор шароитлари ўзгариб мутахассисга яна талаб пайдо бўлгач, унга 20 000 000 сўм тўлай бошлашим керак – бўҳрон шароитида, 2 ойда буни “торта оладиган” мақомга чиқиб олиш амримаҳол. Акс ҳолда у виждони заррача қийналмасдан ҳақ тўлашга қодир жойга ўтиб кетади. Чунки муносабатларда шароит ҳал қилувчи аҳамиятга эга, мен ҳам ахир уни шароит туфайли ярим нархга баҳолагандим яқиндагина. 2­3 ой қиммат мутахассисни арзонга ишлатиб зарар кўрасиз, холос. Жамоадаги бузилган муҳит ва жамиятдаги ўзингиз ҳақингизда ҳосил қилган “ўлаксахўр” донғи узоқ вақтгача сиз билан қолади. Адашаётган, ниманидир назардан қочираётган бўлишим мумкин, албатта.

– Янги шароитга кўникиш қандай кечмоқда. Компаниянгизда янги шароитга мослашув – трансформация бўлиб ўтдими?

– Мослашув жараёни давом этаяпти. Энди аввалги шароитлар ҳам, эски “Академнашр” ҳам бўлмайди. Ёки янги бир нашриётга эвриламиз ёки бутунлай тугатилиб кетамиз. Айтганимдек, янги қирраларни ривожлантириш, замонавийлашиш, рақамли реалликка уйғунлашув жараёнларини йўлга қўйиш ҳаракатидамиз.

– Ва охирги савол. Нашриёт қандай янги китоблар нашр қилмоқда? Газетамиз ўқувчилари учун қайси китобларни ўқишни маслаҳат берар эдингиз?

– “Сўз чамани” рукни остида Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда 20 нафар мумтоз ва замонавий шеъриятимиз вакиллари ижодининг сара намуналари лотин алифбосида нашр этилди. Шу кунларда савдога чиқарилди. “Шеър вақти” рукни остида чоп этилган Турсун Алининг “Маъюс шодлик” китоби ҳам ўқувчиларнинг муҳаббатини қозонишидан умидвормиз. Шоҳруҳ Раҳмоновнинг “Мукаммал хотира” ва “Сўз ёдлаш сирлари” китоблари ўқувчилар томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Шу китобларимиз бестселлерга айланишига умид қилаяпмиз. Анна Шмидтнинг “Мушуклар маликаси Минуш” асари яқин кунларда дунё юзини кўради. Жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бири ҳисобланадиган бу асар жуда чиройли матбаа ечимида ўқувчиларимизга тақдим этилади. Замонавий Европа адабиётидан Жанна Молинарининг “Бўри” асари ҳам чоп этишга тайёр. Китобхонлар орасида талаш бўлган Масару Ибуканинг “Учдан кейин кеч” китобининг давоми “Учгача айни вақти” асари ҳам яқин кунларда нашр этилаяпти. Адиб Холиднинг “Ўзбекистоннинг таваллуди” асари режага киритилган. Омонлик бўлса, режаларимиз кўп.

Газетангиз ўқувчиларининг диди ҳақида яхши гумон қилган ҳолда, Л.Х. Борхеснинг “Ал­Муҳтасимга яқинлашув”, А.Платоновнинг “Жон”, Фахриёрнинг “Метаҳикоялар оралаб”, Ш.Аҳмедовнинг “Бир тушнинг эврилишлари”, У.Ҳамдамнинг “Ватан ҳақида қўшиқ”, А.Йўлдошнинг “Пуанкаре” китобларини ўқиш учун тавсия қиламан.

Мурод ЧОВУШ суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.