ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Солиқ аудити (2 қисм)

Солиқ органи раҳбариятининг солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи солиқ аудитини ўтказиш учун асос бўлади. Ушбу буйруқда текшириладиган солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, текширувчи шахсларнинг исм-шарифи, лавозими, солиқ аудитини ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади. Шунингдек, мазкур буйруқ билан уни ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади.

Солиқ органларига солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга йўл қўйилмайди. Лекин солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлаши мумкин. Бундай янги ҳолатларга солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда солиқ тўловчи томонидан солиқ аудити ўтказилган даврлар учун солиқлар ва йиғимлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини тақдим қилиш ҳолатлари киради.

Кодекснинг 143-моддаси бўйича солиқ органлари солиқ тўловчининг битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир марта солиқ аудитини ўтказишга ҳақли. Шу билан бирга, солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлаши мумкин.

Солиқ аудити кодексда белгиланган даъво қилиш муддати ўтмаган (беш йил) охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин. Лекин солиқ тўловчи ихтиёрий равишда тугатилаётганда солиқ аудити, солиқ тўловчининг бевосита солиқ аудити ўтказилаётган йилдан олдинги уч йилдан кўп бўлмаган фаолият муддатини қамраб олиши мумкин.

Солиқ тўловчи ихтиёрий равишда тугатилаётганда солиқ аудити, солиқ тўловчининг бевосита солиқ аудити ўтказилаётган йилдан олдинги уч йилдан кўп бўлмаган фаолиятини қамраб олиши лозим.

Таъкидлаш жоизки, солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

Солиқ кодексининг 141-моддаси бўйича солиқ аудитини ўтказиш муддати солиқ тўловчига аудитни тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кундан эътиборан, ўттиз кундан ортиқ давом этиши мумкин эмас.

Лекин солиқ аудитини амалга оширишда солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар асосли сабабларга кўра вақтида тақдим этилмаганда ёки чет эл давлат органларидан ахборотларни олишда, экспертларни жалб қилиб экспертизадан ўтказишда, чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилишда муаммолар юзага келганда солиқ аудити муддати кўпи билан бир мартага узайтирилиши ҳам мумкин.

Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам солиқ аудитининг умумий муддати олти ойдан кўп муддатдан ошишига йўл қўйилмайди.

Солиқ аудити бошланишидан олдин солиқ аудитини ўтказувчи солиқ ходими солиқ тўловчига шахсий хизмат гувоҳномасини ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатиши, солиқ тўловчини ёки унинг вакилини текширув мақсади билан таништириши, “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдириши, китоб ёки унинг электрон шаклини тўлдириш имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, бу ҳақда солиқ аудити далолатномасида қайд этиши, солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини солиқ тўловчига тақдим этиши, солиқ тўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши лозим.

Ихтиёрий равишда тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудити Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган, “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан амалга оширилади.

Солиқ аудити натижалари юзасидан уч нусхада белгиланган шаклда солиқ аудити далолатномаси тузилади.

Солиқ аудити далолатномасига текширув давомида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари фактларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Солиқ аудити далолатномасининг барча нусхалари солиқ аудитини ўтказувчи шахс (шахслар) ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади ҳамда далолатноманинг бир нусхаси солиқ тўловчига солиқ аудити тугаганидан кейин уч кун ичида топширилади.

Агар солиқ тўловчи солиқ аудити далолатномасини олишдан бош тортган тақдирда, солиқ аудитини ўтказувчи шахс бу ҳақда солиқ аудити далолатномасига тегишли ёзув киритади. Мазкур ҳолатда солиқ аудити далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

Ўз навбатида, солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасида баён этилган фактларга ва (ёки) солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, солиқ аудити далолатномасини олган кундан эътиборан ўн иш куни ичида тегишли солиқ органига мазкур далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим ҳолатлари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этиши мумкин.

Бунда солиқ тўловчи ўз эътирозларининг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ёзма эътирозларга илова қилишга ёки келишилган муддатда солиқ органига топширишга ҳақли.

Солиқ аудити материаллари солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юборилади ҳамда солиқ аудити тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилади ва солиқ аудити натижаси бўйича маълумотлар солиқ текширувлари ҳисобини юритиш ахборот тизимига киритилади.

Солиқ аудити материалларини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3251-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомда шунингдек, ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш, ҳужжатларни талаб қилиб олиш, учинчи шахслардан ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш, ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш тартиб ва қоидалари ҳам белгилаб берилган.

Мазкур қоидаларни амалиётда тўғри қўлланилиши солиқ аудитини сифатли ва самарали ўтказилишини таъминлайди.

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.