ИШ ҲАҚИ ВА ИШ СТАЖИНИ ТАСДИҚЛОВЧИ АРХИВ МАЪЛУМОТНОМАЛАРНИ ОЛИШ СОДДАЛАШТИРИЛДИ(МИ?)

Қуйида аҳоли томонидан пенсия таъминоти тизимига оид йўлланаётган саволларга масъуллар томонидан берилаётган жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Саволларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бош мутахассиси Бахтиёр ҲАСАНОВ ва жамғарманинг етакчи мутахассиси Сардор ФАЙЗУЛЛАЕВлар жавоб беришди.

– Пенсия ва нафақаларни тайинлаш бўйича аризалар қанча муддатда кўриб чиқилади?

– Маълумки, пенсия ва нафақаларни тайинлаш бўйича аризалар Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларида фаолият юритадиган пенсия тайинлаш комиссиялари томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига кўра, пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиш деганда пенсия тайинлаш, пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш, шунингдек илгари тўхтатиб қўйилган (тўхтатилган) пенсия тўлашни белгиланган тартибда тиклаш (қайта тиклаш) тўғрисида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ариза бериш назарда тутилади.

Юқоридаги Низомга кўра, пенсия тайинлаш комиссияси бошқа зарур ҳужжатлар билан биргаликда пенсияларни (ёшга доир, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик) тайинлаш тўғрисидаги ариза келиб тушгандан кейин ўн кун муддатда тегишли қарор қабул қилади (пенсия тайинлаш тўғрисида, пенсия тайинлашни рад этиш ҳақида, тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлигини текшириш тўғрисида ва шу кабилар).

Агар пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган ариза берувчи пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишда назарда тутилган зарур ҳужжатларни тақдим этмаса ёки тақдим этилган ҳужжатлар уларнинг асосланганлиги ва ишончлилиги юзасидан қўшимча текширишни талаб қилса, комиссия томонидан ҳужжатларни текшириш тугагунига қадар аризачи тақдим этган ҳужжатларга асосан қонунчиликда белгиланган миқдорда пенсия тайинланади ҳамда текшириш якунига мувофиқ қўшимча ҳужжатлар асосида пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Агар ариза берувчи текшириш якунига қадар пенсия тайинлашга рози бўлмаса, комиссия ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тамом бўлгандан кейин пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ўн кун муддатда кўриб чиқилади.

Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза Пенсия жамғармаси бўлими томонидан беш кун муддатда кўриб чиқилади.

НАФАҚАЛАР ТАЙИНЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ МУДДАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори 1-Иловаси билан тасдиқланган “Болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ:

► 16 ёшдан катта болаликдан ногиронларга;

► 16 ёшгача ногирон болаларга;

► ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга ногиронлик нафақалари тайинлаш тўғрисидаги аризалар барча зарур ҳужжатлар билан бирга келиб тушган кундан бошлаб ўн кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 107-сонли қарорининг 2-Иловаси билан тасдиқланган “Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра:

► ёшга доир нафақалар;

► ногиронлик нафақалари (болаликдан ногиронлардан ташқари);

► боқувчисини йўқотганлик нафақалар тайинлаш тўғрисидаги аризалар барча зарур ҳужжатлар билан келиб тушган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-378-сонли Қонунининг 28-моддасига кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Пенсия жамғармаси тизимида пенсия ва нафақаларни тайинлаш тўғрисида аризалар энг узоғи билан ўн кун давомида кўриб чиқилади. Шу билан биргаликда пенсия ва нафақаларни тайинлаш тўғрисида мурожаатларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” Қонунида келтирилган тартибларга тўлиқ мос тушишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.


– Иш ҳақи ва иш стажини тасдиқловчи архив маълумотномаларни олиш соддалаштирилди, деб эшитдим. Шу гап ростми?

– Ҳа рост. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4463-сонли қарорига мувофиқ ҳамда архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 августдаги “Архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 495-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Эндиликда иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномаларни олишда Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) томонидан амалга оширилади.

Унинг учун ариза берувчи мазкур давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этган тақдирда, унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида, ЯИДХП орқали мурожаат этганда автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади.

Давлат архиви сўровнома келиб тушган вақтдан бошлаб иш стажини тасдиқлашга оид маълумотномалар учун – 5 иш кунидан, иш ҳақини тасдиқлашга оид маълумотномалар учун – 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотномани шакллантиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) тегишли Давлат хизматлари марказига ёки (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.

Давлат хизматлари марказидан маълумотнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда унинг сўровига кўра Давлат хизматлари маркази унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.

Шунингдек, пенсияни ҳисоблаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилашда архив маълумотларини тақдим этмасдан:

► 2005 – 2016 йиллар даври учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;

► 2016 – 2018 йиллар даври учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

► 2019 йил учун фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланилади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.