Содиқ БОЙМУРОДОВ: “КАДРЛАР ТИЗИМИНИ ҚАЙТА КЎРИШ, СОЛИҚ СУДЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЛОЗИМ”

Солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришлар, жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилаётган енгиллик ва имтиёзлар қай даражада ўз самарасини бермоқда? Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази “Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедраси катта ўқитувчиси Содиқ БОЙМУРОДОВ билан суҳбатда бўлдик.

– Бугунги кунда солиқчилик тизимидаги жисмоний ва юридик шахсларга берилаётган имтиёзларнинг амалий аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Ўзи солиқ имтиёзи дейилганда, бир солиқ тўловчининг бошқа тўловчига нисбатан солиқни тўламаслик ёки солиқни камроқ миқдорда тўлаш бўйича устуворлиги назарда тутилади. Албатта, ушбу устуворлик қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бўлиши лозим. Энди солиқ имтиёзининг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашда аҳамияти борми, деган саволга қайтсак, бор албатта. Лекин имтиёзни беришда жуда ҳам эҳтиёткор бўлишимиз лозим. Чунки имтиёз солиқ тўловчи учун манфаатли бўлгани билан давлат учун ҳамма вақт ҳам манфатли бўлавермайди.

Шу нуқтаи-назардан имтиёзнинг самарадорлик даражасини солиқ тушумларидаги салмоғи ҳамда мамлакат иқтисодий фаолиятига ижобий ёки салбий таъсирини баҳолаб, кейин имтиёз тақдим этилса манфатли бўлади.

– Ҳозирги Солиқ кодексининг аввалги Солиқ кодексидан фарқли жиҳатлари, афзалликлари ва камчиликлари нимада?

– Мен солиқ тизимида ишлаётган фаолиятим бўйича амалдаги Солиқ кодекси бу учинчи маротаба қайта ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилиши. Лекин бир нарсани айтмоқчи эдим. Биз 1998 йилгача Солиқ кодексисиз ҳам ишлаганмиз. Ҳозир қандай ишлаган бўлсак, худди шундай ишлаганмиз. Маълумот учун, ҳозир ҳам шундай ривожланган давлатлар борки, уларда солиқ кодекслари мавжуд эмас. Масалан, Японияда алоҳида солиқ қонунчилиги ҳужжатлари бўйича иш юритилади. Деярли ўзгартиришлар киритилмайди.

Ўзи солиқ кодекси нима, деган саволга тўхтайлик?! Солиқ кодекси – бу солиққа тортиш соҳасида давлат томонидан белгиланган барча ҳуқуқий нормаларни ўзида бирлаштирган ягона қонуний ҳужжат ҳисобланади ва унда давлат солиқ сиёсатининг барча йўналишлар алоҳида меъёрларда белгиланади.

Лекин давлатнинг солиқ сиёсати ўзгармас турғун бир сиёсат эмас. Солиқ сиёсати ҳам мамлакат ижтимоий-иқтисодий сиёсатидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб ўзгаради, янгиланади. Ушбу ўзгаришлар шубҳасиз қонун ҳужжатларида акс эттирилиши керак. Бу Солиқ кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши шарт дегани. Бироқ битта ҳужжатга тинимсиз ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилса, ушбу ҳужжат ўзининг дастлабки ҳолатини йўқотади. Демак, ҳужжатни қайтадан ишлаб чиқиш зарурияти пайдо бўлади.

Мамлакатимиз солиқ қонунчилигига 2020 йилдан жорий қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган тадбирлар ижроси юзасидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, солиқ юкини камайтириш, халқаро солиқ амалиёти тажрибасидан келиб чиқиб янги ҳуқуқий меъёрлар белгиланган.

Кодекснинг фарқли жиҳатлари, солиқ мажбуриятини бажаришнинг умумий қоидалари қайта кўриб чиқилган, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ягона ҳужжатга жамланиб, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилган, солиқлар ва йиғимларнинг сони, турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилган.

Кодекснинг афзалликлари, тадбиркорлик субъектлари томонидан ортиқча тўланган солиқлар суммалари ўз вақтида қайтарилиши, солиқ органларининг қонунга хилоф равишда қўшимча ҳисоблаган солиқлари ёки молиявий санкциялар қўлланганлиги учун жавобгарлик чоралари кучайтирилган, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига солиқ назоратининг шакллари ва механизмлари ўзгарган.

Кодекснинг камчиликлари – Солиқ кодексини ишлаб чиқишда ҳаволаки нормаларни, қонуности ҳужжатларини максимал даражада камайтириш ва уни тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айлантириш белгиланган эди. Лекин кодекс меъёрларини қўллашда элликдан ортиқ қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши белгиланган ва уларнинг кўпчилиги ҳозирда қабул қилинди. Ҳаволаки нормалар хусусида гапирмаса ҳам бўлади. Асосийси, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш белгиланган бўлса-да, бироқ кўп ҳолларда тушунилиши ҳатто солиқ хизмати мутахассисига ҳам қийин бўлган нормалар мавжуд.

– Соҳада солиқчилик тизимини рақамлаштириш ишлари қандай олиб борилмоқда?

– Рақамлаштириш давр талаби, қолаверса юртбошимиз жорий йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилди. Бу бежиз эмас, албатта, чунки эртанги кунимизни ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Хусусан, бутун фаолияти бевосита солиқ тўловчилар фаолияти билан боғлиқ бўлган солиқ тизимида.

Лекин бугунги кунда солиқ тизимининг замонавий ахборот технологиялар билан қуроллантириш даражасига келсак, бу соҳада биз ҳали мақтанадиган даражага келганимиз йўқ.

Бу борада ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги юқори малакали кадрларнинг етишмаслиги энг асосий муаммолардан бири ҳисобланади.

Тўғри, кейинги йилларда жуда кўп интерактив хизматлар ва дастурий маҳсуллар ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилди. Масалан, онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланувчилар сони 1 августдан кенгайди. Эндиликда ўтган йил савдо тушуми 1 миллиарддан ошган барча солиқ тўловчилар онлайн назорат касса машиналарини қўллашга мажбур. Онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланган фуқароларни рағбатлантириш тизими аллақачон йўлга қўйилган.

Лекин солиқ тизимини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлашда тушкунликка тушмаслигимиз керак. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 июнда қабул қилинган “Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 359-сонли қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ахбороткоммуникация технологияларини ривожлантириш стратегияси” ва унда белгиланган чора-тадбирлар келажакда солиқ тизимида ахборот-технологияларни қўллаш борасида ривожланган давлатлар қаторида кўришга ишонч ҳосил қилишга ундайди.

– Давлат солиқ қўмитаси, дунё бўйлаб пандемиядан сўнг юз бериши кутилаётган иқтисодий турғунлик ҳолатига қандай тайёргарлик кўрмоқда?

– Ростдан ҳам тождор вирус тарқалиши барча мамлакатлар иқтисодий ижтимоий ҳаётини инқироз ҳолатга келтириб қўйди. Хусусан, йирик иқтисодий салоҳиятга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқишига, халқаро молия бозорларида хом-ашё товарлар нархларининг кескин пасайиши улар конъюнктуранинг ёмонлашувига сабаб бўлди.

Ушбу инқироз мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Балки Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатиб, иқтисодиётимизнинг устувор йўналишлари бўлган саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва савдо тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳалари суръатларининг кескин пасайишига, товарлар айланмасининг пасайишига олиб келди.

Лекин Президентимиз томонидан глобал инқирознинг салбий ҳолатлари таъсирини юмшатиш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича қабул қилган йигирмадан ортиқ фармон ва қарорлари билан кўрилган қатъий чора-тадбирлар бизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизни меъёр даражасида сақлаб қолинишига сабаб бўлмоқда.

Эътибор берайлик, жорий йилнинг март ойидан буён коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича Президентимиз ва ҳукуматимизнинг йигирмага яқин фармон ва қарорлари қабул қилиниб, уларнинг ҳар бирида иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва соҳаларини хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳамда аҳолини солиқ ва божхона имтиёзлари билан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш тадбирлари белгилаб келинмоқда.

Шу билан бирга, статистик маълумотлар солиқ тушумларини нормал даражада бўлишини кўрсатмоқда. Яъни, тегишли маълумотлар бўйича 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат бюджети даромадларининг асосий қисми солиқ ва божхона тушумлари ҳисобига таъминланди. Мана, карантин чекловлари юмшатилиб, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳалари фаолиятини бошлаб юборди. Мамлакатимиз экспорт салоҳияти кундан-кун ортиб бормоқда. 2020 йил давлат дастурида белгиланган янги ишлаб чиқариш қувватлари муддатларида ишга туширилса, бюджет тушумларида катта муаммолар бўлмайди.

Мамлакатимизда иқтисодий турғунлик ҳолати бўлмаслигига яна бир сабаб, бизда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг асосий қисмлари тождор вирус инфекциясининг салбий оқибатларини юмшатиш тадбирлари бўйича йил охиригача бюджетга тўланадиган солиқлардан имтиёзлар белгиланган. Бу эса уларнинг молиявий барқарорлигини тиклаб олиш учун имкониятлар яратади.

– Мутахассис сифатида ҳозирги ва бундан 10 йил олдинги солиқчилик фаолиятига қандай баҳо берасиз?

– Солиқ тизими ҳар бир мамлакатда ҳам давлат иқтисодий тизимининг асосий бўғинларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Хусусан, солиқларнинг улуши мамлакат бюджет даромадларида асосий манба бўлиб қолган давлатлар каби бизнинг мамлакатимизда ҳам (бизда мамлакат бюджет даромадларининг 95 фоизидан ортиғини солиқлар ташкил этади). Шунинг учун, ҳар бир даврда ҳам давлатнинг солиқ тизимига эътибори, барча тузилмаларга нисбатан юқори бўлиб келган. Лекин ҳар бир соҳада ҳам асосий ишни мутахассислар бажаради.

Саволингизга кенгроқ жавоб бериш учун мамлакатимиз солиқ тизими тарихига бироз тўхталиб ўтсам, Ўзбекистонда давлат солиқ хизмати органлари дастлаб 1990 йилда Молия вазирлиги ҳузурида бюджет даромадлари бошқармаси негизида ташкил қилинган ва мустақиллигимиз қўлга киритилгандан кейин мустақил тузилма сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат солиқ бош бошқармаси бўлиб қайта ташкил қилинган ҳамда 1997 йилда Давлат солиқ қўмитасига айлантирилган.

Янги ташкил этилган тизимга мутахассисларни ишга олишда асосий эътибор аввало уларнинг малакасига, иш тажрибаси ва қобилиятига қаратилган. Мутахассис сифатида иқтисодчи ва бухгалтерлар ҳамда юридик мутахассисликка эга бўлганларга кўпроқ эътибор қаратилган. Шу туфайли, тизимда 2005 йилгача тажрибали ва қобилиятли мутахассислар кўпроқ жамланиб қолди. Ўз навбатида тизимнинг мамлакат иқтисодиёт тизимлари (банк, молия, статистика) орасида обрў-эътибори, нуфузи билан ажралиб чиқишига сабаб бўлди.

Ҳозирги ва бундан 10 йил олдинги солиқчилик фаолиятига баҳо бериш анча қийин, чунки деярли ўзгаришлар сезилмайди.

Лекин мутахассис сифатида тизим салоҳиятини кўтариш уни нуфузли органлар даражасига олиб чиқиш учун тавсиялар беришим мумкин.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳар бир соҳада ҳам асосий ишни мутахассислар бажаради. Шунинг учун солиқ соҳасида қанчалик мутахассис ходимлар кўп бўладиган бўлса, тизимнинг иши шунчалик осон кечади.

Аммо мутахассис ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди. Масалан, солиқ соҳасида етук мутахассис бўлиш учун ўн йил камлик қилади. Сабаби, соҳа жуда кенг ва кўп тармоқли. Хусусан, юридик шахслар билан жисмоний шахсларни солиққа тортиш тартиблари ёки чет эл хорижий компаниялари билан норезидент шахсларни солиққа тортиш тартиблари турлича.

Афсуски, бизда бундан ўн йиллар олдин пайдо бўлган коллеж битирувчиларини мажбуран ишга жойлаштириш тизими, солиқ органларини мутахассис кадрлар билан таъминлашга жуда катта зарба бўлди. Чунки ҳозирда тизимнинг 60 фоизга яқин таркибини шулар ҳисобига шаклланганлар, яъни коллеж битирувчилари ташкил этади. Уларнинг 10 фоизга яқини соҳада ишлашга қизиқиб, ўз малакасини ошириш учун солиққа тортиш, иқтисодиёт йўналишида ўқиган бўлса, қолган 10 фоизи турли олийгоҳларда ўқиганлар, қолган 40 фоизи эса шу коллеж билими билан ишлаб келаётганларни ташкил этади.

Хўш, бу тизим билан қаергача бориш мумкин? Албатта, узоққа эмас. Шунинг учун, тизимда кадрлар тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиб, уни кескин ўзгартириш керак.

Бундан ташқари, мутахассис кадрларни ишга таклиф қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш керак. Бунда биринчидан, тизимда меҳнат қилган лекин турли сабаблар билан ишдан олинган кадрларни ишга жалб қилиш масаласини кўриб чиқиш лозим.

Иккинчидан, четда корхона ва ташкилотларда бухгалтер ёки иқтисодчи бўлиб ишлаётган кадрларни ишга жалб қилиш лозим.

– Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган “Маслаҳат маркази”, Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси амалда қанчалик ўзини оқлаяпти?

– Ҳар иккала тузилма ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида ташкил этилган ва бунда “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонасига жуда катта вазифалар ва имкониятлар белгилаб берилди.

Ҳозирги рақамларга қарасак, “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси ва унинг асосий фаолияти бўлган “call-марказ” фаолияти яхши йўлга қўйилган кўринади.

Лекин солиқ соҳасида солиқ тўловчига маслаҳат хизмати кўрсатиш ҳар бир ходимдан жуда катта билим, тажриба ва масъулият талаб қилади.

Хусусан, давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимини техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқариш, “call-марказ” махсус сервиси орқали аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш, солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, солиқ тўловчиларга ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича хизмат кўрсатишда билим, тажриба ва қобилият жуда ҳам зарур бўлади.

Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси ҳам бугунги кунда солиқ тўловчида солиқ қонунчилиги бўйича низолар пайдо бўлганда тегишли чораларни кўриб уни имкони борича мувофиқлаштиришга ҳаракат қиляпти.

Лекин ҳақиқий низолар текширишлар учун белгиланган мораторий муддати тугаганидан кейин солиқ текширувлари бошланганда пайдо бўлади. Шунинг учун бундай низоларни тизимда ҳал этиш қийин бўлади. Уларни ҳал қилишнинг бирдан-бир қонуний йўли суд қарори ҳисобланади.

Шунинг учун, хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб мамлакатимизда тезроқ солиқ судларини ташкил этиш барча муаммоли ва низоли масалаларни ушбу суд орқали ҳал қилинишини йўлга қўйиш керак.

– Дунё солиқчилик тизимида юқори солиқ ставкалари мавжуд бўлган мамлакатлар ҳудуди “tax hell”, энг паст солиқ ставкаларига ва қулай солиқ имтиёзларига эга бўлган мамлакатлар ҳудуди эса “tax haven” деб юритилади. Ўзбекистонга нисбатан қайси атамани қўллаш мумкин?

– Халқаро солиққа тортиш тизимида “tax hell” ва “tax haven” тушунчалари амал қилади. Менинг фикримча, Ўзбекистон “tax hell” мамлакатлар ҳудудига киради. Чунки юқорида қайд қилинганидек, давлат бюджети даромадларида солиқларнинг улуши юқори даражада бўлиши, яъни давлат бюджетининг солиқларга тобе бўлиши юқори бўлганлиги сабабли, давлат оғир вазиятларда солиқ ставкаларининг ўзгартириши мумкин. Масалан, акциз солиғи бўйича “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда белгиланганидек.

– Узоқ йиллик фаолиятингиз давомида орттирилган тажрибангиз, соҳадаги ёш кадрлар учун бир мактаб бўлади. Фаолиятини намунали олиб боришлари учун уларга қандай маслаҳатлар берасиз?

– Қирқ йилга яқин меҳнат фаолиятимнинг ўттиз йилини солиқ соҳасига бағишладим. Тизимнинг деярли барча поғоналарида ишладим. Бу касб фидойиликни талаб қилади. Халқдан солиқ йиғишда, унга маслаҳат беришда ёки унинг фаолиятини назорат қилишда доимо фидойи бўлиш керак. Меҳнатсиз топилган даромаднинг ҳеч қачон хайри ва баракаси бўлмайди. Шундай экан мен ҳамкасбларимга, шогирдлар ва ёшларимизга солиқчи касбига садоқатли бўлишни, ҳар бир ишни фидойилик билан қилишни, кибр ва ҳасаддан йироқ бўлиб, фақат ҳалол меҳнат билан ризқ-рўз топиб, оила юритишни сўраб қоламан.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ
суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.