ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Солиқ аудити

Мамлакатимиз солиқ сиёсатига жорий йилдан бошлаб янги таҳрирдаги Солиқ кодексини амалиётга киритилиши билан, солиқ қонунчилигимизга солиқ аудити тушунчаси ҳам кириб келди.

Хўш, солиқ аудити ўзи нима?

Халқаро солиқ қонунчилиги нормаларида солиқ аудити тушунчаси олдиндан мавжуд бўлган тушунча бўлиб, кўпчилик ривожланган мамлакатлар солиқ қонунчилиги нормаларида солиқ аудитидан фойдаланиб келинмоқда. Шунингдек, илмий адабиётлар ва қонунчилик нормаларида ҳам солиқ аудити тушунчаси қўлланилиб келинади.

Масалан, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги аудиторлик фаолияти бўйича комиссия томонидан “Солиқ масалалари бўйича солиқ аудити ва бошқа хизматлар. Солиқ органлари билан мулоқот” номли аудиторлик фаолиятининг методикасида, “Солиқ аудити деганда, иқтисодий субъектнинг бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларининг ҳақиқийлиги ва қонунчилик томонидан белгиланган нормаларга мос келишлиги даражасини, иқтисодий субъектлар томонидан бюджетга тўланадиган солиқлар ва бошқа тўловлар ва бюджетдан ташқари фондларга ажратмаларни ҳисобда акс эттирилишини аудиторлик ташкилотлар томонидан махсус аудиторлик топшириғининг бажарилиши тушунилиши” қайд этилган.

Шунингдек, рус иқтисодчи олимлари Шеремет, Суйцлар “солиқ аудити ­ бу солиқларни тўғри ва тўлиқ ҳисобланиши ва тўланиши, солиқ сиёсатига риоя қилинишини аудиторлик текширишидир” деб солиқ аудитига таъриф берган бўлсалар, иқтисодчи олимлар Миронова ва Ханафеевлар “солиқ аудити аудитнинг бир тури ҳисбланиб, солиқ аудити доирасида солиқ режалаштирилиши амалга оширилиши, бюджет билан ҳисоб­китоблар назорат қилиниши ва аудиторлик ташкилотлари томонидан ўтказиладиган ташқи аудитнинг мустақил тури” деб хулоса қилишган.

Демак, солиқ аудити олдиндан мавжуд тушунча бўлиб, солиқ тўловчиларнинг корхоналар солиқ ҳисоботларини ҳақиқийлиги ва унинг қонунчилик нормаларга мос келишини, бюджетга тўланадиган солиқлар ва бошқа тўловларнинг ҳисобда тўғри акс эттирилишини солиқ органлари ёки аудиторлик ташкилотлар томонидан текширилиши тушунилади. Бу текшириш қайсидир давлатларда солиқ органлари томонидан, баъзиларида мустақил аудиторлик ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 140-­моддасида, “Муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текширилиши”га солиқ аудити деб таъриф берилган ва солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига (солиқ агентига) нисбатан ўтказилиши белгиланган.

Солиқ аудити ўтказилишини тартибга солувчи яна бир ҳужжат, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 18 майдаги 2020­17­сон қарори билан тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3251­сон билан рўйхатдан ўтказилган “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомда солиқ аудити солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланишининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш йўли билан ўтказилиши таъкидланган.

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни қайд этиш мумкинки, халқаро солиқ қонунчилиги андозаларига мос равишда ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ, эндиликда солиқ тўловчиларнинг молия­хўжалик фаолиятини тафтиш (ревизия) қилиш ўрнига, уларда солиқ аудити ўтказилиши белгиланган.

Хўш, солиқ аудити қандай ташкил этилади, ўтказилади ҳамда натижалари қандай расмийлаштирилади?

Низом қоидаларига мувофиқ, солиқ аудити:

► солиқ органида хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда;

► камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган ёки аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган, шунингдек тақдим қилинган асосномалар етарли эмас, деб топилган юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда;

► ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларда;

► жиноий иш қўзғатилган солиқ тўловчиларда;

► аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган солиқ тўловчиларда ўтказилади.

Демак, солиқ аудити асосан Давлат солиқ қўмитасининг “Таҳлика­-таҳлил” дастурий маҳсулоти орқали аниқланган, юқори даражадаги солиқ хавфи мавжуд бўлган солиқ тўловчиларда ўтказилади.

Бунинг учун, солиқ органлари солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ тўловчига унинг шахсий кабинети солиқ аудити ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани юборадилар. Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилиши шарт.

Қайд этиш лозимки, хабарнома ҳамма вақтда ҳам юборилиши шарт эмас. Агар солиқ тўловчида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари жумладан, солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари мавжуд бўлса, йирик солиқ тўловчилар инспекцияси ва давлат солиқ бошқармалари Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор қилмасдан солиқ аудитини бошлаши ҳам мумкин.

Низомда солиқ аудитини ўтказувчи шахс ходимлар, солиқ тўловчи ва унинг вакиллари солиқ аудитининг иштирокчилари эканликлари, аудитнинг ўтказилишида кодексда белгиланган тартибда гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва холислар жалб этилиши, шунингдек, агар юзага келадиган масалаларни тушунтириш учун илм­фан, санъат, техника ёки ҳунармандчилик соҳасидаги махсус билимлар талаб этилса, экспертиза тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Савдосаноат палатаси ва (ёки) бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари солиқ тўловчида Ўзбекистон Республикаси Савдо­саноат палатаси аъзоси эканлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда ҳамда вакилнинг хизмат гувоҳномаси ва текширишда қатнашиш учун ишончномаси бўлганда солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун солиқ аудити жараёнида иштирок этишлари мумкин.

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.