ҚЎҚОН ХОНЛИГИДА СОЛИҚЛАР ВА САРКОРЛАР

Қўқон хонлигида солиқлар хоссачи ва бекликларга бўлинган. Хоссачи солиғи хон хазинасига тушган. Беклик солиғи эса вилоят ёки туман ҳокимлари бўлган беклар хазинасига тушган. Наманганлик марҳум тарихчи Йўлчи Қосимовнинг ёзишича, мусулмон қонун-қоидаларига мувофиқ Қўқон хонлиги аҳолисидан 32 хил солиқ ундирилган. Бироқ тадқиқотчи А. Жувонмардиевнинг “XVI-XIX асрларда Фарғонадаги ер-сув муносабатларига доир” номли китобида хонликда солиқлар ва жарималарга оид атамалар сони 90 тани ташкил қилган.

Хусусан, А. Хорошхин 1870 йилларда “Аҳоли ақл бовар қилмас солиқларга тортилган эди”, – деб ёзса, XIX асрда яшаган тарихчи Муҳаммад Азиз Марғилоний руслар хонликни босиб олгандан сўнггина солиқлар миқдорининг ортганлигини қайд этади. Унинг ёзишича, “Аммо мусулмон подшолари вақтида бешдан бир хирож кўтарар эди ва қирқдан бир закот олур эдилар. Агарда ерларингизга экин зироат қилсангиз, хирмон тепасига келиб қўйган саркорни ўзи ҳозир туруб, ўлчаб ҳисоблаб, ҳақ олар эди. Қирқдан ва ўндан бир кўтариб, боғлардан таноб торттириб ҳақ олур эди, бўлак ҳеч бир нимарса олмас эди. Магар бирор тарафга жанг учун лашкар борадиган бўлганда, “солиғ пули” деб йиғиб олур эди. Аммо бу ўрусия экин экмаган ерларга ҳам то бахя полигача таноб тортиб, анинг тепасидан ҳисоблаб (солиқ) олиб туради. Бозорларда нархлар арзон бўлиб тургани учун фуқаролар подшолик ҳақларини ўз вақтида пул жамлаб беролмасдан кўп қийналдилар. Шул жиҳатдан ерлар тиллодан арзон бўлиб қолди. Ер мулки хорлик даражасигача тушиб қолгандан кейин, ўрусия унга илож қилмоқнинг фикрига тушиб қолди.” Қўқон хонлиги тарихи ўрганилганда солиқ тизимига оид манбаларда хирож, закот, танобона, хон солиғи, никоҳ пули, тариқона, улов пули, сув пули(миробона), байтал пули, сомон пули, чўп пули, кўмир пули, ўтин пули, савдо-сотиқдан олинган пул, бозор йиғими, ижара солиғи, хок-оби сингари солиқлар мавжуд бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.

“Мирза дафтар”ни шахсан хоннинг ўзи тафтиш қилган

Қўқон хонлигида солиқ ишлари билан алоҳида амалдорлар шуғулланган. Саройдаги мирза лавозимидаги мансабдор уларнинг асосий бошлиғи ҳисобланган бўлиб, унинг махсус дафтари “Мирза дафтар” деб ном олган. Чунки айнан мана шу мирза ва унинг дафтарини хон тафтиш қилган. Мирза хон фармони асосида бекликларга солиқ миқдори кўрсатилган фармойишларни юбориб турган. Беклар томонидан тайинланган саркорлар солиқни аниқлаш ва йиғиш ишлари билан шуғулланганлар. Ўз навбатида ҳар бир саркор қўл остидаги ходимларини бекликдаги солиқларни аниқлаш ва йиғиш ишларига сафарбар этган. Хонликнинг солиқ тизимида фаолият юритадиган мансабдорлар саркор (ёки мирзабоши), амлокдор, мирзолардан иборат бўлиб, уларга маҳаллий бошқарувдаги ариқ оқсоқоли, мироб, амин ва оқсоқоллар ҳам ёрдам берар эди. Солиқ тўлашдан бош тортган хонлик фуқароларига тушунтириш ишларини олиб бориш учун қозилар ҳам юборилган. Улар шариат қоидалари асосида солиқ тўлаш лозимлигини кўрсатиб берган ва маслаҳатлар берган. Солиқ йиғувчи мансабдорларнинг назоратчиси сифатида вилоятларда ҳоким солиқ сиёсатини бошқаришда хонга асосий таянч вазифасини ўтаган.

Қўқон хонлигида жами 15 дан ортиқ вилоятлар мавжуд бўлиб, уларни беклар ёки бекларбеги бошқарган. Бекларбеги лавозими бекларга нисбатан баъзи масалаларда эркинроқ бўлиб, жумладан, махсус хазина ташкил қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд эди. Масалан, Тошкент беклигида бекларбеги ёки қушбеги шундай имкониятларга эга ҳисобланган. Хонликда вилоят ҳокимларига хирож ва танобона солиқларини олиш ҳуқуқ ҳам берилган. Худоёрхоннинг учинчи хукмронлик (1865­ 1875) даврида ҳар йили хон хазинасига вилоят ҳокимлари 1 500 000 рублга тенг миқдорда солиқ топширганлар. Халқ орасида солиқ йиғишга келган кишиларни танобчи (ер ўлчовчи ҳамда ҳар бир таноб ердан солиқ олувчи) ва закот солиғини йиғувчи амалдорлар “закотчи” деб аталган. Аслида танобона бу боғ ва узумзорлардан, ер экинларидан, сабзавотлардан ҳар бир танобига нисбатан олинадиган солиқдир. Таноб сўзи арабча бўлиб, арқон, чилвир маъносини англатади.

Солиқлар қатъий белгиланган миқдорда ва вақтида йиғилиши шарт бўлса­да, хон ва амалдорларнинг ихтиёри билан бу нарса ўзгариб турган. Уруш ҳолатларида солиқлар тури ва миқдори оширилган.

Қўқон хонлиги солиқ тизимида маъмурий бошқарувнинг қоидасига кўра солиқ мансабдори саркорлар бўлган, улар ҳар бир вилоятда иш юритишган. Саркор амлокдорлар ва солиқ йиғувчи мирзолар фаолиятини назорат қилиш билан бир қаторда, солиқ йиғиш жараёнида ўзи ҳам фаол иштирок этган.

“Саркорлар, – деб ёзади А. Миддендорф, – бутун хонлик бўйича тарқалганлар. Улар ҳар бир ҳоким ҳатто катта қишлоқларнинг оқсоқоллари ҳузурида мавжуд бўлган ва …хон хазинасига тушиши лозим бўлган солиқларнинг тўлиқ бўлишини назорат қилишган”.

Тарих луғатида изоҳланиши бўйича саркорлар давлат бошқарувидаги етакчи амалдор эканлигини билиш мумкин. “Саркор” сўзи форсий тилдан олинган бўлиб, “иш боши” деган маънони билдиради. Ўрта асрларда йирик ер эгаларининг ер­сув тизимини назорат қилиб, барча хўжалик ишларига бошқарувчилик қилиб турувчи мансабдор ҳисобланган. Айрим ҳолларда ҳукмдорларнинг шахсий хазиначиси ҳам саркор деб аталган. Хонликнинг маъмурий бошқарувида саркор мансабидаги шахсларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаш зарур. Тарихчи олим Р. Набиев саркорларни бир вақтнинг ўзида ҳам аграр масалаларни, ҳам савдо­сотиқ муносабатларини, ҳам ҳунармандчилик корхоналарини назорат қилганлигини ва олий ҳукмдорнинг ҳамда вилоят ҳокимларининг хўжалигидаги барча масалаларда ҳам муҳим ўрин тутганлиги, қишлоқларнинг амин ва оқсоқоллари билан биргаликда олий ҳукмдорнинг топшириғига биноан ҳашарларга мардикорларни тўплашда иштрок этганлигини ҳам қайд этган. А. Миддендорф ҳам саркорларни солиқ йиғиш жараёнида муҳим аҳамият касб этганини таъкидлайди ва хонликнинг ҳар бир ҳудудида фаолият олиб борганлигини ёзган. Саркорлар мирзабоши, қўриқчибоши, қўрбоши деб ҳам аталганлар. Саркорлар иқтисодий масалаларда ҳам фаол қатнашган бўлиб, Марғилон вилоятида молия ишлари, хусусан, кирим­чиқим дафтари Муҳаммад Олим саркор томонидан юритилган. Хонликда оқсоқол ва амин сингари амалдорлар ҳам бўлган ва улар солиқ йиғиш вақтида саркорларга ва солиқ йиғувчи амалдорларга ёрдам берганлар.

Хонликнинг солиқ тизимида амлокдорлар, мирзо, мироб ва ариқ оқсоқоллари саркорнинг топшириқларини бажарган ва улар бу тизимда хизматчи вазифасини ўтаган.

Архив ҳужжатларида олий ҳукмдор нафақат солиқ ишлари, балки бошқа масалалар юзасидан ҳам тез­тез саркорларга мурожаат қилиб турган.

Хонликнинг пойтахт вилояти саркори вазифасини бажарган Муҳаммад Содиқ саркор бир вақтнинг ўзида мирохўр ва тўқсабо унвонларига ҳам эга бўлган. Аслида бу унвонлар Муҳаммад Содиққа саркорликка тайинланганига қадар берилган бўлиб, уларни саркор номига кўп ҳолларда қўшиб ишлатганлар. Бу марказий давлат бошқарувида кузатилган бир мансаб эгасининг илгари эгаллаган амаллари номи билан аталган ҳолатни эслатади.

Хулоса қилиб айтганда, хонликда солиқ тизими ва саркорлар институти ижтимоий­иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Мамлакатнинг иқтисодиёти тарихидаги солиқ тизими ҳали етарлича ўрганилмаган масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Шерали ҚЎЛДОШЕВ,
ЎзР ФА Шарқшунослик институти илмий ходими,
тарих фанлари номзоди, доцент.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.