ХИТОЙ ВА ЎЗБЕКИСТОН СОЛИҚ ТИЗИМИДА ҚАНДАЙ ЎХШАШЛИК БОР?

Давлат солиқ қўмитасининг ташаббуси билан жорий йилнинг 8-14 октябрь кунлари солиқ хизмати ходимлари Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтишди. Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Саидов ҳам улар сафида бўлди. Сяминь Иқтисодиёт университетида ташкил этилган “Ходимлар потенциалини ривожлантириш” ўқув курсида иштирок этган Ш.Саидов тажриба алмашинув жараёни таассуротларини ўртоқлашди.

– Хитой Халқ Республикасининг амалдаги макроиқтисодий аҳволи ва иқтисодий сиёсатидаги ўзгаришлар қай даражада?

– Хитой иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётининг ажралмас ва муҳим бўғини бўлиб, бутунжаҳон ялпи миллий маҳсулотидаги улуши 16 фоизидан ортиғини ташкил қилади ва АҚШдан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Бироқ хизматларнинг харидорлилиги бўйича АҚШдан 15 баробар арзон. Шунга асосан кўрсатиладиган хизматлар миқдори бўйича АҚШга қараганда ҳам кўпроқ, деб ҳисобланади. Хитой аҳоли сони бўйича дунёда биринчилардан ҳисобланишини ҳам албатта инобатга олиш керак.

Хитой иқтисодиёти ривожланишининг асоси, бу – асосий капиталга киритилган тўғридан-тўғри инвестицияларнинг жуда кўплигидир.

– Хитой солиқ тизимини “код” лашган тизим дейишади. Бу махфийлашган “код” ларнинг солиқ ислоҳотларида тутган ўрни ва мамлакатдаги солиқ юкининг ҳолати ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Хитой давлати солиқ юкининг юқорилиги бўйича жаҳонда 114-ўринни эгаллайди. (мисол учун, Шанхай провинциясида солиқ юки 66,7 фоизни ташкил қилади). Статистик маълумотларга кўра, солиқ тўловлари аҳоли даромадларининг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил қилади. Мамлакатда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармалари тавсиялари асосида кейинги йилларда солиқ ислоҳотлари амалга оширилаётган бўлиб, мазкур ислоҳотларни амалга ошириш бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Хитой тажрибаси ўрганилганда, мазкур давлатнинг ўзига хос хусусиятлари (социалистик республика), миллий анъаналари ва менталитетидан келиб чиқиб, асосий 3 турдаги 18 та солиқ ва тўловлар мавжудлигини кўришимиз мумкин.

Жумладан:

маҳсулот, иш ва хизматларга солиқлар – 4 та;

даромадга солиқлар – 2 та;

мол-мулк ва кўчмас мулкка солиқлар – 12 та.

Шундан 10 таси тўғри солиқлар ва 8 таси эгри солиқлар ҳисобланади.

Тўғри солиқлар маъмурчилиги эгри солиқлар маъмурчилигига нисбатан қийин бўлса-да, бироқ тўғри солиқлар даромадларнинг текис тақсимланишини таъминлайди. Шу сабабдан, тўғри солиқлар маъмурчилигини таъминлаш мақсадида солиқ тизимини такомиллаштиришда информацион технологиялардан кенг фойдаланишга эътибор қаратилган. Жумладан, маълумотлар базасини шакллантириш учун мамлакатнинг бутун аҳолиси идентификация қилинган (махсус хос рақам берилган) ва барча маълумотлар ягона умумий база (Big data)га киритилган. Мазкур жараённинг СТИР рақами беришдан фарқи, бунда умумий маълумотлар базаси орқали фуқароларнинг барча умумий маълумотлари (оилавий аҳволи, рўйхатда туриш манзили, мобиль телефон рақамидан тортиб пластик картасининг рақамигача) қамраб олинган. Маълумотлар базасининг тўлиқ ва тўғри шаклланиши Хитой Олий кенгаши томонидан назорат қилинади.

– Хитой ҚҚС тўловчилари ва ставкалари ҳақида қизиқдингизми?

– Хўжалик юритувчи субъектларга солиқ юкини камайтириш мақсадида 60 йил мобайнида амалда бўлиб келган тадбиркорлик фаолиятига солиқ (оборотга солиқ) 2016 йилга келиб бекор қилинган. Мазкур солиқ қўшилган қиймат солиғи билан алмаштирилган.

Тадбиркорлик фаолиятига солиқнинг ҚҚСга алмаштирилиши Хитой солиқ тизимидаги сўнгги 20 йил ичидаги энг катта ўзгаришлардан бири ҳисобланади.

Қўшилган қиймат солиғининг умумий солиқ тушумларидаги улуши 2018 йилда 68,7 фоизни ташкил қилган бўлиб, солиқ тушуми салмоғи бўйича энг асосий солиқ ҳисобланади.

Хитой Халқ Республикасида қўшилган қиймат солиғини фаолият туридан қатъи назар барча турдаги солиқ тўловчилар тўлайди (қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган жисмоний шахслар бундан мустасно). Ҳукумат томонидан қўшилган қиймат солиғи ставкаси йилдан-йилга пасайтириб борилмоқда.

– Ўзбекистонда жорий қилинмаган, бироқ Хитойда мавжуд бўлган солиқ ва тўлов турлари ҳам мавжудми?

– Тажриба алмашиш жараёнида ўрганганларимиздан маълум бўлдики, солиқ солиш объектига ўхшаш бўлган 5 та солиқ турлари Ўзбекистон Республикасида жорий қилинмаган. Булар:

шаҳар қурилишини ривожлантириш учун солиқ (қишлоқ хўжалик ерлари қурилиш учун ажратилганда, мазкур ер майдонлари қийматидан бюджетга бир марталик тўлов ундирилади);

шартнома қийматидан солиқ (уй-жой сотиб олинганда, харид қийматидан 3-5 фоиз миқдорида бир марта тўлов);

ер қийматини ошганлиги бўйича солиқ (нотариал хатти-ҳаракатлар амалга ошириш пайтида ундирилади);

кема ёки тоннабай йиғим (божхона органлари томонидан ундирилади);

транспорт солиғи (мажбурий суғуртани амалга оширувчи суғурта агентлари томонидан суғурта полиси билан биргаликда ундирилади).

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиғи ҳамда мол-мулк солиғи Хитойда жорий қилинмаган. Бироқ мазкур солиқ Хитойда фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган ерлар ва мол-мулк қийматидан ундирилади (Хитой солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ яқин йилларда жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда).

– Хитой солиқ тизими ва солиқ маъмурчилиги мавзуларида ўқув машғулотлар, семинар тренинглардан олган билимларингиз асосида уларни юртимиз солиқ тизимига ҳам татбиқ қилиш бўйича таклиф ва тавсияларингиз…

– Дунёнинг етакчи профессор ўқитувчилари томонидан давра суҳбатлари ва тренинглар ўтказилиб, биз кутмаган ҳаттоки, хаёлимизга келмаган тажрибаларни ўртоқлашдик. Бу тажрибаларни, албатта, республика миқёсида қўлласак арзийди.

Биринчи таклифим, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 209 ва 210-моддаларига асосан банклар ва суғурта компаниялари томонидан кўрсатиладиган молиявий ва суғурта хизматларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш тарзидаги имтиёзни бекор қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Хитойда мазкур тармоқ корхоналарини қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлиши амалиётига Жаҳон банки экспертлари томонидан ижобий баҳоланган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755-сонли Фармони билан солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг кейинги босқичи амалга оширилиб, қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ҳам қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтказилди. Эндиликда республикамизда тармоқлар бўйича фақат банклар ва суғурта компаниялари учунгина ҚҚС бўйича солиқ имтиёзлари назарда тутилган. Банклар ва суғурта компаниялари учун солиқ имтиёзлари бекор қилинадиган бўлса, барча тоифадаги тадбиркорлик субъектлари ҚҚС тўловчиси бўлиши (аниқ тоифалари бўйича) белгилаб қўйилади. Бу эса ҚҚС занжирини яратилишига, бюджет даромадларини оширишга, молиявий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишга олиб келади.

Иккинчиси, Хитойда ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботлари солиқ органларига қуйидаги муддатларда тақдим қилинади:

йирик солиқ тўловчилар томонидан – ҳар ойда ҳисобот ойи тугагандан кейинги ойнинг 15 санасида;

кичик солиқ тўловчилар томонидан – ҳар чоракда ҳисобот чораги тугагандан кейинги ойнинг 15 санасида.

Тўловлар ҳам ҳисобот тақдим қилиш саналарида амалга оширилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755-сонли Фармони билан қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ҳам қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтказилди. Бироқ қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштириладиган маҳсулотлар мавсумий характерга эга бўлганлиги сабабли, ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботларини ҳар чоракда бир марта тақдим қилиши лозимлигини белгилаб қўйиш лозим. Солиқ ҳисоботлари сонининг қисқариши, солиқ тўловчиларни ортиқча оворагарчиликларининг олди олиниши ҳамда солиқ ҳисоботлари муддатларида тақдим қилинмаслиги натижасида солиқ тўловчиларга қўлланилиши мумкин бўлган таъсир чораларини қисқаришига олиб келади.

Шунингдек, солиқларни тўлов муддатини ҳар ойда ой тугагандан кейинги ойнинг 15-санасига қадар амалга оширилишини белгилаб қўйиш лозим. Бу билан бюджет харажатларини молиялаштириш манбаларини муддатида (зарурий саналарда) шакллантириш имкони яратилади.

Шу тартибда, соддалаштирилган тартибда ягона солиқ тўлови бўйича ҳам тўловларни ҳар ойда ой тугагандан кейинги ойнинг 15-санасига қадар амалга оширилишини белгилаш лозим. Бунда солиқ тўловчи кейинги ойлар жорий тўловларнинг ҳисоб-китобини ҳисобот билан бирга тақдим қилиш (ҳисобот иловаси сифатида) тартибини белгилаш мақсадга мувофиқ.

Учинчи таклифим: Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, Инвойс давлат солиқ хизмати органлари томонидан рўйхатга олиниб, тадбиркорлик субъектлари инвойсни солиқ идораларидан олиши ва расмийлаштирилиши солиқ солиш базасининг тўғри юритилиши, инвойслар йўқ қилиниши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали восита ҳисобланади. Инвойсларни қалбакилаштириш учун ҳам қатъий жарима чоралари муқаррар эканлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 522-сонли қарорига асосан, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар ҳисоб варақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштиришга ўтади. Мазкур қарор билан тасдиқланган низомда интернет тармоғидаги носозликлар сабабли ёки бошқа техник сабабларга кўра электрон инвойсни расмийлаштириш имкони бўлмай қолган пайтда қилинадиган ишлар назарда тутилмаган. Хитой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектларига солиқ органларида рўйхатга олинган ҳисобварақ-фактуранинг қоғоз шаклидаги қатъий бланкасини тақдим қилиш амалиётига жорий қилиш мумкин. Мазкур ҳисобварақ-фактуралар техник сабабларга кўра электрон инвойсни расмийлаштириш имкони бўлмаган субъектлар ва ҳолатларда тадбиркорлар томонидан расмийлаштирилиши мумкин.

Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон инвойс юритилиши тартибининг бузилиш ҳолатлари ва қоғоз шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактураларни қалбакилаштириш ва расмийлаштириш тартиби бузилганда, мансабдор шахсларга маъмурий жарималар белгилаш билан чеклан масдан, Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, белгиланган солиқ суммаси ва ҳисобварақ фактурада кўрсатилган товар қийматига боғлиқ бўлган миқдорларда (унинг қийматига тенг миқдорда) молиявий жарима чораларини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ. Бунинг натижасида электрон ҳисобварақ фактурани расмийлаштириш имкони бўлмаганда, уни расмийлаштиришнинг муқобил усуллари яратилиши билан бирга, хуфиёна иқтисодиётнинг олди олинади ва қонун устуворлигини таъминлаш механизмлари яратиб берилади.

Тўртинчиси, Ўзбекистон Республикасида солиқ ва мажбурий тўловларни тўлов муддатини белгилаганлик учун пеня миқдори ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,045 фоизни ёки йиллик 16 фоиз даражасида ташкил қилмоқда. Мазкур миқдор Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси билан тенг бўлиб, аксарият тижорат банклари томонидан тадбиркорларни айланма маблағларини тўлдириш учун таклиф қилинаётган кредитлар фоизидан (ўртача 26-28 фоиз) 10 фоизга камдир.

Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, тўлов муддати бузилганлик учун ҳисобланадиган пеня миқдорини тижорат кредитлари миқдоридан ортиқ бўлишини, яъни солиқ тўловчи солиқларни тўлашдан манфаатдор бўлиш принципининг муқаррарлигини таъминлаш зарур. Шунга кўра муддатида тўланмагани учун ҳисобланадиган пеня суммасини банк қайта молиялаш ставкасини 1,5 баробари ёки ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,08 фоиз миқдорида белгилаш таклиф қилинади.

Ромон ОТАЖОНОВ,
Хоразм вилояти ДСБ
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий
ахборот шўъбаси бошлиғи.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.