Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғда пенсия тайинлаш ва имтиёзли пенсия

Муштарийларимиз томонидан пенсия таъминоти тизимига оид таҳририятимизга йўлланган саволларига мутахассислар томонидан берилган жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Саволларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Жамланма таҳлилий ишлар ва статистика бўлими бош мутахассиси Юсуфхон АБУЛФАИЗОВ жавоб берди.

❓– Фуқароларга иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғда пенсия қандай тайинланади?

✅– Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-­XII­сонли Қонунининг 37-­моддасининг “а”, “б”, “в” ва “г” бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажига мутаносиб миқдорда тайинланади.

37-моддада назарда тутилган иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турлари қуйидагилардир:

а) 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса ҳамда 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса.

1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади.

Ижодий фаолият билан машғул ходимларнинг иш стажини, башарти улар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлсалар, ижодий уюшмаларнинг бошқарувлари ана шу муаллифнинг асари эълон қилинган ёки биринчи марта жамоат олдида ижро ёки намойиш этилган кундан эътиборан белгилайдилар:

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият.

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ҳамда 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда.

Шунингдек, пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган умумий касаллик оқибатидаги I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси қонуннинг 17­моддасига мувофиқ бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.

Умумий касаллик оқибатида вафот этган ҳамда ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган боқувчисини йўқотган оила аъзоларига пенсия боқувчининг бор стажига мутаносиб равишдаги (17­модда) миқдорда тайинланади.

17-моддага асосан пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи қуйидаги жадвалда кўрсатилган:

Ёш Иш стажи
1. 23 ёшга қадар 2
2. 23 ёшдан 26 ёшга қадар 3
3. 26 ёшдан 31 ёшга қадар 5
4. 31 ёшдан 36 ёшга қадар 7
5. 36 ёшдан 41 ёшга қадар 9
6. 41 ёшдан 46 ёшга қадар 11
7. 46 ёшдан 51 ёшга қадар 14
8. 51 ёшдан 56 ёшга қадар 17
9. 56 ёш ва ундан ошганда 20

Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсиялар бор стажга мутаносиб миқдорда қуйидагича тайинланади:

  • ёшга доир пенсиялар учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан;
  • I гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан;
  • II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 75 фоизидан; оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан;
  • ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам ёшга доир пенсия – ойига 513 350 сўмни ташкил қилади.


❓– Ҳудуд коэффициенти бор жойларга имтиёзли пенсия тайинланадими?

✅– Давлат пенсиялари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни ҳамда меъёрий­ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий амал қилган ҳолда тайинланади ва тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-­сон “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора­тадбирлар тўғрисида” қарори билан тасдиқланган Низомга асосан Табиий­иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатга ҳақ тўлашга туман коэффициенти қўллаш белгиланган.

Ушбу низомга асосан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари 30 фоиз, Қораўзак, Кегейли, Нукус, Тахтакўпир, Чимбой, Шуманай туманлари ва Қўнғирот шаҳри 20 фоиз, Тахиатош, Хўжайли туманлари 15 фоиз, Беруний, Тўрткўл, Элликқаъла туманлари ва Нукус шаҳри 10 фоиз, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани 50 фоиз, Газли шаҳри 20 фоиз, Наманган вилоятининг Поп тумани Чоркесар шаҳарчаси 20 фоиз ҳамда Навоий вилоятининг Учқудуқ ва Зарафшон шаҳарлари 60 фоиз, Томди ва Учқудуқ туманлари 50 фоиз, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота, Хатирчи туманлари 30 фоиз, Кармана тумани ва Навоий шаҳри 20 фоиз туман коэффициентлари белгиланган бўлиб, фуқароларнинг яшаш жойидан қатъи назар, ушбу ҳудудларда ишловчи ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,4 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган иш ҳақи суммасидан ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 33­моддасида ишловчиларнинг иш ҳақига минтақавий коэффициентлар белгиланган ҳудудларда яшовчи шахслар ва оилаларига пенсия тайинлашда минтақавий коэффициент эътиборга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган амалдаги иш ҳақи ҳисобга олинади.

Имтиёзли пенсиялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининиг 1994 йил 12 майдаги “Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 250­-сонли қарори билан тасдиқланган 1, 2, 3­сонли рўйхатларда кўрсатилган касб ва лавозимларда ишлаган фуқаролар ёшидан қатъи назар, умумий белгиланган ёшдан 10 йил ва 5 йил олдин имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар. Лекин туман коэффициенти бор жойларда яшаган ва ишлаган фуқаролар учун алоҳида имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш қонунчиликда мавжуд эмас.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.