2021 ЙИЛ 1 ЯНВАРДАН ҚАТОР ЛИЦЕНЗИЯ ВА РУХСАТНОМАЛАР БЕКОР ҚИЛИНАДИ

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, куни кеча лицензиялашга доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6044–сонли Фармони имзоланди.

Мазкур фармон мамлакатда лицензия бериш ва олиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, унга кўра бир қанча фаолият турларида лицензиялаш тартиби бекор қилиниши кўзда тутилади.

Хусусан, фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

● 37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;

● 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;

● 17 та лицензия ва 14 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;

● 14 та турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилади;

● 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади.

Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб, туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланади ва қуйидагилар бекор қилинади:

► кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;

► дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;

► ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.

Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, ваколатли органлар томонидан қуйидаги ҳаракатларнинг амалга оширилиши тақиқланади:

► лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича қарздорлиги сабабли давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш;

► лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида тузиладиган ўзаро шартномаларга алмаштириш;

► лицензия ва рухсат беришга доир талаб ва шартларда назарда тутилмаган ҳақ эвазига бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишга бевосита ёки билвосита мажбурлаш.

2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди. Ушбу санага қадар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб­таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган «Лицензия» ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан:

► лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб­таомиллари босқичма­босқич тўлиқ электрон тарзда “Лицензия» ахборот тизими орқали амалга оширилади;

► лицензия соҳасидаги қонун бузилишлари ҳақида хабар берган шахслар ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топганда ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;

► лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.

ҚАЙСИ ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИДАН ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБ ЭТИЛМАЙДИ?

6044-сонли ПФга мувофиқ, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидаги фаолият турларидан лицензиялаш бекор қилинади:

● аудиторлик фаолияти;

● аудиовизуал асарларни, фонограммаларни ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш фаолияти;

● аонограммаларни тайёрлаш фаолияти;

● қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш фаолияти. Телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялашда:

► умумий фойдаланиш пунктлари, шу жумладан қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектларининг умумий фойдаланиш пунктлари томонидан маълумотларни узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш;

► қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳаллий телекоммуникация тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш;

► қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан шаҳарлараро телекоммуникациялар тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш;

► қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан халқаро телекоммуникациялар тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш.

● қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни лицензиялашда инвестиция фонди фаолияти;

● кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялашда кўприклар ва тоннеллардан фойдаланиш фаолияти;

● мудофаа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолияти.

Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолиятини лицензиялашда:

► ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш;

► ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини таъмирлаш;

► ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;

● баҳолаш фаолияти;

● риэлторлик фаолияти;

● вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги формали кийим-боши савдоси бўйича фаолият;

● қимматбаҳо ва нодир металларни, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш фаолияти. Фармацевтика фаолияти (дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш бундан мустасно):

► тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш;

► тиббий буюмлари тайёрлаш;

► тиббий буюмларини улгуржи реализация қилиш;

► доривор ўсимлик хомашёсини қадоқлаш ва улгуржи сотиш.

● Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лойиҳалаштириш фаолияти.

Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялашда:

► юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш фаолияти;

► юкларни автомобиль транспортида шаҳарлараро ташиш фаолияти.

Шунингдек, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб бекор қилинадиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг турлари:

► хорижий ишчи кучларини жалб қилишга рухсатнома;

► суғурталовчининг молиявий аҳволини соғломлаштириш чора-тадбирлари комплексини келишиш;

► банкларда аудиторлик текширишларини ўтказиш ҳуқуқига сертификат;

► объектлар, маҳсулотлар ва технологияларнинг лойиҳаларини ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш ишларини уларнинг темир йўл транспорти соҳасида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан экспертиза хулосаси;

► локомотивлар, юк ва изотермик вагонларнинг хизмат қилиш муддатларини узайтиришга техник ечимлардан ишлаб чиқаришда фойдаланишни келишиш;

► сув ресурсларидан фойдаланиш ва дренаж-оқова сувларни ташлаш билан боғлиқ янги корхоналарни қуриш ва ишлаб турганларини реконструкция қилиш лойиҳасини келишиш;

► бино ва иншоотларни, сув таъминоти, канализация ва оқова сувларни тозалаш тизимларини, гидротехника иншоотларини, бошқа объектларни санитария нормалари, қоидалари ва гигиена меъёрларига риоя этган ҳолда лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилишни келишиш;

► кабель телевидениеси тармоқларини лойиҳалаштириш қуриш ёки сотиб олиш, ўрнатиш, олиб кириш ва фойдаланиш туридаги рухсатнома;

► тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома;

► жисмоний тарбия-соғломлаштириш ёки спорт иншооти паспорти.

Темур ЭШҚУВВАТОВ тайёрлади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.