ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Сайёр солиқ текшируви (2) Хронометраж кузатувлари

Хронометраж кузатувларини ўтказиш тартиб қоидаларида:

► хронометраж кузатувлари солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари ёки фаолият турлари бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳақиқатдаги даромадлари ҳамда уларнинг шаклланиш манбалари ва (ёки) харажатлари, шунингдек, солиқ режимини аниқлаш мақсадида солиқ тўловчи иштирокида унинг фаолиятини тўхтатмасдан кунлик иш режимини тўлиқ қамраб олган ҳолда, жойлашган жойидан қатъи назар, барча объектларида бир вақтнинг ўзида, солиқ тўловчиларнинг текширувгача тасдиқланган иш режимидан келиб чиқиб, етти иш кунидан кам бўлмаган муддатда ўтказилиши;

► хронометраж кузатуви чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилганда, хронометраж кузатуви бошланишида солиқ тўловчининг пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишдан тушган пулларни сақлаш учун мўлжалланган кассаларидаги (бундан буён матнда солиқ тўловчининг кассалари деб юритилади) мавжуд нақд пул қолдиғини назорат-касса техникасининг кунлик ҳисоботи билан солиштириш ва ижобий фарқ суммасини солиқ тўловчи (унинг вакили) томонидан назорат-касса техникасининг хотирасига киритилишини талаб қилиш;

► савдо ва (ёки) хизмат кўрсатишдан тушган пул маблағларининг тўлиқ назораткасса техникаси хотирасига киритилиши ёки тўлов терминалларидан тўлиқ фойдаланилиши, харидорларга (мижозларга) харид чеки берилишини назорат қилиб бориш;

► реализация қилинган товарлар ва хизматларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш ҳамда кунлик пул маблағлари тушумини кузатиш ва қайд этиш;

► хронометраж кузатуви якунида назорат-касса техникасидан “Z” ҳисобот чиқариш ва маълумотномага илова қилиш;

► хронометраж кузатуви якунида солиқ тўловчининг кассаларидаги мавжуд кунлик пул тушуми билан қайд этиш варақасидаги тушумлар миқдори ўртасидаги ижобий фарқ суммасини назорат-касса техникасининг хотирасига киритилишини талаб қилиш;

► маҳсулотларнинг ҳисоб ҳужжатларидаги (ҳисобварақ-фактуралар, юк хатлари, назорат-касса техникаси чеки ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар) нархлари ҳамда сотиш нархларини таққослаш;

► солиқ тўловчининг даромадлари ва харажатларини таҳлил қилишнинг амалга оширилиши;

► шунингдек, ишлаб чиқариш соҳасида, ишлаб чиқариш учун сарфланаётган товар хом-ашёлар (ярим тайёр маҳсулотлар) ҳажмини, ишлаб чиқариш ускуналарининг сонини ва уларнинг қувватларини қайд этиш;

► ишлаб чиқариш қувватлари учун сарфланаётган табиий ресурслар (газ, электр энергияси, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари) ҳажмининг ишлаб чиқариш ҳажмига мувофиқлигини аниқлаш;

► ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва миқдорини аниқлаш;

► ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш усулларини аниқлаш ва жараёнини қайд этиш;

► ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи, сотиш нархи, сотилган ҳажми ҳамда омборхоналардаги тайёр маҳсулотлар миқдорини аниқлаш;

► хронометраж кузатуви натижасида аниқланган солиқ тўловчининг ҳақиқатдаги даромадлари, уларнинг шаклланиш манбалари ва харажатларини қайд этиш белгиланган.

Ўз навбатида, хронометраж кузатуви натижаси бўйича икки нусхада баённома расмийлаштирилиб, баённоманинг бир нусхаси солиқ тўловчига баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилиши, агар баённомани имзолашдан ва (ёки) унинг бир нусхасини олишдан солиқ тўловчи бош тортган ҳолларда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан баённомага бу ҳақда тегишли ёзув киритилиши қайд этилган.

Ўз навбатида Низомда, назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш, солиқ тўловчи ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга ошириш, бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойларида солиқ қонунчилигига риоя этилишини текшириш, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш масалаларида ҳам юқоридаги тартиб қоидалар қайд этилган.

Қонунчиликда сайёр солиқ текширувини ташкил этиш ва ўтказишнинг қонуний асосларига кенг эътибор берилган. Жумладан, текширув солиқ органи раҳбарининг буйруғи асосида ўтказилиши, буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувни ўтказиш муддати ва мақсади аниқ кўрсатилиши белгилаб қўйилган.

● Хусусан, ўтказиладиган сайёр солиқ текшируви Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда “Текширувларни рўйхатга олиш китоби” тўлдирилганидан сўнг ўтказилиши;

● сайёр солиқ текшируви далолатномасига “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли ёки китоб тақдим этилмаганда – унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилиши;

● сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда, солиқ тўловчи ўзининг сайёр солиқ текширувидан ўтказилишига йўл қўймасликка ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.

Сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.

Солиқ тўловчига сайёр солиқ текшируви далолатномасини топширилган кун сайёр солиқ текшируви муддатининг тугаши деб ҳисобланади.

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.