ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Сайёр солиқ текшируви

Сайёр солиқ текшируви солиқ тўловчининг айрим кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳисобланиб, унинг мақсади фактларни қайд этишдан иборат бўлиб, текширув солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда бошқа мажбуриятлар бажарилиши масалаларида маълумот тўплаш учун амалга оширилади.

Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларининг бажарилишини текшириш сайёр солиқ текшируви ҳисобланади (139-модда).

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 18 майдаги 2020-16-сон қарори билан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 18 июнда 3247-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисида”- ги Низомга асосан, сайёр солиқ текшируви – солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш ҳисобланиши қайд этилган.

Сайёр солиқ текшируви чоғида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади. Текширув ўтказиш чоғида солиқ органларига профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ва солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Ўз навбатида, хронометраж кузатуви – хронометраж ўтказиладиган даврда тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ва товарларни (хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган, товарларни (хизматларни) ҳақиқий реализация ҳажмларини аниқлашга доир тадбир ҳисобланади.

Демак, сайёр солиқ текшируви кенг қамровли жараён бўлиб, унда:

► солиқ органлари солиқ солиш объектларини аниқлаш;

► хронометраж кузатувларини ўтказиш;

► назорат­касса техникаси ва ҳисоб­китоб терминаллари қўлланилишини текшириш;

► солиқ тўловчи ходимларининг ҳисоботидаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга ошириш;

► бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойларида солиқ қонунчилигига риоя этилишини текшириш;

► савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текширишни амалга оширади.

Шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари сайёр солиқ текшируви доирасида солиқ тўловчидан асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларни солиқ тўловчи (солиқ агентлари) томонидан хатловдан ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Давлат солиқ хизмати органлари сайёр солиқ текширувида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий бойликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлилини ўтказадилар.

Бунда сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича олинган ҳужжатлар ва ахборотлар камерал солиқ текширувини ўтказишда фойдаланилиши мумкин. Лекин сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди, ўз навбатида, солиқ тўловчилардан сайёр солиқ текшируви предметига алоқаси бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Ўз-ўзидан “сайёр солиқ текширувини амалга ошириш учун нималар асос бўлади” – деган савол туғилади. Низомда сайёр солиқ текшируви қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ўтказилиши белгилаб қўйилган:

► “Таҳлика­таҳлил” дастурий маҳсулоти натижасига кўра аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлмаган солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) фаолиятидаги солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;

► жисмоний ва юридик шахслардан, шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан солиқ тўловчилар фаолиятида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида мурожаатлар келиб тушганда (бундан аноним мурожаатлар мустасно);

► оммавий ахборот воситаларида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

► камерал солиқ текшируви жараёнида аниқланган тафовут ва хатоларни солиқ органи жойлашган жойдан ташқарида ўрганиш зарурати юзага келганда.

Сайёр солиқ текширувларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, Низомда сайёр солиқ текширувини ўтказишда солиқ органи мансабдор шахсининг ҳамда солиқ тўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган бўлиб, бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар Солиқ кодексида белгиланган солиқ органи ҳамда солиқ тўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини инкор қилмайди, балки текшириш хусусиятидан келиб чиқиб солиқ органи мансабдор шахсининг текшириш сифати ва самарадорлигини ошириш учун масъулиятли бўлишни талаб қилади.

Масалан, солиқ органи мансабдор шахсларининг мажбуриятларида, солиқ тўловчини ёки унинг вакилини текширув мақсади билан таништириш, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатиши:

● тадбиркорлик субъектида “Текширувларни рўйхатга олиш китоби” мавжуд бўлган ҳолларда, унинг электрон ёки қоғоз шаклини тўлдириши;

● сайёр солиқ текширувини ўтказиш вақтида солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан, текширув устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Савдо­саноат палатаси ёки тадбиркорлик субъектларининг бошқа тегишли бирлашмаларини жалб қилишга ҳақли эканлигини тушунтириши;

● ўтказилган текширув натижалари билан солиқ тўловчини таништириши;

● тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари текширув тамомлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилишини таъминлаши;

● ўз ваколатлари ва текширув буйруғида белгиланган текширув мақсадлари доирасидан чиқмасликка мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.

Ўз навбатида, солиқ тўловчининг ҳуқуқларида:

► сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини олиш, ходимларнинг хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаси билан танишиш;

► сайёр солиқ текширувини ўтказиш жараёнида вакил орқали ёки шахсан иштирок этиш;

► сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсдан “Текширувларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон ёки қоғоз шаклини тўлдиришни талаб қилиш, тўлдиришдан бош тортган тақдирда эса ­ ўзининг ҳудуди ва биноларига киришга йўл қўймаслик;

► сайёр солиқ текшируви жараёнини фото ва видеотасвирга олиш;

► сайёр солиқ текшируви материаллари билан танишиш ва нусха олиш;

► сайёр солиқ текширувини амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти­ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш;

► сайёр солиқ текширув и материалларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиш;

► ўз манфаатларини шахсан, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ёки бошқа вакиллари орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Низомда сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун алоҳида ҳар бир текширув тадбирини амалга ошириш тартиб қоидалари алоҳида-алоҳида бобларда белгилаб қўйилган.

(Давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.