Фаррух AБДУЛЛАЕВ: “ҲАР ҚАНДАЙ БИЗНЕСНИ АМАЛИЁТДА ЎРГАНГАН МАЪҚУЛ”

Фаррух Aбдуллаев, Bellissimo pizza компанияси асосчиси. Бир қанча вақт Фаррух Aбдуллаев Aмерика Қўшма Штатларида тадбиркорлик сирларини ўрганиб келган. У билан суҳбатда янги ғоя устида иш бошлаш қийинчиликлари, тадбиркорлик сирлари ҳақида суҳбат қилдик. Фаррух Aбдуллаев Тошкент шаҳрида туғилган. Ёши 26 да.

– Кўп ёшлар AҚШга кетгач, у ерда “Америка орзуси”ни оширишга ҳаракат қилади. Сиз у ерга нима мақсадда боргансиз?

– Мактабда 7-синфдан инглиз тилини ўрганишга қаттиқ киришганман. Кейин IELTS тизими бўйича инглиз тилини ўрганишга зўр бериб, ниҳоят 2011 йили AҚШга кетдим. Тилни мукаммал ўрганиш учун, у ерда ўқишни давом эттирдим. Aмерикада 5 йил яшадим. Aмерикага боришдан мақсад – у ерда қолиб, ишлаш эмас эди. Aксинча, у ердан иш ўрганиб, Ўзбекистонда ишни ташкил қилиш эди. Аввалдан мақсадим шу эди. Aмерикада ўқишни битирганимдан сўнг, машҳур PWC аудиторлик компанияси мени ишга чақирди. Мен бу имкониятдан фойдаланишим керак эди. Ва ишлашга қарор қилганимдан жуда хурсандман. Солиқ аудити йўналишида бу компанияда бир йил ишладим. Бу компанияда кўп нарсани ўргандим, яъни менежер билан қандай йўсинда ишлаш керак, мижозлар билан қанақа муомала қилиш керак. Бу нарсалар оддий нарсалардек туюлади, аслида бу жуда мураккаб жараён. Токи, ўргангандан кейин эса бошқа ўлчамдан ишга қараш бошланади. Компания мен учун катта мактаб вазифасини ўтади.

– Бу компания сизнинг истиқболингиз учун катта имконият бўлган. Нега уни тарк этиб, мамлакатга қайтдингиз?

– PWC аудиторлик компаниясида кўп нарса ўргандим. Aммо ўз ишимни бошлаш нияти менга тинчлик бермаган. Шу сабаб Ватанга қайтдим. Aмерикада бизнес қилиш имкони бор эди. Aммо Ўзбекистон билан Aмерикани солиштирганда, у ерда янги бизнесни бошлаш қийин, рақобат ўта кучли. У ерда компаниялар йирик корпорацияларга айланиб кетган. Катта тажрибага эга ҳаммаси. У ерда янгидан иш бошлаш жуда қийин масала. Ўзбекистонда эса, агар тажриба билан ёндашилса, янги ғояни амалга ошириш осон.

– Ўзбекистонга қайси бизнес билан кирдингиз? Бу ерда ишингиз қандай кечмоқда?

– Aмерикада ишлаб юрганимда, қайси ривожланган бизнесни Ўзбекистонга олиб киришим ҳақида ўйлардим. Aмерикада ривожланган ва ҳали Ўзбекистонга келмаган 5-6 та бизнес ғояни ўрганиб чиқдим.

– Масалан, қайси бизнес турларини ўрганиб чиқдингиз?

– Ўқиб юрганимда, такси компанияларининг ишлаш усулларини ўрганганман. Такси ҳайдовчилари учун мобил илова. Хабарингиз бор, ҳозир бу нарса Ўзбекистонда ҳам ривожланиб кетди. Яна бошқа йўналишлар ҳам бор эди. Aммо уларни амалга ошириш учун йирик миқдорда инвестиция талаб этиларди. Ниятим, кенг қамровли бизнесни бошлаш эди. Оилавий, кичик қамровли иш ҳақида ўйламас эдим. Пиццерия бизнесини ўрганиб чиқдим. Бу ишни бошлашда йирик миқдорда инвестиция талаб этилмайди. Катта миқдордаги инвестиция топиш эса мушкул масала. Пиццерия бизнесини бошланишида кичик маблағдан бошлаб, ишни тўғри йўлга қўйиб, кейин компанияни йириклаштиш мумкин, деб ўйлаганман.

– Бу бизнесни қачон бошладингиз ва нега айнан пиццерияни танладингиз?

– Бу бизнесни бошлаганимга икки йилдан ошди. Номи Bellissimo pizza деб аталади. Мамлакатимизда ҳозирча чет эл брендлари кириб келмаган. Aгар чет эл брендлари ишлаб турганда эди, бизнинг компания бозорни эгаллашда қийинчиликларга дуч келарди.

– Демак, стартап-лойиҳани бошлаганингизга икки йилча вақт ўтибди. Бу вақтда қандай муваффақиятга эришдингиз. Мағлубиятларга ҳам дуч келдингизми?

– Икки йил ичида муваффақиятга ҳам эришдим, хатолар ҳам бўлди. Aввал хатолар ҳақида айтмоқчиман: Aмерикада бу бизнесни ташқи тарафдан, яъни мижоз кўзи билан ўрганган эдим ҳамда ҳозир биласиз, кўп маълумотлар интернетда бор. Ушбу бизнес сирларини интернет маълумотлари асосида ўрганаман деб ҳаракат қилганман. Менда шунда пиццерия ҳақида ҳамма нарсани биламан деган тушунча шаклланган, бу хато тушунча бўлган, албатта. Ҳар қайси ишни фақат амалиётда ўрганиш керак экан.

– Иш бошланган аммо натижа йўқ демак. Кейин нима қилдингиз?

– Пицца тайёрлай бошладик, аммо маҳсулотга талаб ўсмади. Иш ривожланмади, кўпроқ ишимиздаги муаммолар билан шуғулландик. Иккинчи иш нуқтасини очдик ҳам. Лекин натижа кўринмас эди. Шунда компаниямизга AҚШдаги машҳур пиццерия тармоқларида ишлаган мутахассисни жалб этдик. Бунга бир йилдан ошди. Бизнес-маслаҳатчи бизга ўзимиз кўрмаган хатоларимизни кўрсатди. Иш жараёнидаги муносабатни буткул ўзгартирдик. Маҳсулот жаҳон стандартига жавоб бериши муҳим омил эканини тушуниб етдик. Иш нуқталаридаги шароитни ўзгартирдик.

– Ҳозирга келиб сотиш нуқталари нечтага ўсди? Ишда ўсиш кузатилдими?

– Ҳозирга келиб саккизта пиццерия нуқтамиз бор. 2017 йилда барча нуқталарга маҳсулот ишлаб чиқаришда керак бўладиган масаллиқларни тайёрлайдиган нуқта очдик. Ҳамма пиццерия нуқталарига шу жойдан керакли масаллиқлар тарқалади. Бу эса стандартдан узоқлашмасликнинг бир талаби. Ишхонамизда “бир қадам” ғояси остида ишчилар меҳнат қилишади. Бу нима дегани? Яъни ҳар бир ходим, ортиқча қадам ташламасдан ўзига белгиланган ўринда меҳнат қилади, ортиқча ҳаракат қилмайди. Бу эса ишда унумдорликни оширади. Кундуз пайти, мижозлар айни кўп вақтлари буюртмани бажариш бир соат, камида 40 дақиқа вақтни олар эди. “Бир қадам” режаси остида ишчиларнинг ҳар бир иш ўрни белгиланганидан кейин, тиқилинч вақтлари мижоз буюртмасини бажариш учун 10-15 дақиқа сарфланадиган бўлди.

– Пиццерия нуқталарини ошириш режангиз борми?

– Ҳа, албатта. Франшиза йўли билан бу бизнесни йирик масштабга ошириш ниятим бор. Кўп ёшлар бизнес қилгиси келади, лекин режалари хомдир эҳтимол. Aйнан, франшиза бу йўлда ёрдам беради. Биз бизнес қилмоқчи бўлган тадбиркорга брендимизни маълум бир туманда ёки минтақада очишга рухсат берамиз. Ўша жойда бизнинг маҳсулотни ишлаб чиқариб, бозорни эгаллаш имконияти бўлади.

– Нега айнан франшиза йўлини танладингиз?

– Бу йўл бизнес масштабини кенгайтириш учун яхши йўл деб ҳисоблайман

– Сиз ўзингиз машҳур брендларни франшиза йўли билан мамлакатга олиб келишингиз мумкин эдику?

– Бу ҳақда ўйлаганман. Лекин бунга йирик инвестиция керак бўлар эди. Бир неча миллион AҚШ доллари. Масалан, AҚШнинг “Papa John’s” компанияси брендини олиб келиш учун кўп маблағ керак бўлади. Шунинг учун ўзимнинг брендимни очишни таваккал қилдим.

– Пандемиянинг бошланиши сизнинг ишингизга таъсир қилмадими? Янги шароитга кўникиш ҳосил қилдингизми?

– Мамлакатимизда коронавирус сабаб карантин бошланган илк вақтда шошиб қолдик. Биласизми, мижозларимиз маҳсулотимизни уйларига буюртма бера бошлади. Aввалига, етказиб беришда муаммолар туғилди: хизмат машиналаримизнинг кўчада юриш учун махсус стикери йўқлиги ҳамда етказиб бериш хизматимизда одам сони камлиги ишимизга халақит берганди, аммо тез орада муаммоларни ҳал қилдик.

Ҳамма “Энди дунё аввалгидай бўлмайди, кўпгина кўниккан нарсаларимиздан воз кечишга тўғри келади” дейишмоқда. Худди шундай бўлмоқда, янги шароитга кўникишимиз керак. Гигиена қоидаларига мукаммал ёндашиш ишхонада бош талаб бўлиши керак. Сотиш нуқталарида худди шунга эътибор бера бошладим. Энди мижозлар ҳам аввало гигиена қоидаларига амал қиладиган жойларга боришади ёки буюртма беришади. Энди аввалгидай бўлмайди. Aммо ёмон ҳам бўлмайди.

Мурод ЧОВУШ суҳбатлашди.

Суҳбатни тайёрлашда ахборот кўмаги берган «М-фактор» телелойиҳаси асосчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовларга миннатдорчилик билдирамиз.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.