ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Солиқ қарзини ундириш тартиб-таомиллари (5 қисм)

Камерал назорат Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 30 апрелдаги “Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисида”ги Низоми 2020-14-сон қарори билан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 29 майда 3236-сон билан рўйхатдан ўтказилди ва камерал солиқ текшируви (солиқ тўловчининг ҳисоботини солиқ органида ўрганиш ва уни божхона органлари, банклар, энергетика корхоналари, кадастр ва бошқаларнинг маълумотлари билан солиштириш), унинг натижасида солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиши ёки асослантирилган сабабларни кўрсатиши кераклигига асосланади.

Унга мувофиқ, камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади (138-модда).

Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилиб, буйруқда солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр, текширилаётган солиқлар ва йиғимларнинг турлари аниқ кўрсатилиши лозим.

Қайд этиш лозимки, камерал солиқ текшируви кодексда белгиланган беш йиллик даъво муддати ўтмаган солиқ даврларига нисбатан ўтказилиши мумкин.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни сўраб олиш ҳуқуқига эга.

Сўралган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ органига тегишли сўров олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилиши керак. Сўралган ҳужжатларни тақдим этиш муддати солиқ тўловчининг ҳужжатлар тақдим этиш учун сабаблари ва зарур бўлган муддатлари кўрсатилган аризасига кўра солиқ органи томонидан узайтирилиши мумкин.

Солиқ тўловчига яна бир имконият яратиш мақсадида, агар солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви тугагунига қадар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пенялар суммасини ўзгартирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этса, камерал солиқ текшируви тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади ва солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида жавобгарликдан озод қилинади.

Агар ўтказилган камерал солиқ текшируви якуни билан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ ҳисоботларига тузатишлар киритиш талабномасини юборади.

Солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви тугатилган сана ҳисобланади. Агар ўрганиш ва таҳлил қилиш якунларига кўра тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланмаган бўлса ҳам камерал солиқ текшируви якунланган ҳисобланади.

Солиқ тўловчи тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли солиқлар ва йиғимлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт.

Шу билан бирга, солиқ тўловчи солиқ органининг тегишли талабномасида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этишга ҳам ҳақли. Ўз навбатида, солиқ тўловчининг номидан бундай асосномани солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ тўловчи билан тузилган шартнома асосида мустақил равишда тақдим этиши мумкин.

Солиқ тўловчининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ органининг раҳбарияти томонидан кўриб чиқилади ва аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларга тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ органи илгари юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хати ёхуд солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани солиқ тўловчига қайта юборади.

Энди солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт бўлади. Агар тақдим этмаса ёки аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, юқорида келтирилган қоидалар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, зиммасига солиқ ҳисоботини тақдим этиш бўйича мажбурият юклатилган барча солиқ тўловчилар, солиқ агентларининг ва бошқа шахсларнинг камерал солиқ текширувларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ўз навбатида, қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан қўшилган қиймат солиғининг суммасини қайтариш учун ариза тақдим этилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида солиқ органининг буйруғисиз, Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ ҳисоботига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги талабнома берилмайди.

Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари ушбу суммани қоплаш тўғрисидаги қарор ёхуд уларни қоплашни рад этиш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисидаги асослантирилган қарор қабул қилади.

Шунингдек, агар солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди (солиқ мониторинги муддатидан олдин тугатилган ҳолатлар бундан мустасно).

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.