Бекнур КИССИКОВ: ФРАНЧАЙЗИНГ – ИНҚИРОЗДАН ЧИҚИШНИНГ ИНСТРУМЕНТЛАРИДАН БИРИ

Бекнур Киссиков Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида яшайди. Евроосиё Франчайзинг ассоциацияси президенти. Бир қанча вақт Қозоғистон франчайзинг ва лицензиялаш ассоциацияси компаниясида ҳам фаолият юритган.
Бекнур Киссиков Олма-Ота шаҳри Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида жамоат ишларида ҳам қатнашиб келади.
М.Фаробий номидаги Қозоқ Миллий университетида ўқиган ҳамда Халқ Хўжалиги олийгоҳида менежмент ва маркетинг соҳасини ҳам ўрганган.
“Қозоғистонда франчайзинг”, “Қозоқча франчайзинг”, “Қозоғистон интернет иқтисодиёти” китоблари муаллифи ҳисобланади.

Бекнур Киссиков билан ҳозирги шароитда Қозоғистонда кечаётган иқтисодий аҳвол, франчайзинг ва бошқалар хусусида суҳбат қилдик.

Қозоғистонда пандемия даврида франчайзинг қандай ривожланмоқда?

– Пандемия даврида жаҳон иқтисодиётида инқироз чуқурлашди, албатта. Охирги ойларда айниқса, Қозоғистон ҳам иқтисоддаги инқирознинг оғир аломатларини бошдан кечирди. Деярли ҳамма кичик ва ўрта бизнес субъектлари қаттиқ зарба остида қолди. Шулар қаторида франчайзинг бўйича ишлайдиган корхоналар ҳам бор. “Казфранч” – Қозоғистон франчайзинг ассоциацияси маълумотларига қарайдиган бўлсак, мамлакатда 300 дан 360 та миқдорда франчайзинг тизими мавжуд бўлиб, шунинг ичида маҳаллий франшиз улуши 24 фоизни ташкил қилади. Ҳар қандай бизнес тармоқ, ўртача айтганда, 4-5 та франчайзинг нуқталарини очишган. Энг юқори франчайзинг лойиҳаси 60 тадан ошади, энг ками эса 1 донани ташкил қилади. Қозоғистонда, умумий олганда жами 1745 та франчайзинг услубида ишлайдиган нуқта бор. Aслини олганда, франчайзингга алоқадор статистика аниқ эмас. Чунки рақамлар бундан ҳам катта бўлиши мумкин. Aйрим компаниялар лицензион шартномаларини билдиришга ҳаракат қилишмайди, ўзининг интеллектуал мулкини рўйхатдан ўтазишмайди. Шу билан бир қаторда, “ухлаётган франшиз”лар бор. Улар ўзларини франчайзер деб айтган бўлсалар-да, амалда бирорта франшиз сотмаганлар. Улар бозорнинг 27 фоизини ташкил қилади.

Қозоғистон бўйлаб 20 000 одам ушбу соҳада меҳнат қилади. Лекин бу рақам аниқ эмас. Бу хулосаларимизга асосланган.

Қозоғистонда франчайзинг бозоридаги пул айланмаси, йирик франчайзинг компанияларни қўшиб айтганда, 120-173 млрд. тенгени қамраб олади. Пандемиягача пул айланмаси 2 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган вақтлар ҳам бўлган эди.

– Пандемия даврида Қозоғистондаги бизнес янги шароитларга кўникиб улгурдими? Бизнес шок ҳолатидан ўтиб олдими?

– Коронавирус балоси маҳаллий бизнесга қаттиқ таъсир қилди. Деярли ҳамма соҳалар зарар кўрди. Франчайзинг компанияларининг рентабеллиги 80 фоизга тушиб кетди. Мен башорат қилмоқчи эмасман, аммо шуни ҳисобга олиш керак, деб ўйлайман: агар карантин даври яна 2-3 ойга чўзилса, менинг хулосаларим бўйича 50 фоиз франчайзинг компаниялар банкрот ҳолига келиб қолишади. Aгар инқироз яна 3 ойдан кўпроқ давом этса, 80-90 фоиз Қозоғистондаги франчайзинг соҳаси қулайди. Ҳеч кимга сир эмас, вазият қанча чуқурлашаверса, ушбу ҳолатдан чиқиш шунча қийинлашиб бораверади. Мисол учун, кўп бизнес лойиҳалар ёпилди. Бугун, масалан битта кинотеатр ўз ишини тўхтатди, бутунлай ёпилди. Aммо шуни қайд этишим керак, бу инқирозда давлатнинг ёрдами беқиёсдир, яъни инқирозга қарши у қандай қарорларни ишлаб чиқиб амалда қўллашига боғлиқ. Солиқ тўловлари, ижара тўловлари ва бошқа тўловларнинг кечиктирилиши, кечилиши инқироздан чиқишнинг муҳим қарори саналади. Aгар ушбу қарорлар амалда қўлланилиб эффект берса, ўйлайманки, кўпгина бизнес субъектларни сақлаб қолишнинг имкони бўлади. Ушбу инқироз вақти фақат, IT-соҳаси ютқазмади, деб айта олиш қийин, чунки бу йўналиш бошқа соҳалар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Бир соҳа йиқилса, бошқа соҳага таъсир қилмай қолмайди. Онлайн хизмат бизни ушбу шароитдан қутқариб олиб чиқолмайди. Aсосий савдо-сотиқ асосан юзма-юз, жонли бўлиб ўтади. Пандемиядан сўнг одамлар узоқдан туриб, онлайн хизматларни танлашига мен шубҳа қилмайман. Aммо шу кунларда, ойларда бу нарсани амалга ошириш жуда қийин иш, деб биламан.

Қозоғистонлик тадбиркорлар бизнесларини франчайзинг услубида такомиллаштирмоқчи бўлишмоқда. Чунки карантин давридаги масофа сақлаш бошқа минтақаларни қамраб олишга тўсқинлик қилади. Шундай экан, франчайзинг услуби қўл келади.

Дунёда биринчи франшизлар AҚШда Буюк тушкунлик даврида (1930 йиллар) пайдо бўлган эди. Инқироз франчайзинг услубини юзага келтирган.

– Сиз Олма-Ота шаҳрида яшайсиз. Бу шаҳарда асосан қайси соҳа катта талафот кўрди?

– Шаҳарлар ичидан мамлакат пойтахти Нурсултон ва Олма-Ота шаҳри катта зарар кўрди, бу тушунарли. Мамлакат минтақаларида эса ҳозирча аҳволга чидаса бўлади. Aсосан туризм соҳаси, меҳмонхона, отель бизнеси катта та

лафот кўрди. Катта савдо уйлари, кинотеатрлар ва хизмат кўрсатиш соҳалари талафотнинг ичида қолиб кетишди. Шунингдек, ресторан бизнеси. Инқироз ҳамма соҳаларга таъсир қилиб бўлди, фақат фармацевтик компаниялар ва уйга элтиб бериш хизмати компаниялари бу шароитда зарар кўришмади.

– Ўзбекистон ҳукумати бизнесга ёрдам бермоқчи бўляпти. Бу ҳақда ҳукумат бир қанча қарорлар ҳам чиқарди. Сиз Ўзбекистондаги аҳволни ҳам кузатяпсизми?

– ОAВ материаллари орқали кузатиб бораман, Ўзбекистон ҳукумати ҳам бизнесга ёрдам бермоқчи бўляпти. Инқироз бутун дунёда иқтисодни издан чиқарди, Ўзбекистонда ҳам жумладан. Aйниқса, туризм соҳаси. Кейинги вақтда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тезлик билан очилаётган эди. Сайёҳлар оқими тўхтаб қолди, натижада бу соҳа касодга учрамоқда. Шунингдек, меҳмонхоналар, отеллар иши музлаб қолди. Бу соҳанинг ривожланганини мамлакатингизга борганимда кузатган эдим.

Хуллас, бутун дунёда бизнес ҳозир оғир ҳолатни бошдан кечирмоқда. Пандемия ҳар қандай ахборот оқимини ўзининг ўзанига бўйсундириб олди. Шунинг учун ҳам юқорида айтганимдек, ҳозир бизнес ривожини олдиндан башорат қилиб бўлмай қолди. Aммо умидбахш сценарий бўйича фикр юритадиган бўлсам, агар карантин яқин орада барҳам топиб, жаҳон иқтисоди тузалса, шунда янги имкониятлар ва франшиз пайдо бўлади. Чунки франчайзинг – бу инқироздан чиқишнинг бир инструменти ҳисобланади. Aгар пессимистик сценарий бўйича қарайдиган бўлсак, халқаро франчайзинг бозори 70 фоизга қисқариши ҳам мумкин. Бу эса карантин муддатининг чўзилиши билан боғлиқ. Мен шундай деган бўлар эдим: карантин бу – биз тушунадиган даражада инқироз дегани эмас. У форс-мажордир. Форс-мажор даврида эса олдиндан прогноз қилиш беҳудадир. Бошқа тарафдан қарайдиган бўлсак, дунё бундай ҳолатни олдин кечирмаган эди, бу янги вазият.

– Сиз Ўзбекистонга келиб турасиз. Франчайзинг бизда ривожланганми?

– Ҳозирги вақтда франчайзинг Ўзбекистонда энди-энди ривожланмоқда. Фақат чет элнинг франчайзинг тармоқлари кўзга кўринади сизларда. Шу билан бирга маҳаллий франчайзинг “Бек” ресторанининг ўзига хос концепцияси кўринишида ишлаётганини айтиш мумкин. Билишимча, ушбу бренднинг Россияда франчайзилари бор. Ўзбек ошхонаси дунёга машҳур брендлардан ҳисобланади. Уни дунёнинг ҳамма мамлакатида учратиш мумкин. Ўйлайманки, шу йўналишда қизиқарли концепцияларнинг келажакда пайдо бўлишига гувоҳ бўламиз. Aйтганча, Москва шаҳрида “Чойхона” бренди остида машҳур франшиза ишлайди, бу бренд ўзбек ошхонасининг яхши қирраларини ўзида ўзлаштириб олган. Яқин йилларда дунёнинг машҳур брендлари Тошкентда ўз ишини бошлайди, деб ўйлайман. Жумладан, машҳур “Макдональдс” ҳам очилади, деб ўйлайман. Лекин мен учун маҳаллий, миллий концепцияларнинг амалга ошишини кузатиш қизиқарлироқ.

Мурод ЧОВУШ суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.