ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Солиқ қарзини ундириш тартиб-таомиллари (4 қисм)

Солиқ назорати — бу солиқ тўловчиларнинг солиқ қонунчилигига тўғри риоя этилиши, солиқлар ва йиғимларни бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида тўлиқ ундирилиши устидан солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан олиб бориладиган назорат ҳисобланади.

Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг асосий мезонларидан бири бу – қонун устуворлиги бўлиб ҳисобланади. Шу муносабат билан, солиқ қонунчилигига тўғри риоя этилиши устидан назорат қилиш республикамизда давлат солиқ хизмати органлари ва ваколатли органлар томонидан қонун ҳужжатларига асосан амалга оширилади.

Жумладан, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 2-­моддасида, солиқ назорати давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа тортилиши лозим бўлган субъектлар ва объектларни ҳисобга олиш, солиқларга доир текширувлар ўтказиш, солиқ тўловчилар ва бошқа шахсларни сўраб суриштириш воситасида ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Демак, давлат солиқ хизмати органлари назорат воситасида бажарилаётган топшириқнинг тўлиқлигини, ўз вақтидалиги ва самарадорлиги тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини, топшириқни бажариш пайтида мансабдор шахс томонидан амалга оширилаётган хатти-ҳаракатлар, ўтказилаётган операцияларнинг қонунийлигини аниқланиб, фаолиятни яхшилаш ва ишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун ички резервлар аниқланиб ишга солинишини таъминлайдилар.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган мамлакатимиз солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида, солиқ назоратининг шакл ва механизмларини қайта кўриб чиқишни, шу жумладан, солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ тўловчиларни янада тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштиришни асосий вазифалардан бири қилиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2020 йилдан бошлаб жорий этилган янги таҳрирининг V-бўлими “Солиқ назорати” деб номланиб, унда солиқ назорати тўғрисидаги умумий қоидалар, солиқ текширувлари, солиқ текширувларининг ва солиқ назорати бошқа чораларининг ҳуқуқий оқибатлари ва солиқ мониторингини ташкил этиш, ўтказишнинг бутунлай янги тартиб, таомиллари жорий этилди.

Жумладан, кодекснинг 135-моддасида, ваколатли органларнинг солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилишга доир фаолияти солиқ назорати ҳисобланиши қайд қилинди.

Солиқ назоратини таъминлаш мақсадида, солиқ мажбуриятлари пайдо бўлганлиги тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этувчи органлар, муассасалар ва ташкилотлар солиқ органларига солиқ мажбурияти юзага келган юридик ва жисмоний шахслар ва уларнинг мансабдор шахслари тўғрисидаги маълумотларни кодексда белгиланган тартибда тақдим этиши шартлиги белгиланди.

Солиқ ва божхона органлари шунингдек, бошқа ваколатли органлар, прокуратура органлари ҳамда тергов органлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари, ўзлари олиб бораётган солиқ текширувлари ҳақида ўзларидаги мавжуд материаллар тўғрисида бир-бирини хабардор қилиб боришлари ҳамда мазкур органлар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа зарур ахборотларни алмашишни амалга оширишлари ўзаро хабардор қилиш тартиби, яъни мазкур органлар ўртасидаги келишувлар асосида амалга оширилиши қайд этилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Солиқ кодексининг 2020 йилдан бошлаб жорий этилган янги таҳрири билан, солиқ назоратининг шакллари қайта кўриб чиқилиб, бутунлай янги назорат шакллари жорий этилди.

Жумладан, илгариги 12 та назорат шакллари қисқартирилиб, улар 2 та назорат шаклига келтирилди ва бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ назоратининг солиқ текширувлари ҳамда солиқ мониторинги шакллари амал қилади.

Давлат божхона органлари товарларни мамлакатимизнинг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқларга нисбатан ўз ваколатлари доирасида Солиқ кодекси ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ назоратини амалга оширишлари белгиланди (136-модда).

Маълумки, солиқ текширувлари солиқ тўловчилар ва йиғимларни тўловчилар ҳамда солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилиб, текширув солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.

Ўз навбатида, Солиқ кодексида, солиқ текширувларининг турлари ҳам қайта кўриб чиқилиб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан илгари даврий муддатларда ҳар икки йилда, уч йилда, тўрт ва беш йилда бир марта ҳар бир солиқ тўловчида албатта текшириш ўтказиш тизимидан умуман воз кечилиб, солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказилиши белгиланди (136-­модда):

1) камерал солиқ текшируви;

2) сайёр солиқ текшируви;

3) солиқ аудити.

Маълумки, бугунги кунда солиқ маъмурчилигини ахборот технологияларисиз тасаввур этиш қанча қийин бўлса, солиқ назоратини дастурий маҳсулотларсиз амалга оширишнинг ҳам имконияти мавжуд эмас. Шу муносабат билан солиқ назорати йўналишида қуйидаги янгиликлар киритилди:

► БИРИНЧИДАН, солиқ органлари томонидан ахборот технологиялари асосида амалга ошириладиган солиқ текширувларининг янгича тартиби жорий этилди.

Солиқ органлари солиқ текширувларини ўтказишда эскирган усуллардан воз кечиб, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳисобланган Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Россия тажрибасидан келиб чиқиб, янгича услуб асосида текшириш ўтказилиши белгиланди.

Эндиликда солиқ текширувларини ўтказиш учун номзодлар инсон омилисиз, дастлаб 46 та мезонлар асосида таҳлика-таҳлил (Риск-анализ) дастури ёрдамида танланади.

Таҳлика-таҳлил асосида хўжалик субъектлари солиқ ҳуқуқбузарликнинг хавфлилик даражасига қараб 3 та сегментга (яшил, сариқ ва қизил йўлакларга) ажратади ҳамда ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, солиқ назоратининг янги камерал текшируви, сайёр текшируви ва солиқ аудити ўтказилиши белгиланади.

► ИККИНЧИДАН, хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади.

Бу гуруҳдаги корхоналар тоифасига қайсилар киради деган савол туғилиши табиий, албатта?

Булар солиқ ҳисоботларида ҳақиқий даромадларини кўрсатган ҳолда мажбуриятларини ўз муддатларида бажараётган субъектлардир.

► УЧИНЧИДАН, хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади.

Бу тоифадаги корхоналарга солиқ ҳисобини юритишда хатоликларга йўл қўяётган ва солиқ маслаҳатига эҳтиёжи бўлганлар киради.

► ТЎРТИНЧИДАН, хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ аудити тадбирлари амалга оширилади ва ушбу корхоналар фаолиятини тўғри йўлга қўйгунга қадар доимий назоратда бўлади.

Ушбу тоифага солиқ мажбуриятларини бажаришда мунтазам камчиликларга йўл қўяётган, солиқларни тўлашдан бош тортадиган, солиқдан қочиш схемаларидан фойдаланаётган, бухгалтерия ҳужжатларни ва ҳисобварақ-фактураларни сохталаштирадиган солиқ тўловчилар киритилади.

Ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларини олдини олишга қаратилган.

Қайд этиш лозимки, Солиқ кодексида солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши мумкинлиги назарда тутилган.

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.