ПЕНСИЯ ВА НАФАҚАЛАРНИ ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИГА ДОИР ЭНГ КЎП БЕРИЛАДИГАН САВОЛ-ЖАВОБЛАР

Қуйида аҳоли томонидан пенсия таъминоти тизимига мурожаат этилиб, тез-тез сўралаётган саволларга берилаётган жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Тўловларга оид саволларга жамғарманинг Маблағларни бошқариш ва пенсия, нафақалар тўлови мониторинги бўлими бошлиғи ўринбосари Муҳаммадзоир ЎРИНБОЕВ, пенсия ва нафақалар тайинланишига доир саволларга Пенсия ва нафақалар тайинлашни мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Алишер РАСУЛОВлар жавоб беришди.

– Қандай ҳолатларда пенсия тўлови тўхтатилади?

– Тайинланган пенсияни тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

► пенсия тўлаш муддати тамом бўлганда; кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсия олинмаганда (вақтинча уйда йўқлиги ёки бошқа сабаб туфайли);

► пенсионер озодликдан маҳрум этилганда (манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар бундан мустасно);

► пенсионер руҳий ҳолати бузилган шахслар учун интернат уйларида яшаганда;

► пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер томонидан ариза берилганда;

► суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришга эълон берилганда, бедарак йўқолганда;

► ишончнома берган шахс унга тайинланган пенсияга ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганда.


– Бола туғилганда бериладиган бир марталик (суюнчи) нафақасини олиш учун мурожаат қилиш тартиби қандай?

– 2020 йил 1 июндан бошлаб фуқаролар бола туғилганда бериладиган бир марталик (суюнчи) нафақасини олиш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари лозим. Шунингдек, 2020 йил 1 июндан бошлаб фуқаролар дафн маросими учун нафақани олиш учун ҳам Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари лозим.


– Ишловчи пенсионерларга пенсиялар қандай тўланади?

– 2020 йил 1 майдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи шахслардан ташқари) пенсиялар тўлови тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилади. Бунда пенсиялар фуқаронинг хоҳишига кўра банк пластик картаси ёки нақд пулда яшаш манзили орқали тўланади.


– Пенсионерлар пенсияларни банк картаси орқали олиш учун тижорат банкини танлаши мумкинми?

– Пенсиялар пенсионер танловига кўра исталган тижорат банкининг банк картаси орқали амалга оширилиши мумкин.


– Пенсияларни ишончнома орқали олиш мумкинми?

– Пенсия тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин. Бунда ишончнома берган шахс Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирига бир йилда камида бир марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак.


– Чет элда вақтинча сафарда бўлган пенсионерларнинг пенсияси қандай тартибда тўланади?

– Бу ҳолатда пенсия тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин. Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда пенсионер Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим.


– Болани парваришлаш таътилида бўлган давр ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшиладими?

– Амалдаги пенсия қонунчилигига асосан болани парваришлаш таътилида бўлиш даври (шу жумладан пули тўланадиган таътилда бўлиш) ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди.


– Эркак киши 25 йил стажга эга бўла туриб, 58-59 ёшда пенсияга чиқа оладими?

– Амалдаги пенсия қонунчилигига асосан ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:

► эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;

► аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга:

● эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;

● аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.


– Россияда ишлаган давр пенсия тайинлашда ҳисобга олинадими?

– Амалдаги пенсия қонунчилигига асосан чет элда ишланган даврлар қуйидаги шартларга кўра меҳнат стажига қўшилади:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ягона ижтимоий солиқ тўланган тақдирда.

Чет элда ишлаган даврлар учун ижтимоий солиқлар тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги “Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 46-сон қарори ҳамда шу номдаги Низомида белгиланган. Бунда чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов миқдорини мустақил равишда, бироқ йилига Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг тўрт ярим баробари миқдорда белгилаши мумкин.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан ягона ижтимоий тўлов тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:

► ҳар ойда ёки ҳар чоракда;

► бирйўла – Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида.


– Архив маълумотларини тақдим этмасдан ҳам иш ҳақи миқдорини аниқлаш имконияти яратилган экан. Шу бўйича батафсил маълумот берсангиз?

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 252-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан Иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади.

Иш ҳақини гувоҳлар кўрсатмаси асосида аниқлашга йўл қўйилмайди. Лавозим маошлари штат жадвалидан кўчирмалар ва жамоат ташкилотларининг аъзолик билетлари ҳақиқий иш ҳақини тасдиқлайдиган ҳужжат ўрнини боса олмайди.

Архив маълумотларини тақдим этмасдан иш ҳақи миқдорини аниқлаш:

► 2005-2016 йиллар даври учун – жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;

► 2016-2018 йиллар даври учун – фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

► 2019 йил учун – фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

► 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурийаппарат комплексини “ЯММТ” ИДАКда мавжуд маълумотлардан келиб чиқиб амалга оширилади.

Ушбу банднинг тўртинчи – олтинчи хатбошиларида кўрсатилган даврлар учун архив маълумотларидан фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёки фуқаронинг мурожаати асосида фойдаланилади.

Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар қисман мавжуд бўлмаган ҳолларда мавжуд бўлмаган даврлар учун иш ҳақини аниқлаш учун минтақавий коэффициент ҳисобга олинмасдан, қонун ҳужжатларида тегишли даврлар учун белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари қабул қилинади.


– Томорқада қорамол ёхуд парранда боқувчи шахслар базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг бир бараварида ижтимоий солиқ тўласа бир йил стажга эга бўлади, — деган мазмунида хабар келди. Тўлаш учун кимга мурожаат қилиш керак?

– Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ томорқада қорамол ёхуд парранда боқувчи шахслар доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига тўлов амалга оширилади.


– Пенсия ва нафақалар ҳисоблашда “ПҲБМ” ишлатилар экан. Бу нима ва қандай хужжат билан тасдиқланган?

– ПҲБМ – бу пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори бўлиб, 2020 йил 1 февралдан ойига 238 610 сўм миқдорида белгиланган.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.