СОЛИҚ НИЗОЛАРИНИ СУДГАЧА ҲАЛ ҚИЛИШ БЎЛИМИ ФАОЛИЯТИ ЎЗИНИ ОҚЛАЯПТИМИ?

Солиқ тизимида Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бўлими ташкил этилганига бир йил бўлди. Ўтган давр мобайнида соҳада қандай ўзгаришлар бўлди, келгусида қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси СОЛИҚ НИЗОЛАРИНИ СУДГАЧА ҲАЛ ҚИЛИШ БЎЛИМИ ДАВЛАТ СОЛИҚ БОШ ИНСПЕКТОРИ ҲИММАТ ИСЛОМОВ билан суҳбатда бўлдик.

– Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бўлимини ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад нима? Шунга изоҳ берсангиз.

– Президентнинг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил топган Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бўлими ўз фаолиятини янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ва ушбу кодекс талаби асосида ишлаб чиқилган Низомга мувофиқ бошқарманинг таркибий тузилмаси сифатида 2018 йил сентябрь ойидан иш бошлаган.

Шунингдек, Президентнинг 2019 йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”- ги қарори билан тасдиқланган “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш СТРАТЕГИЯСИ”да солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишга йўналтирилган солиқ хизматларидан бири сифатида Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тизимини ривожлантириш масаласи белгилаб берилган.

Бўлим ходимлари давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар юзасидан келиб тушган низоларни судгача кўриб чиқади.

Шунингдек, ўтказилган камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар юзасидан келиб тушган шикоятларни ҳамда солиқ текшируви ва (ёки) солиқ назоратининг бошқа тадбирлари натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар натижалари билан тузилган далолатномалар бўйича келиб тушган зиддиятли низоларни ўрганади ва якуний хулоса чиқаради.

Бундан ташқари, солиқ соҳасидаги кўриб чиқилган низолар ҳисобини юритиш, кўп учрайдиган низоли масалалар ва уларнинг ечими бўйича ижтимоий тармоқлар, ДСҚнинг расмий сайтларига ахборотлар жойлаштириб боради.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларига бўлган ишончини янада ошириш ҳамда солиқ низоларининг келиб чиқишини олдини олиш мақсадида солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳам кўзда тутилган бўлиб, cолиқ соҳасидаги низоларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган қонунчиликдаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган таклифларни ДСҚга тақдим этиб боради.

Шу билан бирга солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликларни солиқ тўловчиларга етказиш бўйича семинар, брифинг ва давра суҳбатлари ташкил этилишида иштирок этади ва фуқароларни қийнаб келаётган масалаларга ўз вақтида ечим топишга ҳаракат қилади. Албатта бу ўринда солиқ низоларини ўрганиш жараёнида солиқ инспекцияси вакили томонидан йўл қўйилган хатолик сабаб ундирилган ортиқча маблағ аниқланса солиқ тўловчи фойдасига ундириб берилади. Агарда солиқ тўловчининг шикояти ўринсиз бўлса, унга солиқчилик тизимига доир ҳуқуқий маслаҳат берилади.

– Шу ўринда савол туғилади. Бўлим ўтган йиллар мобайнида қандай натижаларга эришди? Унинг фаолияти ўзини оқладими?

– Бўлимимизнинг бир шиори бор “Холислик, шаффофлик ва қонун устуворлигини таъминлаш олий мақсадимиз”. Ушбу шиорга қатъий амал қиламиз. Хусусан, 2019 йилда кўриб чиқилган солиқлар бўйича низоларнинг 4,1 млрд. сўми солиқ тўловчилар фойдасига қаноатлантирилди.

Масалан, фаолияти юзасидан камерал назорат ўтказилиб, қўшилган қиймат солиғи бўйича қўшимча солиқ ҳисобланганидан норози бўлган “G.F.B” жамиятининг мурожаати бўлим томонидан холислик ва тўлақонли тамойиллари асосида кўриб чиқилиб, ҳудудий давлат солиқ инспекциясининг ушбу ҳаракати нотўғри деб топилиб, жамиятга 68,5 млн. сўм қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси бекор қилинди.

Худди шундай, Суғурта хизматлари фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор “Y.T.T” нинг фаолияти юзасидан ҳудудий давлат солиқ хизмати органи томонидан ўтказилган камерал назорати натижасида 2019 йил II чораги учун ягона солиқ тўлови бўйича 130,8 млн. сўм қўшимча солиқ ҳисобланганидан норози бўлиб, давлат солиқ бошқармасига қилган мурожаати бўлим томонидан кўриб чиқиш жараёнида, солиқ қонунчилигига оид терминлар аниқ талқин этилиши натижасида давлат солиқ инспекцияси тадбиркордан 130,8 млн. сўм миқдорда ягона солиқ тўловини мажбурий ундиришни тўхтатди. Тадбиркор эса келгусида суд муҳокамаси ва солиқ қонунчилиги билан боғлиқ муаммоларсиз фаолиятиниамалга ошириш имкониятига эга бўлди.

– Юқорида тарғибот­ташвиқот ишлари билан ҳам шуғулланамиз дедингиз. Ушбу тарғибот­ташвиқот ишларидан кўзланган мақсад нима? Фуқароларнинг солиққа оид ҳуқуқий саводхонлигини оширишми ёки бошқа бир мақсад ҳам борми?

– Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва албатта уларнинг солиққа оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам кўзда тутилган. Шу муносабат билан бўлим ходимлари давлат солиқ бошқармаси раҳбариятининг кўрсатмаси ҳамда давлат солиқ қўмитасининг топшириқлари асосида солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида солиқ тўловчилар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда фаол иштирок этиб келмоқда.

Тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш натижасида Тошкент шаҳри бўйича давлат солиқ хизмати органлари қарорлари устидан келиб тушган шикоятлар йиллар кесимида таҳлил қилинганида, 2019 йилда зиддиятли низолар кўриб чиқиш кўрсаткичи ўтган йилларга нисбатан 3-4 бараварга ошганлигини кўрсатди.

– Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бўлимининг келгуси режаси ва вазифалари қандай?

– Албатта, келгуси режаларимиз мавжуд. Мисол учун жорий йилнинг 1 июлидан қўшилган қиймат солиғи тўловчилари маъмуриятчилиги давлат солиқ бошқармаси томонидан амалга оширилиши муносабати билан бўлим иш фаолияти самарадорлигини янада кучайтириш йўналишида қуйидагиларни таклиф қилмоқдамиз:

БИРИНЧИДАН: қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ўртасида солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш механизми, унинг афзалликлари ва хусусиятлари юзасидан карантин талабларидан келиб чиқиб семинар-тренинг шаклидаги мулоқотларни ташкил этиш;

ИККИНЧИДАН: мазкур тоифадаги солиқ тўловчилар фаолияти юзасидан ўтказиладиган солиқ (солиқ аудити, камерал ва сайёр) текширувлари натижасида келиб чиқадиган низоларни холислик принципи асосида кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида бўлим ходимлари билим малакасини янада ошириш;

УЧИНЧИДАН: мазкур тоифадаги солиқ тўловчилар фаолияти юзасидан ўтказиладиган солиқ (солиқ аудити, камерал ва сайёр) текширувлари натижасида келиб чиқадиган низоларни холислик принципи асосида кўриб чиқиш;

ТЎРТИНЧИДАН: солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларига бўлган ишончини янада ошириш мақсадида оммавий-ахборот воситалари орқали мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, шу жумладан, низоли масалаларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарорлар тўғрисида ижтимоий тармоқлар, шунингдек Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтларига ахборотлар жойлаштириб бориш;

БЕШИНЧИДАН: солиқ (солиқ аудити, камерал ва сайёр) текширувлари натижасида юзага келиши мумкин бўлган солиқ низолари бўйича мурожаатларни кескин камайтириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ўтказиш шулар жумласидан.

Ўз ўрнида солиқ низоларини олдини олиш учун “Солиқ органи-солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” тамойили остида солиқ тўловчиларни ҳамкорликка чорлаган бўлар эдик.

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.