ХУСУСИЙ НОТАРИУС: РЎЙХАТДАН ЎТИШ, СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШ ВА СОЛИҚ ҲИСОБОТЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мақомига эга бўлишга талабгор шахс лицензия олиш учун малака имтиҳонини топшириши шарт.

Лицензия Олий малака комиссиясининг нотариуслик ваколатларини бериш бўйича малака имтиҳони якунлари юзасидан чиқариладиган қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан берилади.

Лицензия олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги “Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 156-сонли қарори билан тасдиқланган Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентида белгиланган.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусни рўйхатга олиш нотариус жойлашган жойдаги адлия органи томонидан амалга оширилади.

Хусусий нотариусларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартиби қандай?

Хусусий нотариусни солиқ органида ҳисобга қўйиш нотариус жойлашган жойдаги, яъни фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органи томонидан амалга оширилади.

Агар хусусий нотариуснинг фаолиятини амалга ошириш жойи доимий яшаш жойи (пропискаси) дан фарқ қилса, ушбу нотариус жисмоний шахс сифатида фаолиятини амалга ошириш жойидаги солиқ органида ҳам ҳисобга қўйилиши лозим.

Бунинг учун хусусий нотариус томонидан туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясига Адлия вазирлигида 2014 йил 10 июлда “Солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2600-сони билан рўйхатга олинган Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги Солиқ тўловчи – жисмоний шахснинг солиқларини ҳисобга қўйиш варақасини тўлдириб тақдим этилиши лозим.

Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1843-сонли қарорига асосан, Адлия вазирлигидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар рўйхатга олингани ҳамда рўйхатдан чиқарилгани ҳақидаги маълумотларни электрон тарзда олиш йўлга қўйилмоқда.

Маълумотларни электрон тарзда олиш йўлга қўйилгач хусусий нотариуслар фаолиятини амалга ошириш жойи бўйича автоматик тарзда солиқ органларида ҳисобга олинади.

Натижада хусусий нотариуслар томонидан солиқ органига ҳисобга қўйиш варақасини тўлдириб тақдим этиш талаб этилмайди.

Солиқ органида ҳисобга олинганидан сўнг хусусий нотариус солиқ мажбуриятларини бажариш учун электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитини олиши лозим. Ушбу жараёнлар e-imzo.uz сайти орқали давлат хизматлари марказларига бормасдан электрон тарзда амалга оширилади.

ЭРИ калити олингандан сўнг хусусий нотариус my.soliq.uz сайтидаги жисмоний шахсларнинг “Шахсий кабинети”га кириб, Солиқ кодексида белгиланган солиқ ҳисоботларини фаолиятини амалга ошириш жойидаги солиқ органига электрон тарзда юбориши мумкин.

Хусусий нотариуслар қайдай солиқларни тўлайди ва солиқ ҳисоботларини қайси муддатларда тақдим этиши керак?

Солиқ кодексига асосан хусусий нотариуслар қуйидаги солиқларни тўловчи бўлиб ҳисобланади:

– ижтимоий солиқ – солиқ ҳисоботи фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органига ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда (кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай) тақдим этилади.

Солиқни тўлаш ҳар ойда, солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай амалга оширилади (Солиқ кодексининг 407-моддаси).

– жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – солиқ ҳисоботи фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органига ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда (кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай) тақдим этилади.

Солиқ суммаси солиқ тўловчига даромадларни тўлаш билан бир вақтда, лекин солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай тўланади.

– фойда солиғи – солиқ ҳисоботларини тақдим этиш ва тўлаш йилига бир марта, ҳисобот давридан кейинги йилнинг 1-мартидан кечиктирмай амалга оширилади.

Бундан ташқари, фойда солиғи тўланганидан кейин хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг тасарруфида қолган фойда солиқ солиш мақсадида дивидендларга тенглаштирилади.

Хусусий нотариуслар қўшилган қиймат солиғини тўлайдими?

Солиқ кодексининг 479-моддасига асосан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар нотариал хизматлар кўрсатиш бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилади.

Комил САЙИДОВ,
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.