ЕРГА ЭГАЛИК ҲУҚУҚИ БЎЛМАСА…

– Бир оила бундан 35-40 йил аввал фарзандлари вояга етса уй-жой қилиб бериш мақсадида, қишлоқ ҳудудидаги сувсиз ва тошлоқ жойни ўраб (чегириб) қўйган экан. Бутун маҳалла ўша жой уларга тегишлилигини билгани боис, ўша ҳудудга иморат солмаган. Кейинчалик бу жойга кичикроқ бир иморат солиниб, (тахминан 1985 йилда) бир муддат оила аъзолари истиқомат қилишган. Сўнгра то 2019 йилгача бу иморатда ҳеч ким яшамаган. Яқинда ўша оила эскириб захлаб кетган иморатни бузиб, фарзандига уй кўтарган. Савол шундаки, ҳеч қандай эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатига эга бўлмаган ушбу жойни фуқаро қандай қилиб ўз номида сақлаб қолиши мумкин?

Саволга юридик фанлари номзоди, доцент Жаҳонгир ИБОДУЛЛАЕВ жавоб берди:

– Аввало, келтириб ўтилган ер, асосий фойдаланиш мақсадига кўра қандай ер фонди тоифасига тааллуқли эканлигига аҳамият қаратиш керак бўлади. Негаки, ер участкаси уй-жой учун мўлжалланмаган ҳудудда бўлса унга эгалик қилиш ҳуқуқи қаноатлантирилмаслиги мумкин.

1998 йил 30 апрелда қабул қилинган Ер кодексининг 8- ­моддасига кўра ерлар:

► Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар – қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ёки ана шу мақсадларга мўлжалланган ерлар. Суғориладиган ерлар ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар, ҳайдаладиган ерлар, пичанзорлар, яйловлар, кўп йиллик мевали дов-дарахтлар ва токзорлар эгаллаган ерларга бўлинади;

► аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг) ерлари – шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг чегараси доирасидаги ерлар;

► маноат, транспорт, алоқа, мудофаа учун мўлжалланган ерлар – кўрсатилган мақсадларда фойдаланиш учун юридик шахсларга берилган ерлар;

► табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар – муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эгаллаган, устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик ерлар;

► тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар – моддий-маданий объектлар жойлашган ерлар;

► ўрмон фонди ерлари – ўрмон билан қопланган, шунингдек ўрмон билан қопланмаган бўлса ҳам, ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар;

► сув фонди ерлари – сув объектлари, сув хўжалиги иншоотлари эгаллаган ерлар ва сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақадаги ерлар;

► захира ерлардан иборатлиги кўрсатиб ўтилган.

Ушбу тоифаларнинг бирига тегишлилига қараб ер участкаси жойлашган ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари доирасида ердан фойдаланиш мақсадингизга кўра уни расмийлаштириш орқали мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишингиз мумкин.

Албатта, ердан унумли фойдаланишни амалга ошириш мақсадида ҳуқуқ ва мажбуриятлар борасида алоҳида меъёрлар ҳам киритилганки, улар шахс ва ҳокимиятнинг ер билан боғлиқ муносабатларини тартибга солишда муҳим ўринга эга. Масалан, Ер кодексининг 29-моддасида ер участкасини сақлаш вазифаси ифодаланган бўлиб, унда:

эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага берилган ёки бошқа асосларга биноан олинган ер участкасини сақлаш вазифаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги мажбуриятлар билан таъминланиши мумкин:

● ер участкасини сотиш ёки ўзгача тарзда бошқаларга ўтказишни тақиқлаш;

● ер участкасини иккиламчи ижарага ва ёрдамчи пудратга, ушбу кодекснинг 51-моддаси ўнинчи қисмида назарда тутилган ҳолатда эса ижарага беришни тақиқлаш;

● ер участкасидан асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартиришни тақиқлаш;

● фаолиятнинг айрим турларини тақиқлаш;

● белгиланган тартибда келишувсиз кўчмас мол-мулкнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни, иморат, бино, иншоотни реконструкция қилиш ёки бузишни тақиқлаш;

● ер унумдорлигини сақлаш ва ошириш, ирригация ва мелиорация тизимларини соз ҳолатда сақлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

● ер участкасида қурилиш қилишни ёки уни ўзлаштиришни белгиланган муддатлар мобайнида бошлаш ва тугаллаш;

● табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш ёки муайян ишларни бажариш, шу жумладан ер участкасидаги тупроқ қатламини, ноёб ўсимликларни, давлат табиат ёдгорликларини, шунингдек моддий маданий мерос объектларини асраш.

Ер участкасини сақлаш вазифаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар, чеклашлар ёки шартлар билан ҳам таъминланиши мумкин.

Ер участкасини сақлаш вазифаси шартлари унинг ҳуқуқий мақомига киритилиб, давлат рўйхатига олиниши лозим ва у ер участкаси бошқа шахсга ўтганида сақлаб қолинади.

Ер участкасини сақлаш вазифасининг тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Кодекснинг 26­моддасига кўра, ер участкаларини (ҳайдаладиган ерлар бундан мустасно) доимий эгалик қилишга ва фойдаланишга, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга, узоқ муддатли вақтинча фойдаланишга, ижарага ва мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ ер участкасини сақлаш вазифасига оид мажбуриятлар бажарилган тақдирда ўзлари олган корхоналар, бинолар, иморатлар, иншоотларни белгиланган тартибда қуриш, бузиш ёки реконструкция қилишга ҳақлидир.

27-моддага асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади.

Якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача доирада ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда ким ошди савдоси асосида реализация қилинади.

Ерга бўлган эгалик кодекснинг 31-моддасида белгиланганидек, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи 36­моддага кўра қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

1) ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;

2) ер участкаси берилган муддат тугаганда;

5) хизматда фойдаланиш учун чек ер бериб қўйишга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса;

6) ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;

7) ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси 3 йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;

8) ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;

9) қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда;

10) қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида;

11) мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса – гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари уларнинг аввалги эгалари тўлаган қиймат ушбу эгаларга компенсация қилинган ҳолда олиб қўйилади;

12) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари раёсатининг қарорига мувофиқ фермер ёки деҳқон хўжалигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда;

13) ер участкаси ушбу кодексда назарда тутилган тартибда олиб қўйилганда.

Қонун ҳужжатларида ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ва ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилишнинг бошқа ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 188-моддасида Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, тартибда ва шартларда юзага келади.

Шу билан бирга, 187-моддасида эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кўрсатилган. Яьни, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил (эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат) давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади.

Қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 14-сонли қарорининг 27-бандида ҳам ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтилган. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли яьни, мулк ҳуқуқи вужудга келиши билан аввалги мулкдор уйга бўлган мулк ҳуқуқини йўқотади. Кодексга биноан, кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини олганга қадар молмулкка ўзиники каби эгалик қилиб турган шахс ўз эгалигини мол-мулкнинг эгалари бўлмаган, шунингдек қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаган учинчи шахслардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 461-сонли Қарори билан “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланганди. Унга кўра 2019 йил 1 майга қадар ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган ер участкаларига иморат қурилган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш мумкин эди. Аммо мазкур акция муддати ўтиб бўлди. Шу боис, сизнинг ҳозирги вазиятингизда фуқаролик қонунчилигига кўра суд тартибида муаммонгизга ечим топиш зарур бўлади.

Ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича барча ҳаракатлар қилиниб, ишда қатнашувчи сиз ва оила аьзоларингизнинг даъво талаблари ва эътирозлари аниқланиб, барча ҳужжатлар тўпланиб ишни кўриш жойи ҳақидаги масала ҳал қилингандан кейин, Фуқаролик процессуал кодекснинг 161-моддаси бўйича судья ажримга асосан иш судда кўриб чиқилади.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.