ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Солиқ қарзини ундириш тартиб-таомиллари (3 қисм)

Солиқ органининг мажбуриятга эга шахснинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджет тизимига ўтказишга доир инкассо топшириқномаси банк томонидан инкассо топшириқномаси олинган кундан кейинги бир операция кунидан кечиктирмай, валюта ҳисобварақларидан ундиришда эса – икки операция кунидан кечиктирмай бажарилади.

Агар банк томонидан солиқ органининг инкассо топшириқномаси олинган кунда мажбуриятга эга шахснинг ҳисобварақларида уни бажариш учун пул маблағлари етарли бўлмаса, инкассо топшириқномаси шу ҳисобварақларга пул маблағлари келиб тушишига қараб, ҳар бир бундай тушум кунидан кейинги бир ёки икки операция кунидан кечиктирмай, ҳисобварақ валютасига боғлиқ ҳолда бажарилиши лозим.

Таъкидлаш жоизки, солиқ қарзини ундириш муддатли депозитларга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амалга оширилмайди.

Жорий йилдан бошлаб, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи амалиётга жорий этилиши муносабати билан кодекснинг 122-моддасида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан солиқ қарзини ундириш тартиблари ҳам белгиланган.

► Унга мувофиқ, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи юзасидан солиқ қарзини шу консолидациялашган гуруҳ иштирокчисининг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан ундиришда тартиблари ўзига хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши;

► Хусусан, фойда солиғи юзасидан солиқ қарзини тўлаш тўғрисидаги талабнома гуруҳ бўйича фойда солиғини тўлаш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин юборилиши ва бунда солиқ қарзини ундириш биринчи навбатда солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши;

► агар гуруҳ масъул иштирокчининг банк ҳисобварақларида солиқ қарзининг бутун суммасини ундириш учун пул маблағлари етарли бўлмаса, ундирилмай қолган қарзни ушбу гуруҳнинг қолган иштирокчиларининг пул маблағлари ҳисобидан ундирилиши белгиланди.

Асосийси, солиқ органи солиқ тўловчилар тўғрисидаги ўзида мавжуд бўлган ахборот асосида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг пул маблағлари ҳисобига ундириш кетма-кетлигини мустақил равишда белгилайди.

Бунда консолидациялашган гуруҳининг ўзига нисбатан ундирув тўғрисида қарор чиқарилган иштирокчиларига солиқ тўловчилар учун кодексда назарда тутилган ҳуқуқ ва кафолатлар сақлаб қолинади.

Солиқ органининг солиқ қарзини солиқ мажбуриятига эга шахснинг банкдаги ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан ундириш имкониятлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда, солиқ органи томонидан солиқ қарзини солиқ тўловчининг мол-мулк ҳисобидан ундириш чорасини қўллайди.

Солиқ органи томонидан солиқ қарзини солиқ тўловчининг мол-мулк ҳисобидан ундириш чорасини қўллаш қоидалари кодекснинг 123-моддасида белгиланиб, унда агар солиқ тўловчининг солиқ қарзини банкдаги ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобдан ундириш имкониятлари бўлмаса, солиқ органи солиқ қарзини унинг бошқа мол-мулки, шу жумладан нақд пул маблағлари ҳисобидан ундиришга ҳақли эканлиги қайд этилган.

Кодекс қоидалари бўйича, солиқ тўловчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ қарзини унинг мол-мулки ҳисобидан ундириш қуйидаги тартибда ва кетма-кетликда амалга оширилади:

1) дастлаб ундирув қаратилмаган нақд пул маблағларига нисбатан;

2) маҳсулотлар (товарлар) ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этмайдиган мол-мулкка, хусусан, қимматли қоғозлар, валюта қимматликлари, ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган бинолар, енгил автотранспорт, хизмат хоналарининг дизайни ашёларига нисбатан;

3) тайёр маҳсулотларга (товарларга), шунингдек ишлаб чиқаришда иштирок этмайдиган ва (ёки) бевосита иштирок этишга мўлжалланмаган бошқа моддий қимматликларга нисбатан;

4) ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этиш учун мўлжалланган хом-ашё ва материалларга нисбатан, шунингдек дастгоҳлар, ускуналар, бинолар, иншоотлар ва бошқа асосий воситаларга нисбатан;

5) бошқа шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш шартномаси бўйича ушбу мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи уларга ўтказилмаган ҳолда топширилган мол-мулкка нисбатан, агар солиқни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш учун бундай шартномалар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

6) бошқа мол-мулкка нисбатан, (бундан якка тадбиркор ёки унинг оила аъзолари кундалик шахсий фойдаланишга мўлжалланган, қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган бошқа мол-мулклар мустасно).

Кодекс қоидаларига кўра, солиқ қарзини солиқ тўловчининг мол-мулки ҳисобидан ундиришнинг юқорида белгиланган кетма-кетлиги бузилишига йўл қўйилмайди ва мол-мулки ҳисобидан солиқ қарздорлигини ундириш суд тартибида амалга оширилади. Фақат солиқ тўловчи солиқ қарздорлигини тан олсагина, солиқ органининг қарорига биноан, солиқ қарзи бўйича мажбуриятга эга шахснинг мулки ҳисобидан солиқ қарздорлиги ундирилиши мумкин.

Бунда солиқ органи мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида қарор чиқарилган кундан эътиборан уч иш куни ичида тегишли қарорни (қоғозда ёки электрон шаклда) белгиланган тартибда ижро этиш учун мажбурий ижро этувчи давлат органига юбориши;

Давлат ижрочиси солиқ қарзи бўйича мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисидаги қарор келиб тушган кундан эътиборан икки ойлик муддатда ижро ҳаракатларини амалга ошириши ва қарорда мавжуд бўлган талабларни бажариши лозим.

Шунингдек, кодекснинг 124-моддасида солиқ қарзини солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш тартиблари ҳам белгиланиб, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига доир солиқ қарзини шу консолидациялашган гуруҳ иштирокчиларининг бошқа мол-мулки ҳисобидан ундиришда солиқ тўловчининг юридик шахслар солиқ қарзини ундириш қоидаларида назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Ўз навбатида солиқ қарзини солиқ тўловчининг мол-мулки ҳисобидан ундириш қоидалари солиқ қарзларини божхона органлари томонидан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларни ҳисобга олган ҳолда ундириш чоғида ҳам қўлланилади.

Бундан ташқари, кодекснинг 125-моддасида якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахснинг солиқ қарзини ундириш тартиблари ҳам белгиланиб, якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахс солиқ тўлаш бўйича мажбуриятларини белгиланган муддатда бажармаган бўлса, солиқ органи солиқ қарзини ушбу жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши лозим бўлади.

Бунда, агар жисмоний шахс солиқ қарзининг умумий суммаси бир миллион сўмдан ошса, ундириш тўғрисидаги ариза солиқ органи томонидан судга берилади ва аризага солиқ органининг талабномани таъминлаш тартибида жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги илтимосномаси илова қилинади.

Ундириш тўғрисидаги аризанинг нусхаси у судга берилган кундан кечиктирмай солиқ органи томонидан солиқ қарзи ундирилаётган жисмоний шахсга ҳам юборилиши шарт.

Қонуний кучга кирган суд қарори асосида солиқ қарзини жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қуйидагиларга нисбатан кетма-кетлик билан амалга оширилади ва ушбу кетма-кетликни бузишга йўл қўйилмайди:

1) банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига;

2) нақд пул маблағларига;

3) бошқа шахсларга шартнома бўйича эгалик қилишга, фойдаланишга, тасарруф этишга берилган мол-мулкка, (агар ушбу мол-мулкка доир мулк ҳуқуқи уларга ўтмаган ҳолда, агар солиқ мажбурияти ижросини таъминлаш учун бундай шартномалар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса);

4) бошқа мол-мулкка, (бундан жисмоний шахс ва унинг оила аъзоларининг кундалик шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган мол-мулк мустасно).

Солиқ қарзи жисмоний шахснинг пул маблағлари кўринишида бўлмаган мол-мулки ҳисобидан ундирилган тақдирда, солиқ қарзи бундай мол-мулк реализация қилинган ва ундан келиб тушган суммалар ҳисобидан тўланган пайтдан эътиборан тўланган деб ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, қонунчиликда солиқ қарзини ундириш ҳисобига мол-мулк хатланганда, мол-мулк хатлаб қўйилган кундан эътиборан тушган суммалар бюджетга ўтказилган кунга қадар солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пенялар ҳисобланмаслиги белгиланган.

(Давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.