ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ – МАЗМУН ВА МОҲИЯТ: Солиқ қарзини ундириш тартиб-таомиллари (2 қисм)

Солиқ кодекси нормаларини қайта ишлаб чиқишда халқаро нормалардан келиб чиқиб, “Битимларнинг иқтисодий мазмуни ва уларни юридик жиҳатдан расмийлаштириш” деган модда билан тўлдирилди (14-­модда).

Мазкур моддада солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши;

● агар битимнинг ёки иқтисодий муносабатларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши уларнинг ҳақиқатдаги иқтисодий мазмунига мувофиқ бўлмаса, солиқ органларига солиқ солиш мақсадида битимнинг юридик тавсифланишини, солиқ тўловчининг мақоми ва унинг иқтисодий фаолияти хусусиятини ўзгартириш ҳуқуқи берилди.

Бунда қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) битимлар солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмаслиги, агар бундай битимлар бошқа битимларни ниқобласа, солиқ органлари солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимнинг иқтисодий мазмуни ва натижалари ҳисобга олиши:

► агар солиқ тўловчининг ягона ёки устувор мақсади, солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетмакетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари солиққа тортиш мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этишлари;

► ўз навбатида, солиқларнинг суммаларини камайтиришга оид схема ҳам ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилиб, ҳуқуқ суиистеъмол қилинган ҳолларда, солиқ органлари солиқ тўловчи тўлаши лозим бўлган солиқларнинг суммаларини аниқлашда ҳуқуқни суиистеъмол қилиш аломатларига эга бўлган айрим операция ёки операциялар кетма­кетлигини эътиборга олмасдан тўланиши лозим бўлган солиқларни “суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда” ўзгартиришга, яъни аниқ ҳолатдан келиб чиқиб, солиқларни қайта ҳисоб­китоб қилишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Мазкур ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлиги) ҳолатини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса солиқ органининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши қонунда қайд этилган.

Кодекснинг 121-моддасида солиқ қарзини банк ҳисобварағидаги пул маблағларидан ундириш қоидалари белгиланиб, унда солиқ қарзи белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, солиқ қарзини ундириш юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан — ундирувни банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига қаратиш йўли билан мажбурий тартибда амалга оширилиши қайд қилинган.

Солиқ қарзини мажбурий тартибда ундириш, тўланмаган солиқ қарзига эга бўлган солиқ тўловчидан ёки солиқ агентидан, айрим ҳолларда эса бошқа шахслардан солиқ органи томонидан уларнинг ҳисобварағи очилган банкка ушбу шахснинг ҳисобварақларидан зарур пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджетга ўтказиш учун инкассо топшириқномасини электрон шаклда юбориш йўли билан амалга оширилади.

Бунда, агар солиқ тўловчи солиқни тўлаш учун тўлов топшириқномасини мустақил равишда юбормаган бўлса, солиқ органининг инкассо топшириқномаси солиқ тўловчининг ҳисобварағига солиқни тўлаш учун белгиланган муддат тугагач, уч иш кунидан кечиктирмай қўйилади.

Қайд этиш лозимки, агар ҳисобланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг ҳисобварақларидан солиқ идоралари томонидан инкассо топшириқномаси орқали ундирилган бўлса, солиқ тўловчи қарздорлик суммасини пеняси билан бирга тўлаб беришдан ташқари хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Солиқ тўловчи томонидан бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик, – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Кодексда солиқ органининг мажбуриятга эга шахснинг ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджет тизимига ўтказишга доир инкассо топшириқномаси банк томонидан фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тўловлар навбатини ҳисобга олган ҳолда банк томонидан сўзсиз бажарилиши таъкидланган.

Фуқаролик кодексининг 784-моддаси бўйича, агар мижознинг ҳисобварағига қўйилган ҳамма талабларни қаноатлантириш учун етарли миқдорда пул маблағлари бўлса, бу маблағларни ҳисобварақдан ўчириш мижознинг фармойишлари ва ўчириш учун бошқа ҳужжатлар тушган тартибда (календарь навбат), агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, амалга оширилади.

Агар ҳисобварақдаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, пул маблағлари қуйидаги навбатда ўчирилиши белгиланган:

► биринчи навбатда, мутаносиб равишда бюджетга, бюджетдан ташқари фондларга тўловларни ҳамда иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов (ижрочи) ҳужжатлари бўйича, алиментларни ундиришга доир талабларни қондириш учун ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш ёки пулни беришни назарда тутувчи ижрочи ҳужжатлар бўйича, муаллифлик шартномаларига биноан мукофотларни тўлаш бўйича, шунингдек ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича, бюджетга тўловлар бўйича ҳамда меҳнатга оид ва унга тенглаштирилган ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган тўловлар бўйича хўжалик субъектларининг мажбуриятлари тенг даражада бажарилишини таъминловчи ижрочи ҳужжатлар бўйича пул ўчирилади;

► иккинчи навбатда, бошқа пул талабларини қондиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича пул ўчирилади;

► учинчи навбатда, бошқа тўлов ҳужжатлари бўйича календарь навбат тартибида пул ўчирилади.

Шу билан бирга, солиқ органи қуйидаги ҳолларда инкассо топшириқномасини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

► солиқ қарзига нисбатан кечиктириш ёки бўлиб­бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилганда;

► солиқ қарзи узилганда, шу жумладан ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммалар ҳисобга олиниши муносабати билан солиқ қарзи узилганда;

► ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилганда;

► солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича солиқ ва пеня суммалари камайтирилганда.

Солиқ қарзини ундириш миллий валютадаги талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварақларидан, бундай ҳисобварақларда маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса — мажбуриятга эга шахснинг чет эл валютасидаги талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварақларидан амалга оширилиши мумкин. Мажбуриятга эга шахснинг валюта ҳисобварақларидан солиқ қарзини ундириш Марказий банкининг валюта сотиладиган санада белгиланган курси бўйича миллий валютада ундириладиган суммага эквивалент суммада амалга оширилади.

Валюта ҳисобварақларида турган маблағларни ундириш чоғида солиқ органи раҳбарияти инкассо топшириқномаси билан бир вақтнинг ўзида банкка мажбуриятга эга шахснинг валютасини сотиш учун топшириқнома ҳам юборади. Мазкур топшириқнома банк томонидан у олинган кундан кейинги операция кунидан кечиктирмай бажарилади. Чет эл валютасини сотиш билан боғлиқ харажатлар шу мажбуриятга эга шахснинг ҳисобидан амалга оширилади.

(давоми бор).

Содиқ БОЙМУРОДОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.